Ўзбекистон | 12:58 / 09.02.2021
20971
5 дақиқада ўқилади

Юнусобод фожиаси қурбонларининг товон пуллари бўйича изоҳ берилди. Асосий саволлар жавобсиз қолмоқда

Юнусобод метроси қурилишида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига товон пуллари тўлиқ берилмагани ҳақидаги мақоладан сўнг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «SBK Universal Construction Group» МЧЖ вакиллари биргаликда Kun.uz таҳририятига ташриф буюришди ва вазият бўйича изоҳларини билдиришди.

«SBK Universal Construction Group» МЧЖ ўз изоҳида бир марталик товон пули тўлиқ тўлангани ва боқувчисини йўқотганларга тайинланган ҳар ойлик нафақа пуллари нафақа олувчилар билан келишилган вақтда тўлаб борилаётганини маълум қилди.

Фирманинг ишончли вакили дастлаб марҳумларнинг оила аъзоларига тўлаб берилган 100 миллион сўм, кейинчалик Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида тузилган комиссия қарори билан белгиланадиган компенсациянинг бир қисми сифатида берилгани ва фирма шу билан ўзининг қонунда белгиланган бир марталик тўлов бўйича мажбуриятларини бажарганини айтмоқда. Унинг қўшимча қилишича, боқувчисини йўқотганларга тўланаётган ҳар ойлик нафақа тўловлари ҳам уларнинг розилиги билан 3-4 ой учун битта қилиб, яъни кўпроқ миқдорда пластик карталарга ташлаб берилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Kun.uz’да нашр қилинган мақолада ҳам бу ҳолатлар рад этилмаган. Фактлар марҳумларнинг яқинлари ва қонуний кучга кирган суд қарори асосида келтирилган.

Компания вакилининг маълум қилишича, ҳозирда суд қарори устидан шикоят қилиш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш бўйича ариза киритилган. Компания суднинг 100 миллион сўмлик компенсация тўлаш тўғрисида қароридан норози, шунингдек, белгиланган 300 миллион сўмлик маънавий зарар миқдорини ҳам камайтириш ниятида.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Абдувоҳид Шаропов баҳсли 100 миллион сўм аслида кимнинг ҳақи бўлиши кераклиги борасида аниқ (тугал) жавоб бермади. Вазирлик ходими суд қарори чиқиб бўлган масала юзасидан фикр билдира олмаслигини, бу борадаги якуний хулосани суд айтишини билдирди.

Ҳолатга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳам муносабат билдирди.

«Жамият томонидан метро қурилишидаги фожиа қурбонларидан бири, Бухоро минтақавий темир йўл узелининг Самарқанд масофаси ходими Каримов Зарифнинг оиласига махсус комиссия қарори билан 281 миллион 670 минг 972 сўм миқдорида бир марталик товон пули тўлови амалга оширилган. Шунингдек, темирйўлчининг кўп йиллик меҳнат фаолияти инобатга олиниб, оилага яна 100 миллион сўм маблағ қўшимча равишда тўлаб берилган», дейди «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати вакили.

Кўриб турганингиздек, метро қурилишида вафот этганлардан бири «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ходими бўлган ва унинг яқинларига воқеа юз берган вақтда алоҳида 100 млн тўланган, кейинроқ яна бир марталик товон пули сифатида 281 млн сўм алоҳида тўланган.

Лекин, «SBK Universal Construction Group» МЧЖ ўз ходими бўлган қолган 5 нафар марҳумнинг оила аъзоларига 261 миллион сўмдан тўлаганини ва дастлаб берилган 100 миллион сўм ҳам ушбу компенсация ҳисобидан ҳисобланиши кераклигини айтмоқда.

Ишга дахлдор тарафлардан яна бири – Тошкент шаҳар прокуратураси 2020 йил 18 март куни вафот этганларнинг оила аъзоларига етказилган зарар «тўлиқ қоплангани»ни асос қилиб, жиноят ишини тугатган эди. Ваҳоланки, «SBK Universal Construction Group» МЧЖ тақдим этган тўлов қоғозларида ҳам етказилган зарар март ойида эмас, балки тергов тугатилганидан 5 ой ўтиб қопланганини кўриш мумкин.

Прокуратура масаланинг айнан шу қисмига оид келтирилган фактлар юзасидан сукут сақлашни афзал кўрмоқда.

Шундай қилиб, мақолада кўтарилган асосий иккита масала ҳамон очиқ қолмоқда. Жумладан, марҳум Анвар Диёров ва Зариф Каримовнинг яқинлари олган 100 млн сўм бир марталик товон пули таркибига кирмаган. Аммо қолган марҳумлар масаласи, гарчи уларнинг яқинлари даъво қилмаётган бўлсаларда (чунки улар даъво қилишлари мумкинлигидан бехабар) ҳамон баҳслилигича қолмоқда.

Шунингдек, прокуратуранинг жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қопланмай туриб жиноят ишини тугатгани ҳам тергов холис ва шаффоф ўтганига шубҳа туғдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 декабр куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўли қурилишида авария рўй берган, 6 нафар ишчи тупроқ остида қолиб ҳалок бўлганди. Одамлар ўлимига олиб келган ҳодиса айбдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши, «жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ қоплангани»  инобатга олиниб, 2020 йил 18 март куни айблилик масаласи ҳал қилинмай тугатилган.

Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ўтказиб, жиноят иши тугатилган вақтда жабрланганларга етказилган зарар суммалари тўлиқ ҳажмда қоплаб берилмаган бўлганини аниқлаганди.

Мавзуга оид