Ўзбекистон | 14:39 / 14.02.2021
9049
3 дақиқада ўқилади

Болалар миллий тиббиёт марказида умумлаштирилган гемато-онкология бўлими ташкил этилди

13 феврал куни Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, «Ezgu аmal» ва «Zamin» фонди вакиллари, мамлакатдаги тегишли ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари шифокорлари, вазирлик масъул ходимлари ва ОАВ вакиллари давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур анжуманда 15 феврал —Халқаро болалар саратони касаллигига қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистонда болалар онкологияси ва гематологияси бўйича йўлга қўйилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Йиғилишни очиб берган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонованинг сўзларига кўра, айни пайтда юртимизда болалар гематологияси ва онкологияси соҳасини бирлаштириш жараёни татбиқ этилмоқда. Бу ислоҳот Болалар миллий тиббиёт марказида халқаро стандартлар асосида бошланди. Яқин истиқболда ушбу марказ тажрибаси асосида ҳудудлардаги болалар кўп тармоқли марказларида ҳам жорий этилади.

Ўзбекистонда болалар онкология ва гематологияси соҳасида, тиббиёт тили билан айтганда, мультидисциплинар ёндашув белгиланмоқда, популяцион ва госпитал канцер-регистрларини шакллантириш, даволаш протоколларида замонавий молекуляр, цитогенетик текширув ва илик трансплантацияси қўллаш, ўзак ҳужайралари банкини шакллантириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда, паллиатив ёрдам тизимининг фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Наргиза Қосимова бу касалликни енгиш нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда қийин кечаётганини таъкидлади. Тадбирда онлайн иштирок этган Рогачев номидаги болалар гематология, онкология ва иммунологияси Миллий тиббий тадқиқот маркази президенти, академик Александр Румянцев видеолавҳа орқали Россияда онкология ва гематология соҳасини ривожлантириш учун 2004 йилдан буён иш олиб борилаётганини ва натижада бугунги кунда мамлакатда 64та кўп тармоқли ихтисослаштирилган болалар кўп тармоқли марказлари мавжудлигини айтди.

Жаҳон тажрибасида бўлганидек, болалар гематологияси ва онкологиясида давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳам аҳамиятини инкор этиб бўлмайди. Чунки бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро жамоатчилик фондлари вакиллари бу жараёнларда фаол иштирок этиб, болалар саломатлиги учун курашда кўмак беришмоқда. Улардан бири «Эзгу амал» фонди ҳисобланади. Мазкур фонд бу касалликни енгишда 2020 йилда 200дан ортиқ болаларга ўз ёрдамларини берди.

 «Бугунги кунда саратон касаллиги – бу ҳукм эмас. Шуни халқимизга етказишга ҳаракат қиляпмиз», дейди «Эзгу амал» фонди вакили Мунира Хўжахонова.

Шунингдек, айни кунда Болалар миллий тиббиёт марказида 60 ўринли умумлаштирилган болалар гематология ва онкология бўлими ташкил қилинмоқда. Ҳозирда бу бўлимда 20та ўрин мавжуд ва бемор болаларга хизмат кўрсатяпти. Бу ерда ушбу касалликка чалинган болаларни чет элда ўқиб келган бир гуруҳ мутахассислар томонидан даволаш самарали амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид