Ўзбекистон | 12:14 / 21.02.2021
41692
6 дақиқада ўқилади

Президент аураси ёки ташрифлардаги таассуротлар

Қатор ОАВ вакиллари сингари Kun.uz сайти вакилларига ҳам Ўзбекистон президентининг ташрифларини бевосита кузатиш имконияти берилди. Якунланган ҳафта давомида сайт ходимлари президентнинг Наманган вилоятига сафарида ҳам ишлашди. Қуйидаги мақолада имкон қадар расмий саҳифаларда кўрсатилмаган жиҳатлар жамланган.

  • Нега кўпчилик президент олдида блокнотга ёзиб туради?
  • Давлат раҳбарининг оддий одамлар ва раҳбарлар билан сўзлашишида фарқ борми?
  • Шавкат Мирзиёев кимларни сенлайди?

Дастлаб умумий тушунчалар ҳақида: давлат раҳбарининг тадбирлари ва ташрифларини ёритиб бориш учун махсус текширувдан ўтилади – мухбирлар ҳам ҳар бир тадбир олдидан қайта текширилади. Бу хавфсизликнинг табиий талаби.

Президент ташриф буюрадиган жойга камида икки соат олдин борилади, айрим пайтлар кутиш 4-5 соатга ҳам чўзилиши мумкин. Бу ҳам тушунарли, давлат раҳбарининг кун тартиби йўл-йўлакай кўп ўзгаришларга учрайди. Бир жойда кўпроқ вақт сарфланиши кейинги объектга ҳам табиийки таъсир қилади.

Лекин жараёнда иштирок барча кутишларни оқлайди, яъни жуда қизиқ бўлади. Нега?

Давлат раҳбари аҳоли билан учрашганда хотиржам тинглайди, юмшоқлик билан гаплашади, одамларнинг кўнглини кўтаради, ислоҳотлар ҳақида тушунтиради. Аммо мутасаддилар билан йиғилишларда, тақдимотларда бутунлай бошқача муҳит ҳукм суради (афсуски, уларнинг кўпчилиги борича ёритилмайди):

  1. Президент оддий тилда, жайдаричасига гапиради;
  2. Жуда кўпчиликка «сен» дея мурожаат қилади, бу мутасаддилар томонидан тўғри қабул қилинади, мулоқотда яқинлик муҳитини яратади;
  3. Мавзуга алоқадор бўлмаган ҳар қандай гаплар дарҳол тўхтатилади;
  4. Президент бир мавзу бўйича тақдимот ўтказилаётганда кескин тўхтатиб, бошқа бир масалани сўраб қолиши мумкин ва бу мутасаддиларни кўпинча «терлатиб» юборади;
  5. Ҳар қандай лойиҳа тақдим қилинганда учта савол берилиши одат тусига кирган: амалга оширишинг учун нима керак, бундан қандай натижа кутилади, қанча иш ўрни яратасан ва энг муҳими халқимиз бундан нима наф кўради?

Наманганда янграган иқтибослар:

«Мустақиллигимизга ҳам 30 йил бўлди мана. Кўп нарсаларга кечикканмиз. Лекин энди ҳаракат қилмасак бўлмайди»;

Ёшларга қарата: «Аҳволлар қандай? Чиндан яхшими ёки эскидан ўрганиб қолинган ҳар доимги гапми?» (кулги кўтарилди);

«Бир ҳокимни ўн киши орасидан танлайман»;

«Эҳтиёжни ҳисобга олиб, Россияда тоннасини 15 минг рублдан картошка захира қилдириб қўйгандик. Уч ойгина вақт сақланди, ҳозир шу маҳсулотнинг тоннасини 25 минг рублдан сотишимизни сўрашяпти»;

«Олдин республикада «йилига 2 млрд доллар тўғридан тўғри инвестиция киритилди», дейиларди. Лекин шу ҳам ёлғон эди, ҳозир биргина Наманган вилоятининг ўзи йилига 2 млрд доллардан кўпроқ инвестиция жалб қиляпти»

«Оммавий ахборот воситаларини тўртинчи ҳокимият деймиз, аслида биринчи ҳокимият»;

«Бобурнинг ҳаётини қаранглар, у инсон бирор кун ҳаловатда яшамаган» (халқ депутатлари вилоят сессиясида айтилган гап);

«Эркин Воҳидов билан жуда кўп суҳбат қурганман. Оғир, босиқ, кенгфеъл одам эди. Абдулла Орипов бир кун айланиб юриб учта шеър ёзиб берарди. У учта шеърларнинг маъносини тушуниш учун ўнта китоб ўқиш керак эди. Насиб бўлса, ҳали бу хотираларни ёзиб қолдираман»;

«400 мингдан ортиқ аҳоли бор Мирзо Улуғбек туманида ҳоким эдим. У вақтда ҳеч қандай шароит йўқ эди. Ҳозир ҳокимларга ҳамма шароит яратиб берилган»;

«Алишер Бурхонович Усмонов 1 миллион доза вакцинанинг 500 минг дозасини ўзи олиб беришини айтди. Наманганга келишимни билиб, менга бир нарсани етказиб қўйишимни сўради. Наманганликларни яхши кўраман, биринчи 50 минг дозасини наманганликларга берайлик, деб айтди»;

«Тошкентдаги кабинетларини соғинган раҳбарлар Наманганни пиёда кезишади»;

«Сен мени эмас, халқни рози қилишни ўйла» (Намангандаги «Бунёдкор» маҳалласига кутилмаган ташрифда сектор раҳбарига айтилган гап);

«Мана шу сенинг қиёфанг, ишингга берилган баҳо. Наҳотки дарахт экиб, деворни оқлаб қўйиш ҳам қўлингдан келмайди?!» («Бунёдкор» маҳалласи раисига айтилган гап);

«Биласан, барибир бажармагунингча қўймайман, бўшаб кетиб қутуламан, деб ҳам ўйлама» (вазирлар ва вилоят мутасаддиларига қарата);

«Бола-чақаси, қариндош-уруғи бўлмаса ҳам булар Наманганга боғланган, юртини ташлаб кетгиси келмайди. Қариялар сони камчилик демай янги биносини қуриб беринглар, Андижон, Фарғонада сарсон бўлиб юрган қолганлари ҳам қайтишади» («Саховат уйи»да қолиб кетган 14 нафар қария ҳақида);

«Қаранглар, қандай чиройли болалар... Ҳаммасига менинг номимдан совға беринглар, арзирли бўлсин, президентни эслаб юришсин» («Меҳрибонлик уйи»дан қайтишда).

Кўпчилик блокнот тутганлар устидан кулади. Лекин бунинг объектив сабаблари бор, электрон қурилмалардан фойдаланишга ҳар доим ҳам рухсат берилмайди. Иккинчи муҳим жиҳат – учрашувлар 6-7 соатгача давом этади, уни камерага ёки диктофонга ёзиб олиш мумкин. Лекин тадбирлар ярим кечаси тугаганидан кейин ёритиш учун яна 6-7 соат қайта эшитиш қийин масала. Шундай қилиб, блокнот энг қулай воситага айланади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид