Фан-техника | 11:55 / 14.02.2021
61875
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда электромобилларнинг оммавийлашиш тенденцияси қандай кечмоқда?

Сўнгги 3 йилда Ўзбекистонга атиги 183та электромобил импорт қилинган. Нима сабабдан электромобиллар Ўзбекистонда оммавийлашмаяпти?

Фото: Reuters

Хўш, дунёда ёнилғи билан ҳаракатланадиган автомашиналардан воз кечилаётган пайтда, Ўзбекистон ҳукумати қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқда?

2019 йил 1 январдан Ўзбекистонга электромобил импорти учун бож тўлови бекор қилинган, ўша йил июл ойига бориб акциз солиғи ҳам олиб ташланган. Айни пайтда четдан енгил электромобил олиб киришда 20 евро божхона йиғими ва 15 фоизлик ҚҚС тўлаш кифоя.

2020 йил декабрида Вазирлар Маҳкамасининг «Автотранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага бериш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, электромобиллар ва мототранспортлардан фойдаланиш, шунингдек, велосипедда мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Қарорда «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналарида фақат электр двигател орқали ҳаракатланадиган енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ишлаб чиқариш концепцияси ишлаб чиқиш белгиланган.

Шунингдек, Молия вазирлиги 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Давлат бюджетини шакллантиришда фақат электр двигател орқали ҳаракатланадиган авто ва мототранспорт воситалари республика ҳудудида харид қилинганда ёки вақтинчалик олиб кирилганда, уларни ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказишда тўланадиган йиғимларни бекор қилган.

Бундан ташқари, президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 январида машинасозлик тармоғини трансформация қилиш масаласидаги йиғилишда 50–60 мингта ҳамёнбоп автомашина ва электромобиллар ишлаб чиқаришга инвестиция киритиш зарурлигини таъкидлаганди.

Энди вазиятнинг бошқа томонига тўхталиб ўтсак. Ҳукумат чиқараётган қарорлар ёнилғи транспортидан воз кечишни англатаётган бўлса-да, 2021–2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинишича, яқин келажакда 7та компания томонидан автомобил ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Аммо ушбу лойиҳаларнинг фақатгина биттасида (Австриянинг «Parsalpine Management GMBN» компанияси билан Навоий вилояти Кармана туманида) электромобиллар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Электромобиллар қуйидаги бир қанча афзалликларга эга:

  • электромобиллар двигатели атроф-муҳитга зарарли газларни чиқармаслиги ҳисобига атроф-муҳит ифлосланиши камайишига олиб келади;
  • электромобил двигатели электр энергиясидан (муқобил энергиялар ҳисобига) қувват олиши сабабли анъанавий ёнилғи сарфини камайтиради;
  • электромобиллар билан тўқнашув содир этилганда тўқнашув сенсори томонидан батареялар ўчирилиши натижасида электромобил автоматик тарзда тўхтайди;
  • эҳтиёт қисмлари сони камроқ бўлгани электромобилнинг ишончлилигини оширади ва натижада таъмирлаш ҳамда техник хизмат кўрсатиш харажатлари камаяди;
  • батареяларни стандарт электр тармоғидан қувват олиш имкониятининг мавжудлиги харажатларни сезиларли даражада камайтириш имконини беради;
  • автомашина ўт олдирилган ҳамда ҳаракатланаётган вақтда камроқ шовқин чиқади;
  • электр двигателнинг электромагнит тормоз режимида бўлиши фавқулодда тормозланиш имкониятини беради.

Охирги йилларда Ўзбекистонга қанча электромобил импорт қилинган?

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, республикага 2018 йилда 13та, 2019 йилда 39та, 2020 йилда эса 131та электромобил импорт қилинган.

Кўриниб турибдики, 2020 йилда 2018 йилга нисбатан 10 баробар кўпроқ электромобиллар республикага олиб кирилган.

2020 йил давомида электромобиллар қуйидаги давлатлардан импорт қилинган:

  • Хитойдан – 92та;
  • Жанубий Кореядан – 13та;
  • Грузиядан – 7та;
  • АҚШдан – 7та;
  • Германиядан – 5та;
  • бошқа давлатлардан – 7та.

Статистика шуни кўрсатмоқдаки, 2020 йилда мамлакатга кириб келган электромобилларнинг 70 фоизидан ортиғи Хитойдан импорт қилинган.

Canalys таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, 2020 йилда дунё бозорида элекромобиллар сотуви 2019 йилдагига нисбатан 39 фоизга ошиб, йил давомида 3,1 миллион дона электромобил сотилган.

Яқин келажакда қандай инвестициявий лойиҳалар амалга оширилиши мумкин?

Жорий йилда Ўзбекистонда «Лабо» автомобили базасида электромобил яратиш лойиҳасини амалга ошириш маълум қилинган. «Лабо» электромобилининг бошланғич таннархи 10 минг доллар атрофида бўлиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб Қўқонда электромобил ишлаб чиқариш бошланиши, автомобиллар нархи 3 минг доллар атрофида бўлиши маълум қилинган. Заводда йилига 2 минг дона электромобил ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. 30 млн долларлик лойиҳа Хитойнинг «Silk Road Company» компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, «Ўзавтосаноат» АЖ Буюк Британиянинг «Bentley» компанияси билан ҳамкорликда 2021 йилдан бошлаб янги электромобилларни ишлаб чиқариш бўйича музокара олиб бораётгани ҳақида хабар тарқалган. Норасмий хабарда 2025 йилга бориб, ушбу бренд остида 6 хил гибрид электромобиллар ишлаб чиқарилиши мумкинлиги айтилган.

Нима сабабдан электромобиллар Ўзбекистонда оммалашмаяпти?

Кўпчилик электромобилнинг республикада оммалашмаётганига техник сабабларни кўрсатмоқда. Бундай истеъмолчилар автомашинада носозлик кузатилса, унинг эҳтиёт қисмларини топишда муаммолар бўлишидан хавотирда эканини таъкидлайди.

Шунингдек, республиканинг барча ҳудудлари барқарор электр энергияси билан таъминланмагани сабаб электромобилларни қувватлаш билан боғлиқ муаммолар юзага келиши тайин.

Бутун республика бўйлаб қувватлаш шохобчалари йўқлиги ёки нисбатан чўнтакбоп бўлган электромобилларни қувватлаш учун узоқ вақт талаб қилиниши электромобиллар харид қилишни чеклаётган омиллардан бири экани айтилади.

Масалан, тахминий нархи 14 минг доллар бўлган Reno Z электромобили тўла қувватда 200 км масофани босиб ўтади. Машинани тўла зарядлаш учун 220 вольт токда 6 соат, 390 вольт токда эса 2 соатга яқин вақт кетиши белгиланган. Натижада Хоразмга кетаётган ҳайдовчи камида 10 соат вақтини транспортни қувватлашга сарфлаши мумкин.

Бошқа томондан, нисбатан қулай электромобилларнинг нархи анча қиммат. Масалан, Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган Hyundai Kona электромобиллари Ўзбекистондаги автосалонларда 35 минг доллар атрофида сотилмоқда.

Автосалон сотувчисининг маълум қилишича, автомашинанинг Кореядаги нархи ва йўл харажатлари 31,1 минг долларни ташкил этган. Шунингдек, транспортни Ўзбекистонга олиб кириш учун 2 700 доллар ҚҚС тўланган.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид