Ўзбекистон | 11:09 / 13.02.2021
11990
6 дақиқада ўқилади

Навоий ва Андижон вилоятларидаги давлат харидларига оид ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳисобот эълон қилинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2021 йил январ ойидаги фаолияти юзасидан эълон қилинган ҳисоботда жамоатчилик эътиборида турган бир қатор давлат харидларига оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, ўрганишлар жараёнида Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдор шахслари томонидан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда “Navoiy Tears Invest” МЧЖ билан қиймати 38 млрд сўмлик жами 11та қурилиш объектлари бўйича шартномалар тузилгани аниқланди. Жами 1 млрд 588 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани маълум қилинди.

Бундан ташқари, Навоий вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК томонидан “Mexrangez B-2002” МЧЖ билан қиймати 4,7 млрд сўмлик 2та қурилиш объектлари бўйича шартномалар тузилганлиги аниқланган. Ўрганишлар давомида жами 58,7 млн сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган.

Агентлик томонидан Андижон вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали, Андижон вилояти қурилиш бош бошқармаси мансабдор шахсларига тегишли қурилиш корхоналари томонидан давлат буюртмалари қонун талабларига зид равишда қўлга киритилгани ҳолатлари юзасидан Ҳисоб палатаси ва бошқа вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганишлар олиб борилаётгани очиқланди.

Ўрганишлар жараёнида Андижон вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмаси асосида шартнома қиймати 139,7 млрд сўмлик 17та, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали буюртмаси асосида 3,2 млрд сўмлик 1та қурилиш объектлари қамраб олинган.

Агентликнинг маълум қилишича, Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигида 2019-2020 йилларда жами 541та объектларда 480,4 млрд сўм, шундан 2019 йилда 321та объектларда 287 млрд сўм ҳамда 2020 йилда 220та объектларда 196,4 млрд сўм республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган.

Агентлик ўрганиши натижасида Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигида 2019-2020 йиллар давомида 6та қурилиш жамиятлари томонидан жами 53та объектларда 171,5 млрд сўмлик (умумий қийматга нисбатан 35 фоизни ташкил этади) тендер (танлов) савдолари қўлга киритилгани маълум бўлди.

Ўрганишда қурилиш объектларига нисбатан ўтказилган тендер (танлов)ларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани, одоб-ахлоқ қоидалари қўпол равишда бузилгани, тендер жараёнини ўтказиш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.

Жумладан, Андижон вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” ИК директори М.Қ., директор ўринбосари М.К., Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Р.Х., “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Андижон вилоят филиали директори Р.Д. хизмат фаолиятини олиб боришда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиб, ўзи ёки яқин қариндошларига қарашли фирмаларнинг тендер (танлов)ларда қатнашишига йўл қўйган ва ушбу фирмалар тендер (танлов)ларда ғолиб бўлган.

Шунингдек, “Жаҳон маъмур қурилиш” МЧЖ ва “Шаҳрихон қурилиш грант” МЧЖ қатнашган 7та танлов ва тендерларда аффилланганлик ҳолатлари мавжуд бўлган.

Бундан ташқари, 18та танлов ва тендерларни ўтказиш жараёнларида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонуности норматив ҳужжатлар талаблари бузилган.

Ўрганилган 12та қурилиш объектлари бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишида қурилиш материаллари нархлари нотўғри қабул қилиниши натижасида қурилиш объектлари лойиҳаси қиймати 9,4 млрд сўмга ортиб кетган.

Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида жойлашган 2-сонли мактабгача таълим муассасасида 3,6 млн сўм, Қўрғонтепа туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида 20,5 млн сўм, Балиқчи туманидаги 35-сонли умумтаълим мактабида 2,9 млн сўм, Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмаси 2-сонли туғуруқхона комплексида 30,9 млн сўм, жами 4та қурилиш объектларида 57,9 млн сўм миқдорда сифатсиз ишлар амалга оширилгани маълум бўлди.

18та қурилиш объектларининг 11таси фойдаланишга топширилган бўлиб, дастлабки босқичда улардан 4тасида назорат ўлчови ўтказилгани натижасида Қўрғонтепа туманида жойлашган 2-сонли мактабгача таълим муассасасида 335 млн сўм, Балиқчи туманида жойлашган 35-сонли умумтаълим мактабида 354 млн сўм, Қўрғонтепа туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида 408 млн сўм, Шаҳрихон туманида жойлашган тиббиёт бирлашмаси 2-сонли туғуруқхона комплексида 389 млн сўм, жами 4та қурилиш объектларида 1 млрд 486 млн сўмлик ишлар кам бажарилгани аниқланган.

“Ўрганишлар давомида аниқланган юқоридаги ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш лозимлигини инобатга олиб, тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага тақдим этилган. Ҳозирги кунда 4та қурилиш объектлари бўйича айбдор шахсларга Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, – дейилади Аксилкоррупция агентлиги ҳисоботида.

Мавзуга оид