Ўзбекистон | 12:52 / 08.02.2021
10708
2 дақиқада ўқилади

Сўх туманида аэродром қурилиши бошланди 

Фарғона вилоятининг Сўх туманида аэродром қурилиши бошланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур аэродром қурилиши учун туманнинг «Новобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан жами 4,5 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, учиш ва қўниш майдончасининг узунлиги 650 метр ва эни 100 метрни ташкил этади. Лойиҳа қиймати - 12 млрд сўм. Қурилиш ишларини май ойига қадар якунига етказиш режалаштирилган.

Президентнинг «Сўх туманини 2020–2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Сўх туманида аэродром қуриш вазифаси топширилган.

Ўтган йилнинг 3 июнь куни Сўх тумани ҳокимлигида бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туманни ривожлантириш бўйича қилинадиган ишлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда эксклав ҳудудни вилоят маркази – Фарғона шаҳри билан ҳаво йўллари орқали боғлаш имкониятлари кўриб чиқилган. Тумандаги эски аэродромни қайта таъмирлаб, вилоят марказига ҳаво йўллари орқали бориб келишни йўлга қўйиш масаласи ўрганилаётгани айтилганди.

Мавзуга оид