Жамият | 16:11 / 14.02.2021
25428
7 дақиқада ўқилади

«Аллоҳ менга ногирон фарзанд берган бўлса-да, унга кучли меҳр ҳам бергани учун шукр қиламан» — она сабри ҳақида ҳикоя

Назира опа қизи Ўғилойнинг имконияти чекланган бўлса ҳам, унга нисбатан жуда кучли меҳр ҳам бергани учун Аллоҳга шукр қилади. Бутун оиланинг унга нисбатан меҳри чексиз. Ота-она эса қизи ўзини бахтли сезиши учун доимий ҳаракат қилади.

«Шароит плюс» ННТ имконияти чекланган фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Ташкилот имконияти чекланган фарзанди бор оналар билан суҳбатлар ўтказмоқда. Лойиҳанинг биринчи сонида Назира Собирова ўзининг оналик машаққати, фарзандларига меҳри ҳақида ҳикоя қилади. Назира опа узоқ йиллар мактабда ишлаган, ҳозир нафақада.

«Ўша пайтлари врачлар кам эди...»

Ўғилой ўртанча қизим, унинг бир опаси ва бир синглиси бор. Ҳозир улар турмушга чиқиб кетишган. Ўғилой оиламиздаги энг эркатой фарзанд бўлган. У катта қизимдан сўнг узоқ муддатдан кейин туғилган, анча кутилган фарзанд.

Ўғилойни жуда ардоқлаганимиз сабаб жисмоний имкониятида камчиликлар борлигини анча пайт сезмаганмиз. 1 ёшга тўлгач, у шамоллаб қолганди ва шифохонага олиб борганмиз. Ўшанда жисмоний ривожланишда нуқсони борлигини, бўйнини яхши тутолмаслигини сезганмиз. Ўшандан бери қизимизнинг соғлиги учун, унинг ҳаракатларини кўпайтириш учун тинмасдан курашиб келяпмиз.

Ўша пайтларда болалар шифокорлари жуда кам эди. Камҳаракат болаларни ким кўриб қўйишини билмаганмиз. Бизга «қизингизни болалар невропотологи кўриши керак» дейишган. Бу мутахассисликдаги шифокорлар ҳам кам эди. Шунинг учун қизимни 3 ёшдан бошлаб даволатишни бошлаганмиз. Даволанишлардан сўнг 5 ёшдан сўнг Ўғилой юра бошлаган.

«Боласини ташлаб кетганларни ҳам кўрдим...»

Аллоҳга беҳисоб шукр, қизимга отаси мендан ҳам кўпроқ меҳрибон. Имконияти чекланган бўлса ҳам, уни бахтли қиз деб ҳисоблайман. Сабаби боламни доимий даволатишлар давомида турли ҳолатларни кўрдим, шифохоналарда даволатдик: ота-оналар болалари имконияти чекланган бўлгани учун ташлаб кетишганига, моддий муаммолар туфайли фарзандини даволата олмаганига ҳам гувоҳ бўлдим.

Биз Ўғилойга доим меҳр берганимиз учун, ҳаммамиз яхши кўрганимиз учун уни бахтли қиз деб ҳисоблайман.

«Кўп нарсадан воз кечишимга тўғри келмади...»

Ҳаётим давомида имконияти чекланган болам учун кўп нарсадан воз кечмоқчи бўлганман, лекин бунга зарурат йўқ экан. Бир муддат ишламаганман. Уйда ўтириб унга қарамоқчи эдим. Биз ҳовлида турамиз: сигир-бузоқ, товуқларимиз бор. Бир йилча уйда ўтиргандан кейин қарасам, Ўғилойнинг дунёқарашида фақат сигир-бузоқ, товуқ кабилардан бошқа нарса йўқ. Шунинг учун ишлашим кераклигини тушундим.

Мактабим уйга яқин эди. У ерда ҳар доим керакли кадр бўлганман деб ҳисоблайман. Қизим учун ҳам одамларга қўшилишим, ишлашим кераклигини тушунганман. Қизим ихтисослаштирилган шифохонада ҳар йили 3 ой даволаниб келарди, қолган пайтлари эса мен билан мактабга борарди.

Ўшанда соғлом болалар орасига қўшилиши кераклигини тушуниб тўғри қилганман, деб ҳисоблайман. Мана шунинг учун ҳам ишлашим керак эди. Узоқ йиллар директор ўринбосари бўлиб ҳам ишлаганман, тарих фанидан дарс берганман. Қизим синфхоналарга ҳам ортимдан эргашиб кирган, лекин дарсга халақит бермасди. Ота-оналар ҳам тўғри тушунган экан ўшанда, сабаби нимага бу қиз фарзандларимизнинг синфхонасига киряпти деб шикоят қилиб келмаган.

Шу тахлит мактабда дарс берганман ва бирор нарсадан воз кечганман деб ҳисобламайман. Лекин воз кечган пайтларим ҳам бўлган. Ҳокимликка, коллежга, маҳалла идорасига ишга чақиришган. Лекин «агар мен мактабни ташлаб кетсам, уйдан узоқ бўламан, қизим ёлғиз қолади», деб бу таклифларни рад қилганман.

«Аллоҳ менга кучли меҳр ҳам берганди...»

Аллоҳ имконияти чекланган фарзанд берган бўлса ҳам, лекин унга нисбатан юрагимда шундай кучли меҳр уйғотгани учун минг бор шукр қилардим. Ҳеч қачон боламдан воз кечиш ҳақида ўйламаганман.

Ўғилой 9 ёшдалигида ихтисослаштирилган болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонаси борлиги ҳақида эшитганмиз. Ўша ерда даволатмоқчи бўлдик. Шифохонада қатъий тартиб ўрнатилган экан, дарвозадан киритиб юборгандан сўнг 3 ойлик даволаниш муддатида бу тартиб амал қилади. Ўшанда биринчи марта қизимни 3 ой шифохонада қолдирганман. Кечалари билан «Ухладими, қийналмадимикин», деб ўйлаб чиққанман. Ўша 3 ойнинг ўзи менга оғирлик қилган, меҳрибонлик уйига ташлаб кетиш ҳақида ҳеч қачон ҳатто ўйламаганман ҳам.

Даволанаётган пайтимда кўргани борсам, шифокорлар ҳам «Сиз жуда кўп келасиз, бошқа болаларни фақат даволаниш муддати тугагач олиб кетгани келишади», дейишарди.

Ўшанда бошқа болаларни ҳам ўйлаганман. Мен қизимни кўргани келсам, улар ҳам ота-онасини соғиниб ўксимасмикин, деб шифокорлардан «Уларга нимадир керак бўлса, айтинг олиб келиб бераман» деб сўрардим. «Йўқ, уларга ҳеч нарса керак эмас. Фақат сизга қараб уйдагиларини соғиниши мумкин», дейишарди.

«Қизимни атай жамоат транспортларига олиб чиқаман...»

Қизим баъзида жисмоний чекланганлигини ўйлаб, стрессга тушган пайтлари, тенгдошлари билан бир хил эмаслиги учун хафа бўлган пайтлари бўлади. Лекин бундай вазиятларда ёнида далда бўлиб, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилганман.

Ўғилойни жуда кўп ўзим билан олиб юраман. Шундай пайтлари имкон қадар жамоат транспортига чиқишга ҳаракат қиламан. Сабаби, унинг одамларга аралашишини, турли вазиятларга тайёр бўлишини хоҳлаганман.

Одамларнинг ачиниш билан қараганини ёки бошқача қараш қилганини кўп сезаман. Лекин уларни ҳам тушунишга ҳаракат қиламан, қизим бошқалардан фарқ қилади.

Ота-онани боғлаб бермаган. Биздан кейин ҳам Ўғилойга опаси, синглиси унга ғамхўрлик қилишига, яхши кўришига ишонаман. Шунинг учун болаларимдан кўнглимиз тўқ.

Ҳаёт мураккаб. Имконияти чекланган ота-оналарига аввало, сабр тилайман. Сабр қийинчиликлар учун эмас, боласининг кўнглидагини топиш, унинг кўнглини кўтариш учун керак бўлади. Кейин болаларининг имконияти чекланган бўлса ҳам, уларни мустақилликка ўргатишга ҳаракат қилишсин. Уларни жамиятга қўшишларини тавсия қиламан. Бундай болалар одамларга қўшилса, ҳаёти мазмунлироқ, интилишлари юқори бўлади. 

Мавзуга оид