Жамият | 19:25 / 09.02.2021
14774
7 дақиқада ўқилади

Шаҳрихонда юзлаб ўқувчилар салкам авария ҳолатидаги мактабда ўқияпти. Маҳалла номи – Дориломон

Дориломон маҳалласи Андижон вилояти Шаҳрихон тумани марказидан 11 км масофада жойлашган. Маҳаллада уч минг киши яшайди. Бу ердаги мактабнинг аянчли аҳволи кишини ўйга толдирмай қолмайди.

Маҳалла аҳли мурожаати ортидан, Дориломондаги 56-мактабга бордик. Мактабнинг 2 қаватли биноси 1976 йилда қурилган.

Бинода 8 та синф хонаси бор. Дарслар икки сменада олиб борилади. 24 та синфдан 8 таси мослаштирилган қўшимча биноларда ўқияпти.

Авария ҳолатидаги қўшимча биноларнинг қоронғу ва зах хоналарида ўтган асрдан мерос доска-ю парталарда келажак авлод билим оляпти.

Ўқувчилар кутубхона, спорт зали, тўгараклар, ошхона сингари энг элементар қулайликларни фақат орзу қилиши мумкин.

«Мактабимиз 1976 йил қурилган. 8 та хонаси бор холос. Фарзандларимиз икки сменада ўқийди. Мана бу қўшимча бино ҳашар йўли билан қурилган. Парталари собиқ иттифоқ давридан қолиб кетган, хоналар қоронғу, қийин-да...

Бу томондаги қўшимча бинолар нураб, авария ҳолатида турибди. Фарзандларимиз, айниқса бошланғич синфларда ўқийдиган болалар жуда қийналмоқда. Вилоят ҳокимлигига, бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик, лекин натижа йўқ», – дейди Алижон ота Назаров.

240 ўринга мўлжалланган мактаб охирги марта 2007 йилда капитал таъмирланиб, қўшимча бинолар билан ҳисоблаганда 320 ўринли ҳолатга келтирилган. Лекин ҳозир мактабда 550 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 37 нафар ўқитувчи дарс беради. Ўқитувчиларнинг 32 нафари олий тоифали.

Мактаб директори Носиржон Маъруфов ҳамроҳлигида бинолар ҳолати билан танишдик. Даставвал 1-синф ўқувчилари билим олаётган хонага кирдик. Киришга кирдиг-у, ҳайратдан ёқа ушладик: синф хонаси жуда тор, қоронғу, деворга 50-йилларда ишлаб чиқарилган доска илиб қўйилган.

Ҳа, тўғри ўқидингиз, доска чиндан ҳам ХХ асрнинг ўрталаридан қолган «мерос» экан. ХХI аср болалари ана шу «мерос»дан фойдаланиб, дарс олмоқда. Доскадаги ёзувларни ажратиб олиш қийин бўлгани учун парталар унга яқинроқ сурилган.

Бу синф хонасида дарс ўтадиган ўқитувчиларнинг дарди ичида. Ахир уларда танлаш имкониятининг ўзи йўқ.

«Мактабимизда шароит ёмон бўлишига қарамай, ўзимизга яраша ютуқларимиз ҳам бор. Айниқса, 11-синф битирувчиларининг олий таълимга кириши ёки бандлигини таъминлаш бўйича ўтган йилги ҳисоб-китобимизга кўра 40 нафар битирувчидан 7 нафари Ўзбекистондаги ОТМларга (3 нафари грант асосида), 6 нафари Қирғизистондаги ОТМларга ўқишга кирган. 25–30 фоиз битирувчиларимиз ОТМларда ўқияпти.

Вилоят ҳокимининг ёрдами билан ўтган йили иситиш тизими янгиланди. Халқ таълими бўлими томонидан 24 комплект парта-стуллар берилди, лекин булар етарли бўлмаяпти. Болалар сони йилдан йилга ошиб кетяпти-да.

56-мактаб директори Носиржон Маъруфов

Мактабда 2016 йил «Болалар спорти жамғармаси» маблағлари асосида спорт зали қуриш бошланган эди, лекин жамғарма ёпилиб кетгани учун қурилиш ишлари тўхтаб қолган. Ҳозирда спорт зали йўқ, фақат спорт майдони бор.

Ўқувчиларнинг овқатланиши учун ошхона йўқ. Кутубхона учун жой йўқлиги сабаб маҳалламизда тарихий обида сифатида рўйхатга олинган бинодан кутубхона ўрнида фойдаланишга мажбурмиз. Мактаб ҳожатхонасини яхшилаш учун ёзда навбатдаги марта ҳаракат қилдик, туман раҳбарларига ҳам билдиргилар билан чиқдик. Ҳозирги ҳолати қониқарли, лекин талаб даражасида эмас, янги ҳожатхона қуриш керак.

Болалар авария ҳолатидаги синфларда ўқиётганидан доим хавотир оламан, бу бўйича ўзимиз имконият даражасида таъмирлашга, уларга шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз, лекин имкониятимиз нимага ҳам етарди», – дейди мактаб директори Носиржон Маъруфов.

8-синф ўқувчиларига дарс ўтилаётган хонанинг ҳолати ҳам ҳаминқадар. Хона иссиқ кунларда диққинафас, қиш кунларида нимқоронғу бўлиб кетади. Катта ёшдаги ўғил-қизлар таҳсил олаётган хонага бошланғич синфлар учун мўлжалланган парталар қўйилгани янада ажабланарли.

«Парталарга сиғмай қоляпмиз», – деган ўқувчилардан бири барча синфдошларининг арзи-додини ифодалагандек бўлди.

Мактаб ўқувчиларига дарс ўтиладиган иккинчи қўшимча бино уч хонадан иборат экан. Биттасида дарс ўтилади, иккинчисидан буфет сифатида фойдаланилади. Буфет қулфлаб қўйилгани боис ичидаги ҳолатни кўздан кечиришнинг имкони бўлмади.

Учинчи хона қишлоқ мактаблари учун таниш бўлган ўтинхона. Шаҳарда ўқиган бўлсангиз, ҳайрон қолгандирсиз. Ҳа, ХХI асрда ўзбек мактаблари ўтинда иситилади. Қишлоқларда бу янгилик бўлмай қолган.

Очиғини айтганда, ҳозирги ҳолатида бу бинодан фойдаланиб, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ҳаётини хавф остида қолдиргандан кўра, уни бузиб ташлаган маъқул. Чунки бу бинода дарс ўтиш у ёқда турсин, шунчаки кириб чиқишга ҳам одам қўрқади.

Навбатдаги дарсхонада яна ўша ҳолат: хона тор, доска эскириб кетган, ёрилган жойлари кўриниб туради, хонадаги печка ортида битта парта доскага ёнлама қилиб қўйилган: бу партада сабоқ олиш учун ўқувчи бутун дарс давомида бошини ён томонга буриб ўтиришга мажбур. Доскадаги ёзувлар унга кўринмайди ҳам.

«Мен бу мактабда ўқиб, спорт зали нималагини билмадим, қоронғу мактаб хоналарида ўқидим. Бу бино аслида омбор учун қурилган. Шу бинода ўқиб мактабни битирдик. Алам қилгани, энди болам ҳам ўша шароитда ўқияпти: на кутубхона бор ва на ошхона...

Шундай бўлса-да, ўқитувчиларимиз жуда яхши билим беради, уларга алоҳида раҳматимиз бор. Мактабда давомат ҳам яхши. Катталардан сўраймиз, шароит қилиб беришсин», – дейди ота-оналардан бири Ойбек Расулов.

Келганимизни эшитиб, бир гуруҳ онахонлар ҳам ўз дардларини айтиб қолишди. Уларнинг ҳам арзлари фарзандлари, набиралари таълим олаётган даргоҳнинг рисоладагидек бўлиши ҳақида эди.

Бугун «учинчи ренессанс» даъвосидаги мамлакатнинг минглаб болалари ташландиқ мактабларда ўқимоқда. Биз Дориломондаги ҳолат юзасидан Андижон вилояти расмийларидан изоҳ ва муносабат эмас, аниқ амалий ҳаракатларни кутиб қоламиз.

Афтидан, қурилишга масъул идоралар бинонинг хавфсизлигини текширувдан ўтказиши лозим.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси Жаҳонгир Маҳмудов.

Мавзуга оид