Жамият | 16:28 / 16.02.2021
15571
6 дақиқада ўқилади

Оқдарёдаги кўприк президент буйруғидан сўнг ҳам қайта тикланмади. Топшириқ кимларга берилган эди?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий бошқарув органларига бир қатор топшириқлар берилганди. Ана шу топшириқлардан бир нечтаси ҳали ҳам тўлиқ бажарилган эмас.

Хусусан, мазкур ташриф доирасида ўтказилган йиғилиш баёнининг 25-қисмида қуйидаги банд бор:

«Оқдарё ва Пайариқ туманларини боғловчи Човка қишлоғидаги «Оқдарё» дарёси устидан ўтувчи сел оқибатида авария ҳолатига келиб қолган кўприкни қайта тиклаш».

Эътибор берган бўлсангиз, топшириқда кўприкни айнан қайта тиклаш кўзда тутилган. Сабаби шундаки, 2008 йилда кўприкни сел ювиб кетгач, Оқдарё тумани маркази ва қатор қишлоқлари аҳолиси Пайариқ туманига ўтиш учун 40 километр ортиқча йўл босишига тўғри келмоқда. Ҳолбуки, биттагина кўприк узоқ йиллар давомида қўшни туманга ўтиб қайтиш имконини берган. 9 йилки, аҳоли учун ноқулайлик, ҳар қандай транспорт учун ортиқча ёнилғи ва ортиқча сарсонгарчилик.

«Икки туман аҳолиси қадим йиллардан буён қуда-андачилик, қариндошчилик ришталари билан боғланган, аммо дарёнинг устидаги кўприк ҳар йили сув тошқини туфайли икки-уч марта бузилиб вайрон бўлади. Шу сабабли бир неча марта кўнгилсиз воқеалар, автоҳалокатлар юз бермоқда. Маҳаллий аҳоли пул йиғиб, ҳар сафар кўприкни тузатамиз. Лекин мустаҳкамроқ кўприк қуришга қурбимиз етмаяпти, ҳозирги кунда ҳам худди шу аҳволдамиз. Яқинда аҳоли ташаббуси билан дарё бўйидаги йўлларимизга тош тўкиб, текисладик, аммо кўприк яроқсиз, транспортлар ўтолмаяпти, минглаб йўловчиларимиз, ёш болалар, қариялар ушбу муаммодан қийналмоқда», дейди туман аҳли таҳририятга мурожаатида.

Оқдарёликларнинг неча йиллар давомида қилган мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлари ҳар ҳолда тегишли идораларга етиб бориб, давлат раҳбарининг тегишли топшириғи берилганини айтдик. Шундан сўнг мазкур кўприк ёнгинасида пиёдалар учун осма кўприк қуриб берилган, аммо топшириқда айтилган кўприкни қайта тиклаш амалга ошмай қолиб кетган. Ҳудуд аҳолиси эса дарё устидан айнан транспорт қатнови тикланишини истайди.

Муаммо ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида ҳам бир неча бор тилга олингач, шу йилнинг 5 феврал куни туман ҳокимлиги телеграм саҳифасида муносабат эълон қилинди. Унда «Жорий йилда кўприкни таъмирлаш дастурга киритилган бўлиб, таъмирлаш учун маблағ ажратилиши ва таъмирлаб фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда», деб эълон қилинган. Баёнотда кўприк маҳаллий бюджет маблағлари эвазига тикланиши маълум қилинган.

Мазкур баёнотдан сўнг аҳоли ҳам ва ниҳоят бу йил муаммо ҳал бўлишидан умидвор бўлаётганини айтди. Бироқ туман ҳокимлиги мутасаддилари кўприк учун маблағ ажратилмаганини билдирди:

«Биз бу кўприкни маҳаллий бюджет ҳисобидан қилиб беролмаймиз. Чунки анча маблағ, 4-5 миллиард сўм керак бўлади. Қолаверса, кўприк на туман ҳокимлиги балансида, на ободонлаштириш балансида ва на «автойўл» балансида, ҳеч қайсининг балансида турмайди. Аммо аҳолининг мурожаатларини эътиборга олиб, давлат дастурига киритиш учун ҳар йили республикага таклиф берамиз. Муаммоли масалалар сифатида Иқтисодиёт вазирлигига юборамиз, лекин маблағ ажратилмаяпти-да...», дейди туман ҳокими ўринбосари Бобомурод Уралов.

 Ҳоким ўринбосари кўприкнинг жорий йилда тикланиши ҳақидаги баёнотга ҳам изоҳ берди:

«Кўприк айнан шу йилда тикланиши ҳақида ваъда бермаганман. Эҳтимол, бошқа бирор ташкилот вакили айтгандир. Аниғи шу, туманнинг кучи етмайди бунга, агар вилоят ёки республикадан маблағ ажратилмаса».

Дарвоқе, 60-70 йилларда қурилган бу кўприк нега айнан сўнгги ўн йилда яроқсиз бўлиб қолди? Тўғри, эскиргани ҳам рост, аммо масаланинг яна бир томони бор: Аҳолининг айтишича, сўнгги йилларда дарёнинг турли жойларидан қуриш ишлари учун ноқонуний тарзда тош қазиб олиш ишлари кўпайган. Жумладан, мана шу кўприк яқинидан ҳам тош қазилавергач, аҳоли қайта таъмирлагач ҳам кўприк бузилиб кетаверган. Чунки, тош қазилгач, чуқур ўрни атрофдаги тошлар силжиши эвазига тўлади ва кўприк остидаги тошлар ҳам ўз-ўзидан пасаяди. Оқибатда, кичикроқ бир сел ёки тошқин кўприкни яроқсиз ҳолатга келтиради.

Ҳозирча, кўприк қачон тикланиб, аҳолининг оғири енгил бўлишини билмаймиз. Аммо тикланган тақдирда масаланинг бу томони ҳам мутасаддилар эътиборидан четда қолмайди деган умиддамиз.

Мазкур мақола тайёрланиш жараёнида Оқдарёдан яна бир мурожаат келди. Унда ҳам айнан кўприк муаммоси ва айнан давлат раҳбари топшириғи бажарилмагани айтилмоқда. Фақат бунда бошқа ҳудуд — Оқдарё туманининг «Истиқлол» МФЙ ҳудудидаги Оқсилот, Сарка, Қоратери ва Хайрбуви қишлоқлари аҳолиси учун, пиёдалар учун кўприк қуриш муаммосига ечим топилмай келаётгани баён этилган.

Биз юқорида тилга олган президент иштирокидаги йиғилиш баёнида кўприк борасидаги топшириқлар «2019 йилда Ўзбекистон Республикаси ривожлантириш давлат дастурига киритиб амалга оширилиши таъминлансин» деб аниқ белгиланган. Аммо шунга қарамай, молиялаштириш масаласи бугунги кунгача ҳал этилмай қолиб кетган. Мутасаддилар давлат раҳбари топшириғига жиддий қарашганида, фикримизча, бугун фуқаролар ҳам сарсон бўлишмасди.

 Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири.

Анвар Мустафоқулов
Тайёрлаган Анвар Мустафоқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид