Ўзбекистон | 18:50 / 12.02.2021
67834
2 дақиқада ўқилади

«Уларнинг ишидан халқимиз норози» — Ички ишлар органлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишидаги ишлари танқидий муҳокама қилинди.

«Ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳамма шароитларни яратиб, энг замонавий техникаларни олиб бердик. Катта ваколат, куч ва воситалар бор. Лекин натижа кутилганидек эмас. Органлар якдил бўлиб, вертикал бошқарувни тўғри ташкил эта олмаяпти. Уларнинг ишидан халқимиз норози», - деди Шавкат Мирзиёев.

Тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарурлиги таъкидланди. Бу борада кўрилган дастлабки чоралар натижасида ўтган йили 4 минг 500дан зиёд маҳаллада биронта ҳам жиноят бўлмаган. Лекин, кўп раҳбарлар маҳаллага тушиб ишламагани, муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, ҳал қилмагани оқибатида айрим маҳаллаларда жиноятлар ошгани кўрсатиб ўтилди.

Жиноятчиликни маҳаллаларда жиловлаш, профилактика инспекторининг иш юкламасини енгиллаштириб, натижадорлигини ошириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди.

«Қайси ҳоким профилактика инспекторини қабул қилиб, гаплашди? Унинг бир кунлик ишини, оилавий шароитларини ўрганди? Ҳамма "каттакон" участка нозирига буйруқ беради. У ҳамма нарса билан шуғулланяпти, кўп вақт йўқотяпти, асосий иши қолиб кетяпти. Ўзи энг катта меҳнаткаш - профилактика инспектори. Агар унга шароит яратсак, у давлатдан рози бўлиб ишласа, кўп масалалар ҳал бўлади», - деди президент.

Мавзуга оид