Ўзбекистон | 01:16 / 21.02.2021
41100
7 дақиқада ўқилади

Президент халқ орасида. Наманганга ташрифдан репортаж

Шавкат Мирзиёев 18–19 феврал кунлари Наманган вилоятида бўлиб қайтди. Ташриф давомида озчилик мақтов, кўпчилик танбеҳ эшитди. Kun.uz мухбирлари ташрифни бевосита жойидан ёритиб борди.

Фото: KUN.UZ

Ташриф давомида президентга ҳамроҳлик қилган вазирларга осон бўлмади. Уларнинг кўпчилиги меҳмонхонада ҳам кўрсатадиган лойиҳа тақдимотини қандай етказиш бўйича тайёргарлик кўришганига гувоҳ бўлдик. Бироқ уларнинг барчаси ҳам тақдимотдан кейин яхши гап эшитмади. Аксарият вазирликларнинг лойиҳалари президент томонидан танқид қилинди.

Хусусан, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов ва унинг ўринбосари Соҳиб Саифназаров ишни тўғри ташкил қилмагани учун жиддий танбеҳларни қабул қилиб олди.

Йўллар масаласида Фарғонада дакки эшитган Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев бу гал ҳам танбеҳлардан қуруқ қолмади.

Тадбиркорлар билан учрашувлар

Ташриф давомидаги кўрсатмаларида давлат раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш ва тадбиркорлар билан ишлашга асосий урғу қаратди.

«Бозоров Наманганда яхши ишлади. Катта корхоналар бўлмаган Наманганда ҳоким бўлиш осон эмас. Унинг тадбиркорлар билан бирга ишлагани вилоят ривожланишига хизмат қилди», – деди хусусан президент.

Давлат раҳбари ўз қурилиш лойиҳасини тақдим этган тадбиркорлардан бирини мақтаб, унга йўл қурилиши бўйича лойиҳаларни бериб, синаб кўриш мумкинлигини айтди.

«Chust textile» корхонасида бўлган президент яна бир тадбиркорнинг ишига яхши баҳо берди. Корхона ангар услубидаги енгил металл конструкциядан қурилгани учун қурилишнинг ўзида 6 миллион доллар иқтисод қилингани айтилди. Президент тадбиркорнинг тежамкорлигини олқишлаб, қолган текстил корхоналарига ҳам шундай услубни жорий қилишга топшириқ берди.

«Мен бу ерга нима учун келдим, биласизларми?», деб сўради президент вазирлар ва ҳокимдан. Улар жавоб бера олишмади ва Мирзиёев ташрифини шундай изоҳлади: «Мана шу тадбиркор қурилишнинг ўзида 6 миллион иқтисод қилгани – мен учун энг катта иш. Бу ахир катта пул. Банклар ҳам кредит бераётганда мана шу жиҳатга эътибор бериши керак».

Президент халқ орасида

Шавкат Мирзиёев аксар объектларга ташриф давомида, шунингдек айниқса фаоллар йиғилишида раҳбар лавозимдагиларни танқид қилди. Аксинча, бевосита аҳоли билан мулоқотларда кўтаринки кайфиятда сўзлашди.

Президент аввалига, ташрифнинг биринчи кунида Наманган шаҳри Даштбоғ маҳалласидаги хонадонлардан бирида бирров меҳмон бўлди. Хонадон эгаларининг аксар вакиллари бу вақт қўшнилариникида бўлгани ва кейинчалик кириб келгани, ҳовлидаги ёриткич (плафон) бузуқлиги учун ўчиб-ёнгани ташриф кутилмаганда бўлганидан дарак берарди.

Президент хонадон вакиллари билан гаплашганда жумладан шундай деди: «Менга қолса, кўпроқ сизлар каби оддий одамлар билан гаплашаман, лекин булар (раҳбарларга ишора қилиб) мени доим бошқа ерга чорлашади».

Президентнинг бу хонадонга ташрифи чоғида яқин атрофдаги масжиддан азон овози эшитилди.

«Худога шукр, олдин азонлар эшитармидик? Қандай қулоққа ёқимли! Ҳамма нарса ёпиқ эди, кўп нарса мумкин эмасди. «Мумкин эмас...» Нимага мумкин эмас? Нимага? Бу ҳам ўзлигимизни англаш, қадрият!» – таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Бу хонадонга ташриф чоғида маҳалла раиси бўлган 22 ёшли Музаффар деган йигитнинг машҳурлик онлари бошланди. Президент унга қараб, «Довруғинг Тошкентгача борди» деди. Шу-шу, биринчи раҳбар Наманганга ташриф давомида Музаффар исмли маҳалла раисини тез-тез тилга олди, уни намуна қилиб кўрсатди.

Ташрифнинг 2-кунида ҳам президент икки марта аҳоли билан учрашди. Аввалига кутубхонага бўлган тантанали ташрифни рад этган президент маҳаллий раҳбарлар учун кутилмаганда Наманган шаҳридаги «Бунёдкор» маҳалласига борди.

У ердаги ҳавас қилмайдиган ҳолатни кўрган президент бироз олдин халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида танбеҳ эшитган Наманган шаҳар ҳокимини ва ҳудуд учун масъул сектор раҳбарини (Наманган шаҳар прокурори) қаттиқ танқид қилди.

«Фарғонага борганимдан хулоса қилмадингизми?» деди президент.

Бу маҳаллага ташриф кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Табиийки, атрофда одам бунақа кўпайиб кетишини ҳеч ким кутмаганди. Одамлардан бири президентга маҳаллада газ, электр, сув муаммо эканини, йўллар ёмонлигини айтди.

Президент ташрифидан кейин маълум бўлдики, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бу маҳаллага контейнер қўйиб яшайдиган бўлди. У контейнерга «Вилоят ҳокимининг уйи» деб ёзиб қўйилишини, ҳудудда саноат зонаси қурилиб, 10 та корхона яратилишини айтди. Шунингдек, маҳаллада йўллар таъмирланиши, электр, газ ва сув таъминоти яхшиланиши айтилди ва ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Президент қайтиш олдидан Наманган шаҳридаги «Саховат уйи»даги қарияларни ҳам бориб кўрди. У ердаги қариялар шароит ёмон бўлгани борасида президентга хат ёзган.

«Сизларни кўрмай кетолмадим», деди давлат раҳбари. Аввал пахта тозалаш заводининг дала ҳовлиси бўлган бинода яшаётган кексалар учун янги «Саховат уйи» қуриб бериладиган бўлди.

Йўллар, йўллар...

Президент Наманганга ташриф чоғида йўллар масаласини кўп гапирди. Бугун Ўзбекистонда тадбиркорлик учун энг муҳим учта жиҳат – электр, газ ва логистика учун йўл. Наманганда кичик бизнес ва ҳунармандлик яхши ривожлангани инобатга олинса, айниқса ички йўллар яхши бўлиши зарур. Президент масъуллардан асфальт нархини тушириш учун нима қилиш мумкинлигини сўради. Бу учун битумга божхона тўловини камайтириш таклифи берилди ва президент бу масалани кўриб чиқишини айтди.

Шунингдек, президент асфальтга имкон бўлмаган ерларга тош ва қум аралашмаси (ШПС) ишлатишга кўрсатма берди. Бу йўлларни таъмирлашни арзонга тушириши айтилди.

Шу тариқа, президентнинг Наманганга ташрифи якунланди. Ташрифга жиддий тайёрланган вилоят раҳбарларини эндиликда қийинчилиги бу тайёргарликдан осон бўлмаган вазифалар ижроси кутиб турибди.

Вилоят фаоллари йиғилишидан фотожамланма

Ўткир Жалолхонов,
Нуриддин Нурсаидов,
Kun.uz.

Шавкат Мирзиёев илк марта ўзбекистонлик журналистларга интервью берди. Kun.uz мухбири ислоҳотларга тўсиқлар ҳақида сўради

Мавзуга оид