Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Учкўприкдаги бир мактаб муаммоси қандай ҳал қилинади: аҳоли ва туман ҳокими фикрлари
Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани Оқтепа қишлоғида истиқомат қиладиган аҳоли қишлоққа олиб борадиган йўл носозлиги, болалар боғчаси йўқлиги, умумтаълим мактабини қайтадан қуриш бўйича давлат томонидан маблағ ажратилган бўлса-да, қурилишга ер йўқлиги юзасидан мурожаат қилишди.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида тумандаги Оқтепа қишлоғида бўлдик.
Дарҳақиқат, оқтепаликлар ўз қишлоқларига кириб боргунча 2 километр масофани пиёда босиб ўтишга мажбур экан. Боиси — қишлоқ марказигача олиб борадиган транспорт қатнови йўлга қўйилмаган.
Дастлаб 41-умумтаълим мактабида бўлдик. Мактаб директори Манзурахон Қодирова 2021 йилда қурилиши режалаштирилган мазкур муассасанинг қурилиши учун ер майдони йўқлигини тасдиқлади. 220 ўринли мактабда бугунги кунда 391 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда.

«Мактабимиз Ўзбекистон Республикаси президентининг «Замонавий мактабларни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан инвестиция дастурига тушган. Бу йил, яъни 2021 йилда қурилиши режалаштирилган. Бироқ ер майдони йўқлиги боис ушбу қурилиш тўхтаб турибди. Биз ер майдони сўраб Учкўприк тумани ҳокимига бир неча маротаба мурожаат қилдик. Биздан ташқари шу ҳудуд аҳолиси ҳам мурожаат қилган. Лекин мурожаатларимизга жавоб ҳали ҳам етиб келгани йўқ», — дейди директор М.Қодирова.

Шунингдек, масъулларнинг билдиришича, мактабда ошхона, фаоллар зали, ҳожатхона ҳам мавжуд эмас. Мактаб хожатхонаси эса мактаб биносидан ташқарида — маҳалланинг ичида жойлашган.
Биз мактаб директори билан суҳбатлашгунга қадар, мактаб ҳовлисида қишлоқ фаоллари тўпланди. Улардан бири — Рустамжон Иномжоновнинг фикрича, маҳалла аҳолисининг масъуллардан ягона талаби қишлоққа замонавий мактаб қуриш.

«Мени маҳалла аҳолиси сиз шу иш билан шуғулланинг деб, барча масъулиятни менга юклаб қўйган. Бормаган ташкилотим қолмади, ҳисоб. Хозир ҳам ҳокимиятдан келяпман. Ҳоким иш билан чиқиб кетган экан. Ҳудудимиз прокурор секторига қарайди. Сектор раҳбарига ҳам учрашдим. Ҳозирча натижа йўқ. Аҳоли ва масъуллар билан шу масалани ҳал қилишимиз керак. Керак бўлса республикага ҳам чиқамиз. Бизнинг ҳам фарзандларимиз замонавий мактабларда ўқисин ахир», — дейди маҳалла фаоли Р.Иномжонов.
Гувоҳи бўлганимиз — ўқувчилар маҳалла ичидаги спорт майдонига бориш учун иккита йўлдан фойдаланади. Биринчи йўл – айланма йўл бўлиб, майдончага етиб олиш учун ўқувчилар маҳалла ичидаги кўчаларни айланиб ўтишга мажбур. Бунинг учун ўқувчилар 15–20 дақиқа вақт сарфлайди. Иккинчи йўл — қисқа йўл бўлиб, у мактаб биноси орқасидаги кўчада ҳали қурилиши бошланмаган уйнинг ер майдонини босиб ўтиш. Бунинг учун ўқувчилар 5–10 дақиқа вақт сарфлайди.

«Ҳозир ўтиб келган йўлимиз бировнинг шахсий томорқа майдони. Эртага уй эгаси бу ерда қурилиш қилиб, уй кўтарса ўқувчилар маҳаллани айланиб шу ерга келишга мажбур бўлади. Бунинг учун ярим соат вақт сарфлайди», — деди суҳбатдошимиз Р.Иномжонов.

Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман ҳокимлигида бўлдик. Туман ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев тегишли ўринбосарлари, масъул ташкилот раҳбарлари иштирокида масалани муҳокама этишни жоиз топди.
Ҳокимнинг билдиришича, қишлоқдаги 41-мактабни инвестиция дастурига киритиш бўйича таклифни ҳокимликнинг ўзи берган. Битта нарса инобатга олинмаган, яъни мактаб жойининг кичиклиги. Аҳоли янги мактаб қурилиши учун қишлоқдаги экин майдонидан ер сўрамоқда. Бироқ ҳоким буни ўзи хоҳласа ҳам бера олмаслигини билдирди.

«Кузатяпмиз хозирги кунда ернинг эгаси, бўш турган ерини ёки фойдаланмаётган ерини масжидларга ажратиб беряпти. Ўзини розилиги билан. Ҳудудда эски хирмон жойи бор. Экин майдонининг бурчагида. Мен аҳолига тушунтирдим, мана шу ҳудудни тадбиркорни ўзидан сўранглар, дея. Мен ҳам бориб тадбиркорга айтишим мумкин — ерингизни мактабга беринг. Шу ерга мактаб қурайлик, деб. Бироқ бу тадбиркор томонидан бошқа қабул қилиниши, «ҳоким босим билан ер майдонимни олиб қўйди», деган гап-сўзлар бўлиши мумкин. Шунинг учун халқнинг ўзидан илтимос қилдимки, шуни сўранглар деб. У ерда барибир ҳозир ҳеч нарса қилинган йўқ. Ер масаласи барибир оғир масала», — деди туман ҳокими А.Маҳмудалиев.
Туман ҳокими томонидан маҳалланинг ичидаги спорт майдончаси ер майдони ҳам мактаб қурилиши учун таклиф сифатида кўрсатилган. Бироқ ушбу таклиф маҳалла аҳлига маъқул келмаётганлиги айтилди.
Учкўприк тумани ҳокими, масъуллар ҳамда мурожаатчилар иштирокида муҳокама қилинган масала бўйича туман ҳокими томонидан якуний таклиф айтилди. Мактаб биноси ўзининг ўрнида 3 қаватли қилиб қурилади. Маҳалладаги спорт майдонида эса ёпиқ спорт зал ва иккита футбол майдончаси барпо этилади.

Ушбу масала Халқ таълими вазирлиги билан ҳам келишилиши айтилди.
Бу — Оқтепа қишлоғидаги мурожаатнинг асосийси эди. Қишлоқда ўтган бир кунимизнинг қолган таассуротлари, қишлоқ аҳолисини қийнаб келаётган бошқа муаммолар бўйича Kun.uz алоҳида мақола тайёрлайди.
Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди
19:58 / 21.05.2025
Яйпанда шундай ошхона бор: Ош салат, нон ва чойи билан 8 минг, шўрва эса 10 минг сўм
12:13 / 06.05.2025
Сўх ва Шоҳимардонга автомобилда ўтиб-қайтишда муаммо юзага келди
15:15 / 22.04.2025