Жаҳон | 20:35 / 19.02.2021
6508
2 дақиқада ўқилади

Шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси қироллик оиласи аъзолари мажбуриятларини бажаришдан батамом воз кечишди

Фото: Hannah McKay/File Photo / Reuters

Букингем саройи шаҳзода Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл Британия қироллик оиласи аъзолари мажбуриятларини бажаришдан батамом воз кечганларини тасдиқлади. Саройда таъкидланишича, қироллик оиласи бу қарордан қайғуда, бироқ Сассекс герцоги ва герцогиняси қироллик оиласининг суюкли аъзолари бўлиб қолишади.

Эндиликда шаҳзода ва малика барча ҳарбий унвонлардан маҳрум бўладилар ҳамда кўплаб хайрия ташкилотлари ва таълим муассасаларининг ҳомийлари бўла олмайдилар.

Шу билан бирга, улар Сассекс герцоги ва герцогиняси бўлиб қоладилар ва Ҳарри шаҳзода унвонини сақлаб қолади.

Жуфтлик қироллик оиласи катта аъзолари мақомидан воз кечиш ва қироллик оиласидан молиявий мустақил бўлиш қарори ҳақида бир йил аввал эълон қилганди. 2020 йил март ойида шаҳзода ва малика қироллик оиласи аъзолари мажбуриятларини бажаришдан расман воз кечишган, бироқ қиролича бу масала бўйича якуний қарорга келиш учун уларга бир йил муддат берган.           

Охирги маълумотларга кўра, жуфтлик иккинчи фарзанд кутмоқда. Шаҳзода ва маликанинг тўнғич фарзанди Арчи май ойида 2 ёшга тўлади. 

Ҳозирда жуфтлик Калифорнияда яшамоқда.

Мавзуга оид