Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент тиббиёт академиясида Япония компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда миграция соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўплаб мамлакатлар сингари япон компанияларида ҳам қизиқиш уйғонмоқда.
Тошкент тиббиёт академияси матбуот хизматининг хабар беришича, шу йилнинг 22 сентябрида Ўзбекистоннинг Япония давлатидаги элчихонаси "Aoikai medical corporation" компанияси вакиллари билан учрашиб, икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисида бир неча таклифларни муҳокама қилган эдилар. Бугунги учрашув ана шу мақсадли келишувнинг мантиқий давоми бўлгани айтилади.
Тошкент тиббиёт академияси билан Япониянинг "Aoikai medical corporation" компанияси ўртасида имзоланган меморандум яқин келажакда тиббиёт академияси ёшларига кунчиқар мамлакатда ўқиш ва ишлаш имкониятини беради.
Учрашувда университет проректори Эрё Сосей, Гиннес Рекордлар китобига кирган машҳур инсон, сузиш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Тягачи Набутака компания тўғрисида ва ўзи ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди.

Тошкент тиббиёт академияси талаба ёшларининг катта қизиқишига сабаб бўлган бу нуфузли корпорацияга 1978 йилда асос солинган. Асосий фаолияти тиббиёт, ижтимоий ёрдам ва меҳмонхона хизматидан иборат.
Умумий ишчилари сони 15 мингдан ортиқ компанияда айни кунда 300 нафарга яқин чет эллик фуқаролар ишлайди. Корпорация таркибида 30 та касалхона, 81та кексаларни парваришлаш марказлари, 11 та мактабгача таълим муассасалари, япон тили маркази, коллеж ва тиббиёт соҳасига ихтисослашган университетлар ҳам мавжуд.

Бўлиб ўтган учрашувда талаба ёшлар учун катта имконият мавжудлиги борасида қизиқарли маълумотлар берилди. Хусусан, япон тилини билиш даражасига қараб улар Японияда ўқиш учун махсус грант лойиҳаларида иштирок этишлари мумкин. Меморандум шартларига кўра, корпорация иқтидорли талабаларни 100 фоизли грант асосида ўқишга қабул қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Дунё миқёсида энг узоқ умр кўрувчилар рўйхатида турадиган японлар учун ижтимоий ҳимоя тизими ва давлат дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, чет элдан ишга жалб этилаётган тиббиёт ходимлари ва ёш мутахассисларга қариялар ва якка ёлғиз кексаларни парваришлаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ишларига таклиф этилади.