Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўқитувчи президент қарори юзасидан вазирликка ўнта савол йўллади: ҳужжат нега бирёқлама ишлаяпти?
Президент ўқитувчилар маошини 1000 доллар қилиб бераман деяпти, Халқ таълими вазирлиги ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади. Аммо бугунги кунда айрим иқтидорли ўқитувчилар, хусусан олимпиада ғолиблари ўзларининг қонун билан белгилаб қўйилган ҳақини ололмай келмоқда.
Жойларда 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорининг қатор бандлари таъминланмаётгани ҳақида хабар берилди. Шу каби муаммоларни ичидан биладиган ва бевосита бошидан кечираётган республика фан олимпиадаси ғолиби, Самарқанд шаҳридаги 77-умумтаълим мактаби директор ўринбосари Баҳром Тошбоев ушбу қарор ижроси юзасидан таклиф ва эътирозларини билдирди:

«Ҳамма нарсани ҳам моддий манфаат билан ўлчаб бўлмайди, албатта. Аммо қоғоздаги гаплар қоғозда қолиб кетавермаслиги ҳам керак. Яъни, ҳукумат ва давлат раҳбарининг қарори ижро этилиши лозим.
Демоқчи бўлганимиз, 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган республика ва халқаро олимпиада ғолибларига қўйидаги имтиёзлар белгилаб қўйилган:
г) таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган:
халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз;
асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.

Шунингдек, қарор мазмунида олимпиада ғолибларини рағбатлантириб бориш бўйича Халқ таълими вазирлиги тизимининг белгиланган штатлар сони доирасида 14 та штат бирлигидан иборат Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилиб, мазкур қарор ижроси 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши белгилаб берилган.
Афсуски, шу кунгача аксарият ҳудудларда мазкур қарор ижроси таъминлангани йўқ. Агар бу имтиёздан кимдир фойдаланаётган бўлса ҳам ўзининг шахсий ташаббуси, хатти-ҳаракати, талаби билан амалга ошган. Бизнингча, қарор чиқарилгандан кейин департамент мазкур тоифага кирувчи педагоглар рўйхатини шакллантириши ва уларнинг ушбу имтиёздан фойдаланишини таъминлаши лозим эди. Президент қарори ижроси Халқ таълими вазирлигида бажарилмас экан, қуйи ташкилотлардан нима ҳам кутиш мумкин?
Айнан халқаро ва республика олимпиадалари ғолиби бўлган ўқитувчиларни рағбатлантириш борасидаги муаммо тизимли ҳал этилмаяпти. Мазкур масалани халқ таълимининг ҳудудий бўлимлари вазирликка, вазирлик эса бошқармаларга улоқтирмоқда. Шу сабабли оммавий ахборот воситалари орқали бир қатор саволлар билан Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилишни жоиз топдик.
Биринчидан, туман-шаҳар халқ таълими бўлимлари қарорнинг 2019 йилда чиққани ва 2019 йилдан кейинги ғолибларга тегишли эканлигини даъво қилишмоқда. Ваҳоланки, қарорда «ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган» деган маълумот келтирилган. Бу эса айни пайтда олимпиада ғолиби бўлиб туриб, ўқитувчилик қилаётганлар назарда тутилганига ишора қилади. 2019 йилнинг ғолиби 4 йил олийгоҳни битириб, ўқитувчи бўлиши мумкин. Демак,у «фаолият юритаётган» бўла олмайди. Ёки иқтидорлилар 2019 йилдан кейин ғолиб бўлади, олдинги ғолиблар иқтидорли бўлолмайди, деган маъно тушуниладими?
Иккинчидан, халқ таълими бўлими ходимлари имтиёз кўпи билан бир йилга амал қилиши керак, деган иддао билан устама тўланишига қарши чиқмоқда. Демак, 2007 йил ғолиби 2008-2009 ўқув йилида устама олиши мумкин, деган мантиқ пайдо бўляпти. Қизиғи, 2007 йилда олимпиада ғолиби бўлган ёш 2008 йилда олийгоҳни битириб,ўқитувчилик қила олмайди! Қарорнинг мазмунида аниқ устама муддати белгиланмаган.
Учинчидан, таълим муассасаларида фаолият юритаётганолимпиада ғолиблари айнан қанча вақт давомида устама олади? Бир йилми, беш йилми ёки бутун педагогик фаолияти давомидами?
Тўртинчидан, халқ таълими бўлимлари фикрига кўра, республика миқёсидаги ғолиблар жуда кўпчиликни ташкил этади. Агар давлат уларнинг ҳар бирига 100-150 фоиз устама тўласа, инқирозга учраши мумкин экан.
Энди асл ҳолатга эътибор қилайлик. Ҳар йили тахминан 13 та фандан республика олимпиадалари ўтказилиб, уларда совринли ўринлар 3 тадан бўлган экан, 25 йилда тахминан 1000 нафарга яқин республика олимпиадаси ғолиблари бор. Агар уларнинг 10 фоизи таълим соҳасида ишлаётган бўлса, демак мазкур бандда кўрсатилган тоифадаги ўқитувчилар республика миқёсида кўпи билан 100 нафарни ташкил қилади. Ваҳоланки, ўша минг нафар истеъдод мактабларда ишлаганида эди, соҳада қандайдир ўзгариш қила олган ҳам бўларди. Бу эса инқирозга етакловчи эмас, истиқболни кўзлаб чиқарилган қарордир.
Бешинчидан, қарор қабул қилинганига икки йил бўлди. Республика миқёсида фан олимпиадалари ғолиби бўлиб, иш фаолиятини таълим соҳасида давом эттираётганлар сони аниқландими? Уларнинг сони қанчани ташкил этмоқда?
Олтинчидан, қарорда асосий олимпиаданинг республика ёки халқаро миқёсдаги ғолибларига имтиёз берилиши айтилган.Асосий олимпиадаларга қайси фанлар киради?
Еттинчидан, қарорда «таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган» дейилган. Айнан таълим муассасаси тури кўрсатилмаган. Туман-шаҳар молиячилари фикрига кўра, бу олийгоҳларга тегишли бўлиши керак. Аммо қарор ижроси Халқ таълими вазирлигига юклатилгани ушбу сўз айнан умумтаълим муассасаларини англатишини билдиради. Қолаверса, «таълим муассасалари» сўзи Ўзбекистондаги барча таълим турларини қамраб олиши керак.
Саккизинчидан, устама имтиёзлари айнан таълимнинг қайси тури (мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ёки олий таълим) билан шуғулланаётган педагогларга тегишли?
Тўққизинчидан, асосий олимпиадаларнинг республика ёки халқаро босқичларида ғолиб бўлганларнинг баъзилари айни пайтда умумтаълим муассасаларининг директор ўринбосари лавозимида ишлаётган бўлиб, туман халқ таълими бўлимлари уларнинг «ўқитувчи эмаслиги»ни рўкач қилмоқда. Қарордан мақсад иқтидорли кадрларни таълимга жалб қилиш. Иқтидорли кадр ўқитувчи бўлса, ўз фанидан юз нафар болани билимли қилади. У раҳбар бўлса, жамоани жонлантиради, ўқувчиларнинг билим савиясини нафақат битта фандан, балки барча фанлардан ошишига хизмат қилади. Ёки олийгоҳдаги илмий даражаси йўқ ходим ўқитувчи, илмий даражаси баланд одам профессор дейилади. Демак, ўқитувчи устама олиб, профессор олмаслиги керакми? Агар директор ўринбосарлиги устамага тўсқинлик қилса, бу ўша кадрнинг лавозимдан воз кечиб, ўқитувчилик қилишига замин яратмайдими? Хуллас, мантиқ йўқ.
Ўнинчидан, агар республика олимпиадаси ғолиби бўлган педагог ходимнинг бошқа турдаги устамаси мавжуд бўлса, унга жами 100 фоиз устама бериладими ёки бошқа устама суммаси ҳам қўшиладими?»
Дарҳақиқат, яқинда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар бошқа туман ва вилоятга ишлаш учун борса, ойлик маошига 50 фоиздан, 100 фоизгача устама қўшиб берилишини маълум қилди. Бу уларга ўз устиларида ишлашлари учун қўшимча стимул бўлади, дея таъкидлади.
Янги ренессанс ҳақида гапиряпмиз. Бу ғоя таълим сифатидан бошланар экан, ҳукумат даражасидаги қарорлар ижроси ҳудудларда сўзсиз бажарилиши лозим. Соҳа эгалари моддий ва маънавий қувватловни ўз вақтида ҳис қилсинлар.
Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигидан юқоридаги масалага эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.

P.S.: Ушбу материал тайёр бўлиш асносида Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармасидан шаҳар, туман халқ таълими бўлимларига хат чиқарилгани маълум бўлди. Унда фан олимпиадаси ғолибларига уч йил аввалги қарорда акс этган устамалар берилиши ҳақида гап борган. Бу яхши хабар, албатта. Ишонамизки, бу муаммонинг тизимли тарзда ечилаётганидан дарак беради. Қуйи тизимга келиб яна калаванинг учи чалкашмайди, деб умид қиламиз.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
11:37 / 26.05.2025
Деҳлида Ўзбекистон-Ҳиндистон таълим форуми ўтказилди
23:09 / 23.05.2025
Самарқандда машинасида шер боласини олиб юрган шахс аниқланди
20:08 / 23.05.2025
Қашқадарёда ўнлаб педагогларга устама тўлаш техник масалалар сабаб тўхтатиб қўйилди
21:06 / 22.05.2025