Тошкентнинг Самарқанд дарвоза маҳалласидаги 5та уйда ёнғин рўй берди. Репортаж
8 февраль куни Шайхонтоҳур туманининг Самарқанд дарвоза маҳалласида рўй берган ёнғин оқибатида бир хонадон буткул ёниб кетди, яна 4та уй оловдан зарар кўрди. Kun.uz мухбири воқеа жойидан хабар беради.
Ёнғин душанба куни тахминан соат 12:30–13:00ларда, Самарқанд дарвоза маҳалласининг Дучор кўчасидаги 14-А уйда бошланган. Хонадон эгалари ишда бўлгани сабабли хабарсиз қолишган ва уй бутунлай ёниб кетган.
Расмий ахборотга кўра, воқеа жойига шаҳар ФВБнинг 3та экипажи соат 13:16да етиб борган; ёнғин соат 13:30да қуршаб олиниб, соат 14:18да тўлиқ ўчирилган.
14-А уйда бошланган кучли олов қўшни хонадонларга ўтган. Ёнғин чиққан уй буткул ёниб кетган бўлса, унга туташ 2 та хонадонга жиддий, яна 2 та уйга эса қисман талафот етган.
«Ёнғин чиққан пайтда ишда эдим. Ўт ўчирувчилар кўпчилик эди, лекин ёнғин кучли бўлгани учун ҳеч нарсамизни асраб қолиш имкони бўлмади», – дейди энг кўп жабр кўрган қўшнилардан бири Камола Назарова.
Ёнғин чиққан уй эгаси Дилдора Умбеталиеванинг айтишича, ёнғинга эскириб қолган электр симлари сабаб бўлгани тахмин қилиняпти.
«Асосийси фарзандларим, турмуш ўртоғим – ҳаммамиз соғ-омонмиз. Шунга шукр. Яқинларимиз кўмакка келишди. Ёрдам бераётганларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ҳеч кимнинг бошига тушмасин», – деди у.
Юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли бу оила бугун деярли ҳеч нарсасиз қолган. Барча жиҳозлар-у, кийим-кечакларгача буткул ёниб кулга айланган.
Жиддий зарар кўрган хонадон эгаларидан бири Марҳабо Муродхўжаева аввалига тутун чиқа бошлаганини таъкидлади.
«Нима бўлаётганини билиш учун ҳовлига чиқсам, бирдан портлаганга ўхшаш овоз чиқди. Қўрқиб кўчага чиқиб кетдим. Болаларим боғча-мактабда эди. Кейин нима бўлганини билмайман, мазам қочиб қолди. Уйимизнинг томи қисми, шифтлари ва ичкари қисмлари ёниб кетган. Жиҳозлар ҳам ёнган, айримларини қўшнилар олиб чиқишган», – дейди хонадон бекаси.
Гувоҳларнинг айтишларича, қўшнилар қўлларидан келганча жиҳозларнинг олиб чиқишга ҳаракат қилишган. Ўт ўчириш машиналари кўчалар тор бўлгани сабабли киришга қийналган.
Ўт балосидан жабр кўрган юртдошларимизга ёрдам бериш ниятида бўлган қўли очиқ инсонлар қуйидаги карталарга маблағ ўтказишлари мумкин:
- Дилдора Умбеталиева: 8600 3329 3258 5445 (ўз номида)
- Камола Назарова: 8600 1402 1032 7772 (ўз номида)
- Марҳабо Муродхўжаева: 8600 0610 9707 6094 (Муротхўжаева Муборак номида)
Мавзуга оид
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024
Тошкент аэропортида эшитиш қобилияти чекланган шахслар иш бошлади
08:55 / 23.11.2024