Жамият | 13:56 / 14.02.2021
26622
7 дақиқада ўқилади

«Илм олиш ва университетда ўқишнинг фарқи бор» — нуфузли олийгоҳга 300 минг доллар грант ютган ўзбек талабаси

Юсуфбек Насриддинов 20 ёшда. Aндижон шаҳрида туғилган. 2019 йилдан буён Carnegie Mellon University in Qatar олийгоҳида грант асосида таҳсил олиб келмоқда.

Юсуфбекнинг «Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида қандай қилиб Қатардаги нуфузли университетга 300 минг доллар грант ютиб олгани, хориж олийгоҳларидаги таълим, мақсадга эришишнинг муҳим омиллари хусусида сўз боради.

«Кўлмакда туриб океан ҳақида ўйлашнинг иложи йўқ»

Олий таълимни хорижда олишни истаганимнинг сабаблари кўп. Энг асосий сабабини айтишим мумкин. Лицейда ўқиб юрганимда физика ўқитувчим билан кўп суҳбатлашардик. «Дунёда нима бўлаётгани ҳақида ҳужжатли фильм, видео кўришингиз мумкин. Лекин ўқиш бошқа, шуни кўз билан кўриш, амалда қилиш бошқа. Биз кўлмакчадамиз, шу кўлмакчада туриб, океан ҳақида суҳбатлашяпмиз. Аммо кўлмакчадан чиқиб, океанга ўтмас экансиз, океан ҳақида ўйлашнинг иложи йўқ», дерди.

Мендаги мақсад шунчаки чет давлатда ўқиш эмас, балки энг кучли университетга кириш бўлган. Лицейда иккинчи босқичда ўқиб юрганимда Массачусетс технология институти (Massachusetts Institute of Technology – MIT) дунё бўйича биринчи ўринда турарди. Физикани кўп ўқирдим, шу фандан олимпиадаларга қатнашардим. Шунинг учун соҳамдаги энг зўр олийгоҳ қайсилигига қизиққанман. МИТ нафақат технологиялар бўйича, балки умумий рейтингда ҳам етакчи ўринларда турар экан.

Биринчи йили ўқишга кириш учун МИТ’га ҳужжат топширганимда йиқилганман. Балларим паст чиққан. Иккинчи йили Carnegie Mellon’га грант асосида кирганман. Тўғри, бу университет технологиялар борасида биринчи ўринда эмас, лекин IOS бўйича етакчи ўринда, мен танлаган бизнес соҳасида эса дунё бўйича олтинчи ўринда туради. Юлдузни кўзладим, лекин юлдуздан озгина пастроғини забт эта олдим, деб ўйлайман.

«Илм олиш ва университетда ўқишнинг фарқи бор»

Юсуфбек Насриддинов

Илм олиш учун университетда ўқиш керак, лекин олийгоҳ бу борадаги энг муҳим омил эмас. Университет шунчаки макон, сизга кўплаб имкониятлар берувчи восита. Диплом масаласига келсак, мен дипломни қаерга ишлатиш мумкин деганда, бизнес очганимда шахсий кабинетимда рамкага илиб қўйишим мумкин холос, деб жавоб бераман. Аммо мана шу дипломга эришишга кетадиган вақт – энг муҳим давр. Бу даврда биз илм оламиз, дўстлар, тажрибалар орттирамиз, кўплаб қизиқарли ишларни амалга оширамиз.

Мен ҳозир шу даврнинг ичидаман. Ҳали уйланмаганман, елкамда масъулият йўқ. Юз фоиз грант ютиб олганим менга энг қиммат ресурс – вақтимни ўзимга ишлатиш имконини берди. Шу вақт ичида ҳар томонлама ўз устимда ишлайман, соҳамда энг зўр бўлишга интиламан.

«Мақсад юлдузга эришиш эди»

Aндижон вилоятида Иқтисодиёт университетининг янги очилган робототехника йўналишига ҳужжат топширганман, биринчи ўрин бюджетда ўқишга қабул қилинганман. Лекин ўқимадим, чунки мақсад юлдузга эришиш бўлган.

Оилам ўша олийгоҳда ўқийсан, дейишган. Фақатгина яна бир йил имкон беришларини ва янада яхши натижа кўрсатишимни айтганман. Катта таваккал қилдим. Лекин ўзимиздаги маҳаллий университетларда тўрт йил сарфланадиган ҳаётим, бир йил ютқазиб, кейин хорижга бориб ўтказадиган тўрт йил вақтимдан тубдан фарқ қилишини сезганман.

«Кўчирмакашлик ўқитувчини уришдан ҳам ёмонроқ»

Университетимизда адолат энг муҳим тамойил. Вазифаларни бажаришда интернетдан бирор иқтибос олсангиз-у манбасини кўрсатмасангиз, бу курсдан қолдирилишингизга сабаб бўла олади. Биров бажарган иш натижасини ўзингизники қилиб ололмайсиз ва ҳаёт давомидаги бу энг асосий принциплардан бири, деб биламан.

Бир профессоримиз «алдаш, кўчирмакашлик қилиш профессорни уришдан ҳам ёмонроқ» деб айтган эди. Яъни уларда кўчирмакашлик шу даражада ёмон қабул қилинади. Бу нарса коррупциясиз жамиятни барпо этишда жуда катта рол ўйнайди, деб биламан.

«Муваффақиятимнинг энг катта сабаби – оилам киритган инвестиция»

Оддий оиламиз, иқтисодий ҳолатимиз ўртача. Ота-онам менга юз фоиз инвестиция киритган. Ҳар доим менинг ўқишим учун бюджетимиздан маблағ ажратилган. Буни муваффақиятимнинг энг катта сабабларидан бири деб биламан.

МИТ’га кириш орзу бўлган, буни кейин мақсадга айлантирганман. Унга интилиш ичимда олов сингари бўлган. Баъзи ҳолларда тайёрланасиз, баллингиз паст чиқаверади, тайёрлангингиз келмай қолади, машаққатларга дуч келасиз. Бу руҳиятингизга ҳам таъсир қилади. Лекин булардан олиб чиқадиган ягона сабаб – мақсадга бўлган интилиш. Шу нарса машаққатлардан ўтишга ва ўйин-кулгига йўқ дея олишга қувват берган.

«Инсоният ҳали ўйлаб ҳам кўрмаган муаммоларга ечим излашни истаймиз»

Таълим давомида гуруҳдошларимиз билан турли курсларда иштирок этамиз. Жуда кўпчилик талабалар улардан йиқилади, чунки қийин. Бу курслардан асосий мақсад талабаларда муаммони ҳал қилишда ечимга алгоритмлар орқали етиб бориш маҳоратини шакллантиришдир. Шу кўникма орқали инсоният ҳали ўйлаб ҳам кўрмаган муаммоларга ечим излаймиз. Мисол учун, курсдошларим билан Natural learning processing, яъни компьютерларга инсон тилини тушунишга, талқин қилишга ёрдам бериш орқали тўрт юз бетли китобни кичрайтириш, унинг асосий мағзини олиш технологияси устида ишладик.

«Мағлуб бўлмасангиз, демак, уриниб кўрмагансиз»

Дейлик, бирор видеони кўриб, ундан мотивация оласиз, режалар тузасиз. Аммо эрталаб уйғонганингизда яна ҳаммаси одатдагидек. Бу оддий мотивация. Мотивация ўлади. Inspiration, яъни руҳланиш, иштиёқ эса қалбда бўлади. Олий мақсадларни иштиёқ яратади. Қачондир мағлуб бўламиз, турамиз, қийинчиликларга учраймиз, боримизни берамиз, тўхтамаймиз. Нимага? Чунки ичимизда ўша иштиёқ бор, исталган мақсадга эришмоқчимиз. Бизга фарқи йўқ, минглаб одам келиб, қарши чиқса ҳам, иштиёқ туфайли мақсаддан қайтмаймиз. Тарихда бунга оид далиллар кўп учрайди.

Мақсад қўйсангиз, 110 фоиз қувват билан ҳаракат қилинг. Мағлуб бўлсангиз, ўша қўшимча 10 фоиз қувват билан туринг ва яна ҳаракатга тушинг. Мағлубият ҳаётда бўладиган одатий нарса. Шунинг учун инсон мотивацияни эмас, иштиёқни қалбидан қидириши керак. Буни топиш учун эса кучли инсонлар билан, ўзи билан суҳбатлашиш, ўз олдига кўплаб саволларни қўйиш, фақат ва фақат илм олиш керак.

Мавзуга оид