Жамият | 15:08 / 15.02.2021
8761
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондаги Алишер Навоий мақбараси Ўзбекистон томонидан реставрация қилинади

Ўзбекистон ҳукумати Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбарасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун маблағ ажратади.

Миллий матбуот марказида Маданият вазирлигининг Бебаҳо миллий-маданий обидаларга зарар етказиш ҳолатларининг олдини олиш, уларни асраш бўйича белгиланган устувор вазифалар мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Маданий мерос департаменти бошлиғи ўринбосари Фазлиддин Давлатовнинг маълум қилишича, Ҳирот шаҳридаги Навоий мақбараси давлат бюджетидан қайта таъмирланади.

Маълум қилинишича, 2020 йил 14 декабрда Вазирлар Маҳкамаси буйруғига асосан ташкил қилинган делегация Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрига ташриф буюрган.

Сардор Умрзоқов бошчилигидаги делегация Ҳирот шаҳридаги мутафаккир Алишер Навоий мақбарасини кўздан кечирган. Бу ерда амалга ошириладиган ободонлаштириш ишлари, масжид қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Айни пайтда Афғонистон томони билан музокаралар олиб борилмоқда.

Мақбарани қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари Ўзбекистон томонидан амалга оширилади. Ушбу маблағ давлат бюджетидан ажратилади. Маблағ Ҳирот шаҳри ҳокимиятига ўтказиб берилади ва ишлар Афғонистондаги нотинч вазиятни эътиборга олган ҳолда ўша ердаги қурилиш фирмалари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон томонидан назорат ишлари олиб борилади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид