Жаҳон | 21:46 / 08.02.2021
15795
4 дақиқада ўқилади

Мянмадаги ҳарбий исён: умуммиллий иш ташлашлар ва сув сепиб ҳайдалган намойишчилар

Душанба куни Мянмада ўн минглаб давлат хизматчилари ишга чиқмади, улар мамлакатнинг кўплаб шаҳарларидаги кўчаларни тўлдириб, «Демократия учун миллий лига» партияси етакчиси Аунг Сан Суу Кини озод қилишни ва демократик бошқарувни тиклашни талаб қилишди. Мянма пойтахти Нейпидо шаҳри кўчаларида олинган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда кўриш мумкинки, ҳукумат кучлари намойиш иштирокчиларинитарқатиш учун водомётлар қўллаган.

Aung Kyaw Htet / SOPA Images / LightRocket / Getty Images

Ўтган ҳафтанинг душанбасида маҳаллий ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олган, улар ўтган йил ноябрида ўтказилган ва «Демократия учун миллий лига» 83 фоиз овоз олиб ғолиб чиққан парламент сайловлари натижалари сохталаштирилганини даъво қилишган, аммо бунга далил келтирилмаган. 

Улар янги сайланган парламент илк йиғилишини ўтказишига йўл қўймасдан, мамлакатда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиб, президент Вин Мьинни, амалда давлатни бошқариб келган Аунг Сан Суу Кини ва юзлаб сиёсатчилар, депутатлар ҳамда партия фаолларини ҳибсга олишганди.

Қаторасига учинчи кун минглаб кишилар кўчаларга чиқиб, демократик бошқарув қайтишини талаб қилишмоқда.

Якшанба куни Мянмада (мамлакат 1989 йилгача Бирма деб аталган) 2007 йилдан кейинги энг йирик намойишлар бўлиб ўтди, 14 йил муқаддам будда монахлари ўша вақтдаги ҳарбий режимга қарши чиқишганди.

Умуммиллий забастовка

Getty Images

BBC Бирма хизмати хабарига кўра, душанба куни ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, ҳуқуқшунослар, банк клерклари ва бошқа давлат хизматчиларидан иборат бўлган ўн мингдан ортиқ киши ишга бормаган ҳамда Нейпидо, Янгон ва Мандалай каби йирик шаҳарларда намойишлар уюштиришган.

Мингга яқин ўқитувчи Янгондаги кварталлар ҳудудидан шаҳар марказидаги машҳур Пагода Суле обидалари томон марш қилиб боришган.

Душанба тонгида Нейпидода полиция иккита водомёт орқали намойишчиларни тарқатиб юборишга уринган, хабарларга кўра бир неча киши жароҳат олган.

Фейсбукда тарқалган видеода жиққа ҳўл бўлган намойишчилар бир-бирининг қўлини тутган ҳолда ҳаракатланишда давом этганини кўриш мумкин.

Видео муаллифи Киау Зейяр Оо BBC билан суҳбатда полиция маҳкамаси олдида тинч намойиш ўтказаётган одамларга огоҳлантирилмасдан водомёт қўлланган.

У кун ярмига бориб вазият сокинлашгани, норозилик намойиши давом этгани, махсус техникалар эса ҳаракатсиз турганини қайд этиб ўтган.

Куннинг иккинчи ярмида зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар келиб тушмаган.

Интернетда норозилик ифодаси сифатида иш ташлашга чақириқлар пайдо бўлган.

«Бугун иш куни, аммо биз ишга чиқмаймиз, маошимизни қирқишса ҳам», деган кийим фабрикаси ишчиси бўлган 28 ёшли Хнин Тазин «Франс пресс» агентлиги мухбирига.

BBC’нинг Жанубий-Шарқий Осиё бўйича корреспонденти Жонатан Ҳэд шанба ва якшанба кунги намойишлар қаршилик ҳаракатини янги даражага олиб чиққанини, шу билан бирга яққол етакчилар кўзга ташланмаганини қайд этиб ўтган.

Ҳарбий амалдорлар ҳозирча бўлаётган воқеаларга муносабат билдиришмади, полиция ҳам кундан кунга сони ортиб бораётган намойишчиларга қарши қандай усулда жавоб қайтаришни билмаяпти.

Аввалроқ Мянма армияси ноябрдаги сайловлар натижаларини қайта ҳисоблаб чиқишни талаб қилган мухолиф партияларни қўллаб чиққан, аммо марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини ҳисоблашда қоидабузарликларга йўл қўйилмаганини маълум қилганди.

Ўзини давлатнинг янги раҳбари сифатида эълон қилган қуролли кучлар бош қўмондони Мин Аун Ҳлаинг 24 вазир ва уларнинг ўринбосарларини алмаштирди, хусусан, молия вазири, соғлиқни сақлаш вазири, ташқи ишлар вазири ва ички ишлар вазири ҳам ўзгарган.

Ҳарбийлар мамлакатда машҳур бўлган ижтимоий тармоқлар - «Фейсбук», «Твиттер» ва «Инстаграм»ни блоклашга уринмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид