Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда маҳаллалар ичидаги йўлаклар автомобил қўйишга мослаштирилади — ҳокимлик
Аҳоли ўз автомобилларини қўйиши қулайлашиши учун кўп қаватли уйлар олдидаги йўлаклар кенгайтирилади.
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов пойтахтда автотураргоҳлар масаласини ҳал қилиш учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Автотураргоҳлар – барча пойтахт ва йирик шаҳарларнинг муаммоси. 2021 йилда Тошкент шаҳрида мавжуд 500та маҳалланинг барчасида кенг миқёсда ободонлаштириш ҳаракатлари олиб борилади. Бу борада биринчи навбатда кўриладиган масала – автотураргоҳлардир.
Маҳаллаларда кўп қаватли уйга кириш қисми ва ирригацион лоток орасида йўлаклар бор. Бу йўлакка аҳоли автомобилларини бўйига ҳам, энига ҳам қўяди. Бу эса шошилинч тиббий ёрдам, ўт ўчириш каби машиналарнинг киришига имкон қолдирмайди.
Шунинг учун труба олиниб, сув оқиши учун жой қолдирилади. Автомобиллар учун тиркагич (колесоотбойник)лар қўйилади. Бу билан 3–3,5 метрли йўлакларни фавқулодда хизмат машиналари учун бўшатиш имкони пайдо бўлади», – деди Раҳмонов «Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш: 2021 йил режалари» мавзусидаги матбуот анжуманида.
Бахтиёр Раҳмоновга кўра, маҳаллалар ичида автотураргоҳлар қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
«Маҳаллалар ичида автотураргоҳлар қилиняпти. Аксарият аҳоли уларни ўз кучи билан қиляпти. Бунга имконияти бўлмаганлар, пенсионерлар истиқомат қиладиган ҳудудларда эса автотураргоҳлар туман гараж хўжалиги томонидан ташкил этилади», – деди пойтахт ҳокимининг 1-ўринбосари.