Жаҳон | 22:38 / 22.02.2021
4691
2 дақиқада ўқилади

Германия президенти бой мамлакатларни қашшоқ мамлакатларга вакцина беришга чақирди

Аввалроқ Франция президенти Эмманюэл Макрон ривожланган давлатлар ўзларидаги захира вакцинанинг 4-5 фоизини ривожланаётган давлатларга бериши мумкинлигини айтганди.

Фото: DPA

Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер бой мамлакатларни ўзларидаги вакцинанинг бир қисмини қашшоқ мамлакатларга беришга чақирди. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус билан онлайн анжуманда ана шундай баёнот билан чиқди.

"Яқин ҳафталар ва ойларда вакциналар ҳамма ерда тақчил маҳсулотга айланади. Европа ва Германиядаги захира вакциналарнинг бир қисмини беришга қанчалик тез тайёр бўлсак, инфекциянинг бутун дунё бўйлаб тарқалишини шунчалик тез тўхтата оламиз", - деб таъкидлади Штайнмайер.

Аввалроқ Франция президенти Эмманюэл Макрон ривожланган давлатлар ўзларидаги захира вакцинанинг 4-5 фоизини ривожланаётган давлатларга бериши мумкинлигини айтганди.

Германия президентининг сўзларига кўра, ҳозирда вакцина миқдори ва уни бериш муддати бўйича ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, ЖССТ бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус пандемияга қарши курашишга маблағ ажратиш ижобий қадам эканлигини, аммо бозорда қашшоқ мамлакатлар учун вакцина қолмайдиган бўлса бу ҳеч қандай ёрдам бермаслигини таъкидлади.

"Юқори даромадли давлатлардан илтимос қиламан: ишлаб чиқарувчилардан кўп вакцина сотиб олиш учун мурожаат қилганингизда бу COVAX дастурига путур етказмаслигига ишонч ҳосил қилинг", - деди у.

Маълумотларга кўра, ҳозирда сайёранинг 16 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган бой мамлакатлар коронавирусга қарши вакциналарнинг учдан икки қисмини сотиб олган. Қашшоқ мамлакатлар аҳолиси бутун дунёдаги эмланган одамларнинг атиги 0,5 фоизини ташкил қилади.

Мавзуга оид