Жамият | 14:34 / 18.02.2021
2961
2 дақиқада ўқилади

Саратонга чалинган болалар учун хайрия қутилари: йиғилган маблағ беморларга қандай етиб боради?

«Эзгу амал» фонди маълумотига кўра, 2020 йилда korzinka.uz тармоғи супермаркетларида жойлаштирилган хайрия қутилари орқали 1 млрд сўм жамланган.

Фото: «Эзгу амал» фонди

«Эзгу амал» жамоат фондининг йиллик ҳисобот тақдимотида жойларда ўрнатиладиган хайрия қутиларидаги маблағнинг беморларга етиб бориши жараёни ҳақида маълумот берилди.

Фонд васийлар кенгаши аъзоси Алиме Жалилованинг тушунтиришича, хайрия қутилари кўнгиллилар иштирокида очилади, маблағ банк орқали «Эзгу амал» жамоат фонди ҳисобига ўтказилади.

«Барча хайрия қутилари фонд ва қути ўрнатиладиган ҳудуд (дўкон, ташкилот) эгаси билан келишув асосида жойлаштирилади. Қутилар одамлар кўп жамланадиган ва кўз тушадиган жойга қўйилади. Қути олдида камера ўрнатилган бўлиб, доимий назорат олиб борилади.

Қутиларда маблағ йиғилгач, уларни очиш жараёнида волонтёрлар ва барча хоҳловчилар иштирок этишади. Пул одамлар олдида саналади. Мисол учун, супермаркетда исталган мижоз бу жараёнга қўшилиши ва санашга ёрдам бериши мумкин. Бир сўм ҳам назардан қочирилмаслиги учун тангалар ҳам саналади. Бу мақсадда фонд томонидан танга сановчи машина ҳам харид қилинган.

Пуллар саналгач, далолатнома тузилади. Фонд ва қути жойлашган ҳудуд вакиллари имзо қўйгач, инкассаторлар ёки яқин орадаги банк ходимлари келишади. Улар билан ҳам келишув имзоланади ва пул фонд ҳисобрақамига ўтказилади. Қутилар яна пломбалаб қўйилади», – деди фонд вакили.

Билдирилишича, 2020 йилда korzinka.uz тармоғи супермаркетларида жойлаштирилган хайрия қутилари орқали 1 млрд сўм жамланган. Мазкур маблағ «Эзгу амал» фонди орқали онкологик касалликлар ташхиси қўйилган болаларга ёрдам учун йўналтирилган.

Маълумот учун, 2018 йилдан бери фаолият юритиб келаётган «Эзгу амал» фонди ҳомийлик маблағлари асосида 8 млрд сўмдан ортиқ қийматда беморларга ёрдам кўрсатган. Шундан 800 млн сўми айнан дори-дармон харажатларига сарфланган.

Бундан ташқари, беморларнинг даволаниш учун хорижга бориб-келиши, жарроҳлик амалиёти кабилар учун харажатларга ёрдам кўрсатилади.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид