Жамият | 10:29 / 14.02.2021
8919
4 дақиқада ўқилади

Livov, gil’otina, pochtalyon: Юмшатиш (ь) белгили сўзлар имлосидаги айрим масалалар

Филолог Равшан Жомонов ўзбек-лотин алифбосидаги мураккаб ва мунозарали ҳолатларни шарҳлашда давом этади. Навбатдаги видеодарс аввалгисининг давоми бўлиб, унда ҳам кирилл ёзувидаги юмшатиш (ь) белгили сўзларнинг ўзбек-лотин алифбосида ифодаланиши ҳақида сўз боради. 

Аввалги дарсда таъкидланганидек, бу белги ўзбек тилида фонологик, яъни маъно фарқлаш хусусиятига эга эмас. Лекин ўзбек-лотин алифбосида юмшатиш (ь) белгиси қатнашган сўзлар транслитерация қилинар экан, ўзига хос ёндашув талаб қиладиган ҳолатлар бор.

Ҳозирга қадар лотин алифбосида босилиб чиққан дарслик, ўқув қўлланма ва газета-журналлардаги матнларда юмшатиш (ь) белгили сўзларнинг транслитерациясида хатоликлар учраб турибди. Қуйида ўша хатоликларнинг айримлари билан танишиб чиқамиз.

  • батальон, почтальон, павильон, медальон

а) batal’on [батал’он], pochtal’on [почтал’он], pavil’on [павил’он], medal’on [медал’он] — ушбу қаторда сўзларнинг нотўғри транслитерацияси ва транскрипцияси берилган.

Юқоридаги мисолларга эътибор берилса, «л»дан кейин тутуқ «’» белгиси қўйилган. Бунинг нотўғрилиги шундаки, ўзбек лотин алифбосидаги тутуқ белгиси ундош ҳарфдан кейин келса, ўзидан олдинги ҳарфни кейингисидан ажратиб талаффуз қилинишини таъминлайди. Бу сўзлар транскрипция қилинса, хатолик яққол кўринади.

б) batalyon [баталйон], pochtalyon [почталйон], pavilyon [павилйон], medalyon [медалйон] — бу қаторда эса тўғри транслитерацияси ва транскрипцияси берилган.

Ўзбек лотин алифбосида жонли талаффузга мувофиқ ёзилса, тўғри шакл юзага келади.

  • Львов — Lvov [лвов] — нотўғри шакл
  • Livov (ливов) — тўғри шакл

Юмшатиш (ь) белгиси билан ёзиладиган сўзлардан бири – жой номи Львов шаҳри. Бу сўзни лотин алифбосида Livov шаклида ёзадиган бўлсак, салкам ўзбекона талаффузга яқинлашади. Шунингдек, бўғинга ажратишда ҳам муаммо бўлмайди.

Ўзбек-лотин алифбосида жуда кўп жой номлари ёхуд киши исмларини ёзишда назарий материалларга қараш ҳамда кундалик ёзув амалиётидан келиб чиқишимиз мақсадга мувофиқ.

  • гильотина — gilyotina [гилйотина] — нотўғри шакл
  • gil’otina [гил’отина] — тўғри шакл

Айрим бир сўзлар борки, уларнинг транслитерацияси бўғин ажратиш хусусиятига бориб тақалади. Ўзбек тилида кўп бўлмаса-да, юқоридаги гильотина каби сўзлар ёзаётган кишини иккилантиради. Бу ўринда бўғинга ажратиш ва тўғри талаффуз этиш жиҳатидан тутуқ «’» белгисидан фойдаланган маъқул — gil’otina.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, юмшатиш (ь) белгили сўзларни лотин ёзувига транслитерация қилиш биргина буйруқ асосида бажариладиган иш эмас. Ҳар бир сўзга ўзига хос ёндашув зарур бўлади.

Йигитали Маҳмудов ёзиб олди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид