Иқтисодиёт | 17:44 / 09.02.2021
14737
2 дақиқада ўқилади

Молия вазири ўринбосарларидан бири вазифасидан озод этилди

Молия вазири ўринбосари Ғолиб Холжигитов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимини тарк этди. Вазирлик матбуот хизмати бу маълумотни Kun.uz’га тасдиқлади.

Ғолиб Холжигитов 1979 йилда туғилган, маълумоти олий, молиячи, иқтисодчи. 2001 йилда Шимолий Аризона Университети (АҚШ), 2004 йилда Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университети ва 2012 йилда Ҳарвард Университетларини (АҚШ) тамомлаган.

Молия вазирлигида иш фаолиятини 2001 йилда бошлаган. 2004-2011 йилларда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш эксперт гуруҳи раҳбари, Марказ директори вазифасини бажарувчи ва Марказ директори бўлган. 2016-2018 йилларда «UBS Global Wealth Management» корпорациясининг хусусий капитал ва молиявий технологияларни бошқариш масаласида автоматлаштириш ва роботлаштириш хизматларни жорий этиш бўйича лойиҳалар менежери (АҚШ) сифатида ишлаган.

2018 йилдан Ғолиб Холжигитов «Bank of America Merril Lynch» корпорациясининг молиявий технологиялар масалалари бўйича лойиҳалар менежери (АҚШ) лавозимида ишлаган.

Холжигитов 2019 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори — молия вазирининг ўринбосари этиб тайинланган эди.

У эндиликда фаолиятини қайси лавозимда давом эттириши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Мавзуга оид