Ўзбекистон | 19:06 / 22.02.2021
5750
2 дақиқада ўқилади

«Тахиатош» ИЭСда иккинчи буғ-газ қурилмаси тўлиқ қувватга чиқарилди

«Тахиатош» иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 280 МВт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини қуриш инвестицион лойиҳасининг амалга оширилиши доирасида иккинчи буғ-газ қурилмаси тўлиқ қувватга чиқарилди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Қурилмаларда функционал синаш ишлари давом эттирилмоқда, деб маълум қилди «Иссиқлик электр станциялари» АЖ матбуот хизмати.

Станциядаги қуввати 280 МВт бўлган биринчи буғ-газ қурилмаси 2020 йил декабрида тўлиқ қувват билан ишга туширилган эди.

Лойиҳанинг жорий этилиши билан 1 кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган шартли ёқилғи миқдори 164,3 гр/кВт соатга камаяди, бу эса бир йилда 488,6 миллион куб метр табиий газ тежалишига олиб келади.

Таъкидланишича, замонавий ва энергосамарадор технологияларнинг ишга туширилиши Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, табиатни муҳофаза этишда ҳам аҳамиятга эга. Биргина сув ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг ўзи йилига 452 миллион куб метрдан 159 миллион куб метрга камаяди.

Шунингдек:

  • атмосферага чиқаётган зарарли газлар 3,2 баробарга камаяди;
  • азот оксиди 3,5 баробарга камаяди;
  • асосий буғ газларининг чиқиши йилига 972,22 минг тоннагача камаяди.

Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолисини электр энергияси билан таъминловчи ИЭСни модернизация қилиш билан Hyundai Engineering ва Hyundai Engineering & Construction компаниялари консорциуми шуғулланди.

Эслатиб ўтамиз,Ўзбекистонда 2021 йилда 9та янги электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган.

Январь ойида охирида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқаруви раиси этиб Фарҳод Абдураҳмонов тайинланганди.

Мавзуга оид