Жамият | 18:20 / 09.02.2021
60783
5 дақиқада ўқилади

Қабул–2021: Абитуриентларни қандай янгиликлар кутяпти?

2021 йилда Ўзбекистондаги ОТМлар бакалавриатига 1,6 миллион абитуриент ҳужжат топшириши тахмин қилинмоқда. ДТМ бошқарма бошлиғи абитуриентларни қизиқтираётган саволларга жавоб берди.

Давлат тест маркази Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мирзаев Xpress.uz'га берган интервюсида ОТМлар бакалавриатига кириш имтиҳонлари юзасидан қатор саволларга жавоб берди.

Бу йил 5та фандан имтиҳон олиш режалаштирилмоқда

Бу йил кириш имтиҳонлари 5та фандан ўтказилади. Президент қарорида кириш имтиҳонлари 2та мутахассислик ва 3та мажбурий фанлардан ўтказилиши белгиланган. Мажбурий фанларга она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи киради.

Ўтган йили пандемия шароити ҳисобга олиниб, истисно тариқасида имтиҳонлар 2та фанга қисқартирилган эди.

Танлов имкони чекланмаслиги мумкин

ДТМ юқори ташкилотларга кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг исталганча таълим йўналишларини танлаш имконини бериш тўғрисида таклиф киритган. Агар таклиф қабул қилинса, абитуриентлар олдинги йилгидек 5та йўналишни эмас, ўз фанларига мос 20 ёки 25та йўналишни танлаши мумкин бўлади.

Ҳозир йўналишлар чеклангани учун юқори балл тўплайдиган абитуриентларнинг имконияти баъзида чекланиши мумкин. Танлов чекланмайдиган бўлса, билимли ёшларнинг талаба бўлиш имкони яна ошади.

Бу йил саволлар ўтган йилгидек осон бўлмайди

Кириш имтиҳонларида мантиқий саволлар сони кўпайтирилади. Ҳозиргача шу турдаги саволлар тузилиб, уларнинг апробацияси ҳам ўтказилмоқда. Бундай саволлар математика, тарих, биология, кимё каби фанларда кўп бўлади.

Ўтган йили пандемия шароити бўлгани учун абитуриентларнинг имкониятлари ҳисобга олиниб, тўртинчи қийинлик даражасидаги саволлар олиб ташланган эди. Бу йил ундай бўлмайди. Тўртинчи қийинлик даражаси ўрнига мантиқий саволлар тузилади.

Қийинлик даражаси юқори бўлган саволлар мутахассислик фанларига тегишли; мажбурий фанлардаги саволлар даражаси осон бўлади.

Турли фанлардан олинган сертификатлар абитуриентга максимал балл берилмайди

Айни пайтда она тили, математика, кимё ва биология фанлари бўйича миллий сертификат олиш учун рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланган. Олдиндан имтиҳон топшириб, сертификат олган абитуриентларга улар тўплаган фоиздан келиб чиқиб, кириш имтиҳонида балл берилади.

Абитуриентда 2та танлов бўлади: хоҳласа, сертификат олишда йиғган балл фоизига қараб тегишли баллга эга бўлиши ёки сертификати бўлса ҳам, ўз хоҳишига кўра имтиҳонда тест ишлаб балл тўплаши мумкин.

Демак, бу йилги кириш имтиҳонларигача 5та фандан: математика, она тили, кимё, биология ва инглиз тилидан сертификат олиб, олдиндан баллга эга бўлиш мумкин.

Бу йилги максимал балл қанча?

Мажбурий фанлар блокида жами 45та савол бўлади ва ҳар бир тўғри жавобга 2,1 балл берилади. Мутахассислик фанлари блокида эса 2та фан бўлади ва битта савол 3,1 балл билан баҳоланади.

Абитуриент максимал 280,5 балл тўплаши мумкин.

200 нафар абитуриентга президент гранти берилади. У қандай тартибда ажратилади?

Бу йил кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 кишига президент гранти берилиши эълон қилинди. Лекин максимал балл тўплайдиган абитуриентлар сони 200 кишидан ошиб кетишини тахмин қилиш мумкин.

Масалан, ўтган йили пандемия туфайли саволлар осонлаштирилиши ҳисобига максимал балл тўплаган абитуриентлар сони мингга яқин бўлган. Ундан олдинги йилларда эса максимал балл тўплаганлар сони 200дан ошган вақтлар ҳам, 200га етмаган вақтлар ҳам бўлган.

200 кишига президент гранти ажратиш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Ишчи гуруҳ максимал балл тўплаган абитуриентлар сони 200 кишидан ошиб кетса, грант эгалари қандай саралаб олиниши бўйича тартибни ишлаб чиқади.

Кириш имтиҳонлари бу йил ҳам очиқ ҳавода ўтказилиши мумкин

ДТМ имтиҳонларни очиқ ҳавода ўтказиш вариантини ҳам, ёпиқ биноларда ўтказиш вариантини ҳам кўриб чиқмоқда. Имтиҳон вақти мавжуд эпидемиологик вазият ҳисобга олинади ва агар вазият тақазо қилса, имтиҳонлар очиқ ҳавода ўтказилиши ҳам мумкин.

Имтиёзлар билан муаммо бўлмаслиги устида ишланяпти

Ҳозирги прогнозга кўра, 1 миллион 615 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топшириши прогноз қилинмоқда.

Бу йил кириш имтиҳонларини ташкил қилишда имтиёзлар билан муаммо бўлмаслиги учун ҳаракат қилинмоқда. Ҳозирданоқ барча тегишли ташкилотларга хатлар юборилган. Ҳужжат топшириш жараёнида кимда имтиёз бўлса, унинг шахсий кабинетида кўриниб туради.

Мавзуга оид