Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқтепадаги муаммолар: Ижтимоий соҳа объектларига эҳтиёж бор; йўл, интернет ва электр энергияси таъминоти яхшиланиши керак
Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани Оқтепа қишлоғида янги мактаб ва болалар боғчаси қуришга эҳтиёж бор. Қишлоқ врачлик пункти ва дорихона йўқ. Интернет алоқаси ва ички кўчалар расво. Электр таъминоти ҳам эскирган.
Аввалроқ сайтимизда аҳоли мурожаатининг биринчи қисми — умумтаълим мактабини қайтадан қуриш бўйича давлат томонидан маблағ ажратилган бўлса-да, қурилишни бошлаш учун ер йўқлиги ҳақида репортаж эълон қилган эдик.
Қишлоқ гузарида маҳалла аҳолиси билан учрашганимизда улар ўзларини қийнаётган бошқа муаммолар, чунончи, қишлоққа олиб борадиган йўл носозлиги, болалар боғчаси йўқлигини ҳам маълум қилишган эди.

Ҳа, қишлоққа олиб борадиган асосий йўл ҳамда ички йўлларнинг носозлиги аҳолини қийнаб келмоқда. Расмийлардан талаб ҳам битта — қишлоққа олиб келадиган асосий йўлни созлаб бериш.

Маҳалла фаоли Рустамжон Иномжоновнинг билдиришича, ўтган йили қишлоқ йўлларини таъмирлаш учун давлат томонидан маблағ ажратилган. Бироқ бу маблағ асосий йўл таъмири учун сарфланмаган. Маҳалланинг айрим асосий кўчаларига шағал ётқизилиб кетилган. Қолган ички маҳаллалар эса аҳоли маблағидан шағаллаштирилган.

«Қишлоғимиз туманимизнинг энг чекка қишлоқларидан. Қишлоқда йўллар асфальт қилинмаган. Аҳоли ўз пулига кўчаларга шағал тўккан. Бир нарсани тан олиб айтишимиз керак: ўтган йили қишлоққа олиб кирадиган асосий йўлни асфальтлаш учун давлат томонидан 25 млн сўм пул ажратилган. Кейинчалик расмийлар турпоқ йўлларни шағаллаш керак, ундан сўнг асфальт қилинади деб қарор чиқарди. Шу бўлди-ю, қишлоқнинг айрим кўчалари шағалланиб кетилди. Қолган маҳаллалар ўз шахсий маблағидан пул йиғиб, ички кўчаларни шағаллаштирди», – дейди маҳалла фаоли Р.Иномжонов биз билан суҳбатда.

Яна бир муаммо — қишлоқда қишлоқ врачлик пунктининг йўқлигидир. Қишлоқда бирорта дорихона йўқ. Энг яқин дорихона қишлоқдан 3 км узоқликда жойлашган.
«Унда ҳам сиз излаган дори-дармон бор бўлса хўп-хўп, йўқ бўлса, туман марказига боришингизга тўғри келади. Кимнингдир тагида улови бор бўлса бу қийинчилик билинмайди. Улови йўқларга қийин. Айниқса кечки маҳаллар машаққатни кўрасиз. Қийин, жуда қийин. Шунинг учун ҳам қишлоққа транспорт қатнови керак. Шу ҳудуддан 2,5-3 км узоқликда врачлик пункти бор. Одамлар касал бўлса ҳам, эмланиш учун ҳам ўша ерга боради. Масъуллардан шароитга қараб туриб қишлоқнинг ўзига битта қишлоқ врачлик пункти очиб беришини ҳам сўраймиз. Қишлоқ марказида мана клубимиз бор, эски бўлса ҳам. Шуни озгина ўзгартириб берса ҳам бўлади», — дейди суҳбатдошимиз Рустамжон ака.
Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, Оқтепада мобил уяли алоқа телефонлари учун антенна ҳам зарур. Карантин вақтида ўтказилган онлайн дарсларда қишлоқ ёшлари уйларининг томларига чиқиб онлайн ўқишга мажбур бўлган.
Бу борада улар «Ўзбектелеком»нинг Фарғона вилояти бошқармасига кўп бора мурожаат қилишган лекин, уларнинг мурожаатлари бир йилдан буён эътиборсиз қолдириб келинмоқда экан.
«Қишлоқда иқтидорли ёшларимиз жуда кўп. Уларнинг илм олишлари учун етарли шароитнинг ўзи йўқ. Болаларимизнинг вақти телефонига антенна қидириш билан ўтиб кетмоқда», – дейди маҳалла фаоллари.
Ижодий гуруҳимиз ва мурожаатчилар билан биргаликда маҳалланинг ички кўчаларини айландик. Гувоҳи бўлганимиз, маҳалланинг қумлоқликлардан иборат йўллари, 1968 йилда ҳашар йўли билан ўрнатилган, вазифасини аллақачон ўтаб бўлган «столба»лар.
Эътиборимизни тортган ҳолат – қишлоқни электр энергияси билан таъминлаб берадиган трансформатор маҳалладаги хўжаликлардан бирининг ичида жойлашгани бўлди. У 1968 йилда ўрнатилган. Мазкур трансформатор кўп бора таъмирдан чиқарилган. Ҳар гал таъмирлаш ишларини маҳалланинг ўзи аҳолидан пул йиғиб амалга оширади.

«Бу йилги қиш мавсуми олдидан ушбу трансформаторни «ремонт» қилдик. Буни маҳалланинг ўзи қилади, бизга биров қилиб бермайди. Бу йил айтарли муаммо бўлгани йўқ. Нимага десангиз трансформатор узоқ муддат ишлагани йўқ-да. Бир соат ишласа, икки соат «свет» ўчади. Тўхтовсиз ўчиб-ёнаверади. Шунинг учун бўлса керак — дам олиб, дам олиб ишлагани учун ҳам иш кўрсатгани йўқ. Яхши бўлиб турибди ҳозир. Аммо мана бу столбаларнинг аҳволини кўриб турибсиз. Булар 1968 йилда қурилган. Шу вақт оралиғида янгиланмаган», — дейди бизга йўлбошловчилик қилаётган маҳалла фаоли.

Оқтепаликларнинг мурожаатларида кўтарилган муаммоларнинг ижобий ечимини топиш мақсадида биз масъуллар — туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, Электр тармоқлари корхонаси раҳбари билан учрашиб, уларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.
Учкўприк туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Баҳодир Имомовнинг бизга маълум қилишича, Оқтепа қишлоғида ҳақиқатдан ҳам 2003 йилгача фельдшерлик-акушерлик пункти бўлган. У ерга шифокор қўйишнинг иложи бўлмаганлиги ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар сабаб қишлоқдан 1,5 километр масофадаги Милтиқчи қишлоғига Қишлоқ врачлик пункти очилган. Ҳозир ушбу ҚВП 14 минг аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда экан.
«Оқтепа қишлоғига ҳеч қандай тиббиёт пунктини очиш мумкин эмас. Бироқ аҳоли талабидан келиб чиқиб, биз чора-тадбирлар белгиладик. Президентнинг 2020 йил ноябр ойидаги 6110-сонли фармонларидан келиб чиқиб, қишлоқда тиббиёт коллежи битирувчиларининг ҳамширалик иш фаолиятини ривожлантириш мақсадида рухсатнома олиб бериш чора-тадбирларини белгилаяпмиз. Шу ишларни ташкил қилсак, ўйлаймизки, қишлоқдаги муаммолар ўз ечимини топади», - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Баҳодир Имомов.
Kun.uz мухбири туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбари Наримон Мелиқўзиев билан ҳам мулоқотда бўлди. Масъул шахснинг таъкидлашича, ҳозирги кунда аҳолининг мурожаатига асосан дастурлар тасдиқланмоқда. Бу бўйича эса, асосан мурожаат қилинган ҳудудларга, эскирган, янгилашни талаб қиладиган тармоқлар ўрнига янги тармоқлар олиб борилмоқда. Оқтепа қишлоғини ўз ҳудудига олган тумандаги «Истиқбол» МФЙда аҳолининг мурожаатига асосан ҳудуддаги 700 метр тармоқ 2021 йилда реконструкция қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, туман ЭТК раҳбаридан Оқтепа қишлоғидаги трансформаторни аҳоли яшаш уйининг ҳовлисида жойлашгани, қишлоққа 1968 йилда ўрнатилган таянчлар тақдири бўйича ҳам изоҳ сўрадик.
«Ҳозирда электр қурилмаларининг муҳофаза қилиниши бўйича белгиланган чора-тадбирларга асосан ташкилий ишлар кўрилмоқда. Оқтепадаги ҳолатда қурилманинг муҳофаза майдони хўжалик томонидан ўраб олинган. Тез кунларда уни бошқа ҳудудга олиб чиқиш ишларини ташкиллаймиз. Таянчлар масаласига келсак, 2021 йил давомида барча таянчларни янгисига алмаштириб берамиз», — деди туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбари Наримон Мелиқўзиев.
Учкўприк туманининг Оқтепа қишлоғидан қайтар эканмиз, одамларнинг эртанги кунга бўлган умидлари сўнмаслигининг гувоҳи бўлдик. Қишлоқ аҳли бизни кузатиб қўяр экан, «Телевизорда чиройли қишлоқларни кўрсатишса ҳавасимиз келади. Шундай ўзгаришлар бизнинг ҳам қишлоқда бўлса эди, деган умид билан яшамоқдамиз. Бир кун келиб бизнинг қишлоқ ҳам барча ҳавас қилса арзийдиган, барча шароитлар мужассам бир масканга айланишидан умидвормиз», деганича қолишди.
Файзулло Султонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Шоҳуёр Қаюмов
Мавзуга оид
11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди
19:58 / 21.05.2025
Яйпанда шундай ошхона бор: Ош салат, нон ва чойи билан 8 минг, шўрва эса 10 минг сўм
12:13 / 06.05.2025
Сўх ва Шоҳимардонга автомобилда ўтиб-қайтишда муаммо юзага келди
15:15 / 22.04.2025