Жамият | 12:37 / 16.02.2021
8202
5 дақиқада ўқилади

«Саратон ҳукм эмас, агар...» — Болалар онкологиясидаги муаммолар бўйича жамоатчилик мурожаати

Ривожланган давлатларда болаларнинг онкологик касалликлардан тузалиш даражаси 70–80 фоиз, Ўзбекистонда эса атиги 20 фоиз. Республикада онкология соҳасини ислоҳ қилишга оид ҳужжатлар ижроси қониқарсизлигича қолмоқда.

15 феврал – Халқаро болалар онкологиясига қарши курашиш кунида, Ўзбекистонда онкологик ташхис қўйилган болаларга ёрдам кўрсатувчи «Эзгу амал» жамоат фонди ўз фаолиятига доир ҳисобот тақдимотини ўтказди.

Тақдимотда болалар онкологияси соҳасидаги муаммолар хусусида сўз борди ва давлат раҳбарига мурожаат қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Бугунги кунда болалар онкологияси мавзуси қанчалик долзарблиги барчага маълум. Ҳар бирингиз ижтимоий тармоқларда ота-оналарнинг ўз фарзандларига қиммат дорилар, муолажалар учун маблағ йиғишга ёрдам сўрашларини учратгансиз. Онко-гематология хизматини яхшилаш бўйича ҳукумат қарор ва ҳужжатлари чиқарилганидан бери йиллар ўтди. Аммо ота-оналарнинг ёрдам сўраб қиладиган мурожаатлари камайгани йўқ. Бу – онкогематология хизматининг даражасини ва норматив ҳужжатлар ижроси қай аҳволдалигини кўрсатади.

Шу боис жамоатчилик бу масалада президентга мурожаат қилиш ва онкогематология соҳасини такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини беришга қарор қилди.

Саратон ҳукм эмас, агар у эрта босқичларда аниқланса. Саратон ҳукм эмас, агар поликлиниканинг оддий педиатри болани ўз вақтида мутахассисга йўналтирса. Саратон ҳукм эмас, агар болалар клиникаси замонавий тиббиёт ускуналари, дорилар ва реагентлар билан жиҳозланган бўлса. Саратон ҳукм эмас, агар онкогематология мутахассислари халқаро даражада хизмат кўрсатишса. Саратон ҳукм эмас, агар ота-оналар болаларини даволатиш учун маблағ топа олишса», – деди жамоат фонди васийлар кенгаши раиси Мунира Хожахонова.

«Боласи жон бераётганда телбаликдан сочини юлаётган онани ҳеч кўрганмисиз? Чорасизликдан қалб оғриғини тинчлантириш учун ўзини бутун танаси билан деворга ураётган отани-чи?» – таъкидлади у.

Фонд маълумотларига кўра, ривожланган давлатларда болаларнинг онкологиядан тузалиш даражаси 70–80 фоизни ташкил қилгани ҳолда, бу кўрсаткич Ўзбекистонда 20 фоизга ҳам етмайди.

«Онкологик хизмат соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, уларнинг барча бандлари қониқарли даражада ижро этилаётгани йўқ», – дейилади «Эзгу амал»нинг давлат раҳбарига мурожаатида.

Мурожаатда болалар онкологиясига оид қуйидаги муаммолар санаб ўтилган:

— Болалар онкология ва гематология бўлимлари катталар учун мўлжалланган онкология ва гематология марказларида жойлашган. Бундай тизим ҳозирда фақатгина Тожикистон ва Туркманистонда сақланиб қолган. МДҲнинг бошқа давлатлари, АҚШ ва Германия сингари ривожланган мамлакатларда болалар гематологияси ва онкологияси узвий боғлиқ йўналишлар бўлгани боис бирлаштирилган ҳолда болалар кўп тармоқли марказларида жойлаштирилган.

Кўп тармоқли болалар марказлари беморларга зарур мутахассислар (педиатр, кардиолог, жарроҳ, травматолог, нейрохирург), реанимация бўлимлари бир жойда жамланиши билан қулайдир. Ўзбекистондаги Гематология ва онкология марказларида эса шу кунга қадар болалар реанимация бўлими мавжуд эмас.

— Эрта ташхис хизматининг йўқлиги. Республиканинг чекка ҳудудларида тиббиёт етарли ривожланмагани сабабли онкология ташхиси кеч босқичларда аниқланмоқда. Касалликнинг 3-, 4-даражасида қўйилган ташхис бемор ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини қисқартиради.

Замонавий ташхислаш текширувлари хусусий клиникаларда пулли. Бемор тўлиқ текширувдан ўтиши учун 800−1000 доллар харажат қилишга мажбур.

— Даволашнинг замонавий стандартлари йўқ. Онкология бўлимларида халқаро стандартларга асосланган даволаш протоколларини қўллаш учун етарли шароит йўқ. Чунки етарли асбоб-ускуна, тиббий анжомлар, қиммат дори воситалари, қон ва қон маҳсулотлари хамда малакали кадрлар етишмовчилиги мавжуд.

Кадрлар муаммоси. Малакали мутахассислар етишмовчилиги, айниқса вилоятларда, маош камлиги боис ёш кадрларнинг мазкур соҳага қизиқиши пастлиги, яхши мутахассисларнинг бошқа соҳага ёки чет элга ишга ўтиб кетиши, чет элда малака ошириш имкониятининг йўқлиги, шунингдек, тил билмаслиги ва ўқиш учун шароит йўқлиги болалар онкологияси ривожланишига тўсиқ бўляпти.

Жамоат фонди давлат раҳбарига мурожаатда бу муаммоларни ҳал қилишни сўраган ҳолда, ечим учун таклифларни илгари сурган.

Жумладан, халқаро стандарларга асосланган ҳолда кўп тармоқли болалар марказларида онкология ва гематология учун умумий бўлим ташкил қилиш, онко-гематологик хасталиклар билан оғриган болаларга эрта ташхис, даво ва паллиатив ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, замонавий стандартлар асосида даволаш метод ва протоколларини ишлаб чиқиш, соҳада хизмат кўрсатувчилар учун касбий стандартларни ишлаб чиқиш, мазкур тавсияларнинг бажарилишини мониторинг ва назорат қилиш учун экспертлар гуруҳини ташкил қилиш таклиф қилинмоқда.

Мурожаатнинг матни билан ушбу ҳаволада тўлиқ танишиш ва уни қўллаб-қувватлаш учун имзо қолдириш мумкин.

Мавзуга оид