Ўзбекистон | 10:54 / 15.02.2021
11545
7 дақиқада ўқилади

Яна «снос», яна Олмазор. Ҳокимлик ва тадбиркор баҳсида ким ютиб чиқади?

Тошкентда айни бир тадбиркор иккинчи марта баҳсли «снос» муаммосига учраб, ҳокимликдан жабр кўряпти. Давлат ундан ҳали биринчи қарзини узмай туриб, бошқа бир биносини буза бошлаган.

Таҳририятга Олмазор туманида фаолият юритиб келаётган «Ният сервис» МЧЖдан мурожаат келиб тушди. Унда айтилишича, корхона эгалик қилиб келган Олмазор тумани Чимбой кўчасидаги 2-уй ёнида қурилган автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳокимлик томонидан «ноқонуний қурилган бино» сифатида баҳоланиб, бузиш ишлари бошланган.

Вазиятни ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбири манзилда бўлиб, тадбиркор ва ҳокимлик вакиллари билан мулоқот қилди.

«Ният сервис» МЧЖ раҳбари Aсрол Сайдалиевнинг сўзларига кўра, бир неча йиллар олдин бу жой ҳокимлик томонидан унга давлат эҳтиёжлари учун олинган бошқа мол-мулки ўрнига компенсация тарзида берилган.

Aсрол Сайдалиев

Олмазор тумани Чимбой кўчаси 2-уй ёнида илгари бетон ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланиб келган, қаровсиз ва ҳужжатсиз бўлган 2 та махсус бокс, 1 та омборхона ва 1 та маъмурий хоналардан иборат қурилма туман ҳокимининг 1996 йилдаги фармойишига асосан «Ният сервис» МЧЖ тасарруфига берилган.

Бу вақтда мазкур ҳудуд 644,7 кв.м майдонга эга ташландиқ жой бўлган.

Бу бино-иншоотлар Тошкент шаҳар ҳокимининг 2007 йил декабрдаги қарорига асосан бузиб ташланиб, унинг 1 сотих ер майдони «Носир ота» МЧЖга ажратиб берилган (бу ерда ҳозирги «Марварид» ресторани жойлашган).

Шу боис, тадбиркорнинг айтишича, «Ният сервис» МЧЖга компенсация ўрнига Олмазор туманининг ўша вақтдаги раҳбарлари берган оғзаки ваъдага асосан, кейинчалик расмийлаштириб бериш шарти билан яқин масофада жойлашган жарлик ҳудудидан ер кўрсатилади. Бу ҳудуд ҳам ҳужжатларда Олмазор тумани Чимбой кўчаси 2-уй ёни деб қайд этилган.

«Ният сервис» МЧЖ раҳбари А.Сайдалиев туман ҳокимининг гапига ишониб, ўзига компенсация тарзида берилган ерни ўз ҳисобидан текислатиб, ободонлаштириб, у ерга автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси қуради.

Олмазор туман ҳокимлигининг «ҳужуми»

Олмазор туман ҳокимлиги «Ният сервис» МЧЖ фойдаланиб келган бу бино-иншоотни «ноқонуний қурилма» деган важ асосида тадбиркор ҳисобидан буздириш талаби билан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритади.

Суднинг 2020 йил 3 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан ҳокимликнинг даъво талаби қаноатлантирилади ва бино-иншоотлар жавобгар ҳисобидан бузилиши белгиланади.

Тадбиркор A.Сайдалиев бизга тақдим қилган суд ажримларидаги бир жиҳат эътиборимизни тортди. Аниқланишича, «Ният сервис» МЧЖ Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритиб, жавобгар Олмазор тумани ҳокимлиги зиммасига мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида қарор чиқариш ҳамда бузилган бино-иншоотлар (ҳозирги «Марварид» ресторани ўрнида бўлган 2 та махсус блок, 1та омборхона ва 1та маъмурий хонадан иборат қурилмалар) ўрнига компенсация ажратишни сўраган.

Ҳокимлик суд қароридан устун бўлишга уриняпти

Бундан ташқари, «Ният сервис» МЧЖ шу судга яна бир ариза киритиб, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 3 сентябрдаги бино-иншоотларни бузиш ҳақидаги қарори ижросини тўхтатиб туришни сўраган. Суд 2020 йил 11 ноябрдаги ажрими билан «Ният сервис» МЧЖнинг даъвони таъминлаш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантиради ва бино-иншоотларни бузиш тўғрисидаги суд қарори ижросини иш биринчи инстанция судида кўриб чиқилиб, ҳал этилгунга қадар тўхтатиб туриш тўғрисида ажрим чиқаради.

Суд 2020 йил 15 декабрдаги ҳал қилув қарори билан тадбиркорнинг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этади.

«Ният сервис» МЧЖнинг кассация тартибида киритган шикояти Тошкент туманлараро иқтисодий суди кассация инстанцияси иш юритувига қабул қилинади ва 2020 йил 21 декабрдаги ажрим билан суднинг 2020 йил 3 сентябрдаги ҳал қилув қарори ижроси иш кассация инстанциясида кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб қўйилади.

Аммо, суднинг тегишли ажрими бўлишига қарамай, ҳокимлик тадбиркорнинг бино-иншоотларини шошилинч тарзда бузиб ташлашга киришади.

Ҳокимлик нима фикрда?

Олмазор туман ҳокимлиги матбуот котиби Дилфуза Раҳимова ҳолатга изоҳ бераркан, тадбиркорнинг бино-иншоотларини бузиш суд қарорига асосан амалга оширилганини, ҳозирги «Марварид» ресторани ўрнида бўлган Олмазор тумани Чимбой кўчасидаги ер майдони тадбиркорнинг тасарруфига берилган бўлса-да, бу учун кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмагани сабабли бузилган биноларига компенсация тўланмаслигини маълум қилди.

«Ният сервис» МЧЖдан давлатнинг «қарзи» бор эди

Aжабланарли томони шундаки, яқингача тадбиркор Aсрол Сайдалиевдан шундоғам давлатнинг қарзи бор эди.

Гап шундаки, «Ният сервис» хусусий корхонасига тегишли бўлган Миробод туман, Меҳржон кўчаси, 35-уй манзилидаги 1 млрд 365 млн 226 минг сўмга баҳоланган 495 кв.м бино-иншоот шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат эҳтиёжи учун олинган.

Корхонага тегишли бино ва иншоотлар бузилгани оқибатида етказилган зарарни қоплаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 11 июндаги 906-сонли қарори билан Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ-1 мавзеси, 8-уй манзилида жойлашган 222 кв.метрлик 533 млн 601 минг сўмга баҳоланган ҳамда Чилонзор тумани, Қатортол кўчаси, 38-уй манзилида жойлашган 230 кв. метрлик 430 млн 85 минг сўмга баҳоланган бинолар ажратилган.

Ўринга-ўрин берилган объектларнинг баҳолаш қиймати 963 млн 687 минг сўмни ташкил этиб, ўртадаги тафовут 401 млн 539 минг сўмни ташкил этган.

2018 йилнинг 25 сентябр куни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Бинолардан фойдаланиш департаменти ва «Ният сервис» ўртасида юқорида қайд этилган 401 539 593 сўм миқдордаги тафовут пул маблағлари эвазига қўшимча бино ажратишни сўраб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат этиш ҳуқуқига эга экани юзасидан №459-сонли келишув битими имзоланган.

Аммо «Ният сервис» ХК раҳбари Асрол Сайдалиев томонидан бино ажратишни сўраб бир неча маротаба мурожаат этган бўлишига қарамай, Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан тафовут суммаси миқдорида баҳоланган бино ёки ушбу қийматдаги пул ажратиб берилмай келган. Бу ҳақда сайтимиз орқали бир эмас, икки марта мақола ҳам эълон қилинган.

Тадбиркор Сайдалиевнинг айтишича, шаҳар ҳокимлиги тўлаши лозим бўлган 401,5 млн сўм компенсация бир ҳафта аввал тўлаб берилган.

Хуллас, мана шунақа гаплар. Бир тадбиркор бир эмас, иккинчи марта давлатнинг ижро этувчи органи – ҳокимликдан жабр кўрмоқда.

Ҳокимликнинг тадбиркор олдидаги қарзи узилмай туриб, унга такрор «ҳужум» қилинмоқда.

Бир нечта доимий иш ўрни яратган, ўнлаб оилаларнинг қора қозони қайнашига сабабчи бўлиб турган тадбиркорнинг тақдири ҳокимлик чангалида яксон этилмоқда.

Журналист: Раҳматилло Исроилов
Тасвирчи: Абдусалим Абдувоҳидов

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид