Ўзбекистон | 18:37 / 10.02.2021
2323
2 дақиқада ўқилади

«Scopus» базасида энг юқори индексга эришган олимларга 100 млн сўмдан мукофот берилади

«Covid-19 Challenge 2020» инновацион воситалар ва ечимлар онлайн танловида 6та энг истиқболли лойиҳага 100 млн сўмдан грант маблағи ажратилди. Бу ҳақда 10 февраль куни АОКАда Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Ёшлар академияси ташаббуси билан 2020 йилдан бошлаб, ҳар йили илм-фаннинг устувор йўналишлари бўйича «Scopus» халқаро илмий нашрлар маълумотлар базасида энг юқори Хирш индексига эга 40 ёшгача бўлган олимларга Ёшлар академияси томонидан 100 млн сўм миқдорида мукофот пуллари бериш амалиёти жорий этилди ва йил якунига кўра математика, геология, кимё, биология фанлари бўйича олимлар тақдирланади.

Бундан ташқари, 9 февраль куни вазирлик томонидан жамғармаси 2 млрд сўм бўлган «2020 йилга энг яхши 20та стартап лойиҳа» танлови ғолиблари эълон қилинди. Танловга келиб тушган лойиҳалар сони 519та бўлиб, энг истиқболли 20та стартап лойиҳа акселерация орқали молиялаштирилди.

Шунингдек, «World youth innovation forum – 2020» Халқаро ёшлар инновация форумида 5100 нафарга яқин ўзбекистонлик ёшлар онлайн тарзда қатнашди. Форумда АКТ, тиббиёт, биотехнология ва экология, саноат ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, энергетика йўналишлари бўйича  лойиҳалар тақдим қилинди. Шундан 10 нафар ғолиб Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 300 млн сўм мукофот билан тақдирланди.

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид