Жамият | 13:17 / 10.02.2021
5981
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбек халқидан ёрдам сўрайман» – бир кўзидан айрилган ва жигаридаги оғир дард билан курашаётган Шуҳратбекка кўмак зарур

Шуҳратбек Аҳмаджонов икки йилдан бери сурункали жигар етишмовчилиги, жигар циррози касаллиги билан курашади. Айни пайтда беморнинг аҳволи оғир. Шифокорлар унга жигар кўчириб ўтказиш зарурлигини айтишган. Аммо операция учун етарли маблағ мавжуд эмас. Бемор саховатли инсонлардан моддий кўмак сўрайди.

Андижонлик Шуҳратбек иккинчи гуруҳ ногирони. Оилада ёлғиз ўғил. Икки нафар фарзанди бор. Бемор Kun.uz’га мурожаат қилиш орқали ўзбек халқидан моддий ёрдам сўрамоқчи эканини, соғайгач ватани учун хизмат қилишда бардавом бўлишини айтди. 

«Икки йилдан бери сурункали жигар циррози касаллигидан даволаниб келяпман. Шифокорлар операция қилиш ва жигар алмаштириш энг маъқул йўли, деб айтишди. Жарроҳлик амалиёти Ҳиндистонда бўлар экан. Бунга кўп маблағ зарур. Ўзимиз ҳам йиғдик. Лекин у етарли эмас. Ўзбек халқидан ёрдамларини аямасликларини илтимос қилиб сўрайман. Худо хоҳласа оёққа туриб соғайиб кетсам,  яхши кунларда халққа хизмат қиламан.

Шифокорлар 30 минг АҚШ доллари керак бўлади, дейишяпти. Ҳозир ўзимда 16 минг доллар бор. Операция учун яна 14 минг доллар етмаяпти. Бошқа умидим қолмади. Kun.uz’га келиб, мурожаат қилиб ўзбек халқидан ёрдам сўрашдан бошқа нажотим йўқ.

Душманга ҳам раво кўрмайдиган касаллик экан бу. Қорнимга сув тўпланиб жуда катталашиб кетади. Шу сабабли бир йилда камида уч марта даволанишга мажбур бўляпман. Ҳар даволанганимда 20 миллион сўм атрофида маблағ сарфланади. Циррознинг дорилари қиммат экан. Ҳозир жигар кўчириб ўтказиш керак.

Жигар циррозидан ташқари қонимда Гепатит «Б» ва «Д» вируслари ҳам бор. У нарса жигарни емириб бораверар экан. Дорилар жуда қиммат, лекин ноилож ичиб турибман.

Ёшлигимда йиқилиб тушиб ўнг кўзимдан бир умрга айрилганман. Бетонга орқа мия билан тушганман. Операция қилишган. Кўзнинг миядаги томирларига шикаст етган экан. Шундан бери иккинчи гуруҳ ногирониман. Худога шукр битта кўзим яхши кўради. Лекин ҳозир биринчи ўриндаги мақсадим – жигаримни даволатиш.

Ниятларим жуда кўп. Ёлғиз онам бор, даволаниб келиб онамни ҳажга олиб бормоқчиман. Бир ўғил, бир қизим бор. Уларни уйли-жойли қилиш. Ўқишларини, орзу-ҳавасини кўришни истайман», деди бемор биз билан суҳбатда.

 Шуҳратбек Аҳмаджоновга тегишли маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 9977 5839

Visa: 4187 8000 3052 3229

Humo: 9860 1901 0154 1661

Tel: +998999000188

 Исломбек Умаралиев,
тавирчи Жамшид Абдиев.

Мавзуга оид