Ўзбекистон | 17:41 / 22.02.2021
36491
4 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports компанияларига янги раҳбарлар тайинланди

Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясини бошқариш транспорт вазири Илҳом Рустамович Маҳкамовга юклатилди. Kun.uz манбаларига кўра, эндиликда у бир вақтнинг ўзида иккита лавозим эгаси саналади.

Илҳом Маҳкамов / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Бугун куннинг биринчи ярмида парламент депутатлари Маҳкамов номзодини транспорт вазири лавозимига маъқуллади. У 5 ойдан буён вазир вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётганди.

Шунингдек, бош вазир Абдулла Арипов бугун, 22 февраль куни Раъно Фрунзевна Жўраевани Uzbekistan Airports'нинг янги раҳбари сифатида таништирган. Бу ҳақда компания кузатув кенгаши аъзоси Азиза Умарова Facebook'даги саҳифасида маълум қилди.

Раъно Жўраева / Фото: ЦЭНКИ

Икки компания раҳбариятидаги ўзгаришлар юзасидан Kun.uz боғланган Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов айни пайтда бу тайинловлар расман тасдиқланмаганини билдирди.

  • «Uzbekistan Airports» АЖни у ташкил этилган 2019 йилдан буён Равшан Исмоилов бошқариб келаётганди.
  • «Uzbekistan Airways» АЖ раиси лавозимини 2018 йил январидан буён Бахтиёр Ҳакимов эгаллаб келди. Бир йил олдин унинг лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши айтилганди.

Маълумот учун, асли тошкентлик Раъно Жўраева узоқ йиллар Россияда авиация соҳасида раҳбарлик лавозимларида ишлаб келаётганди. У 1986 йилда Москва авиация институтида аспирантурани тамомлаб, учувчисиз аппаратлар учиши динамикаси ҳисоб-китобларига бағишланган диссертация ёқлаган. Бутунроссия ташқи савдо академиясида халқаро иқтисодий муносабатлардан таҳсил олган. Молиявий менежмент стратегияси бўйича Ҳарвард бизнес-мактаби битирувчиси.

Жўраева Россия Фуқаро авиацияси давлат илмий-тадқиқот институтида лойиҳа раҳбари сифатида фаолият юритган. 1996–2005 йилларда Airport Management Company Ltd компаниясида бизнесни ривожлантириш бўйича директор лавозимида ишлаб, Домодедево аэропорт комплексини ривожлантириш лойиҳалари устида ишлаган.

Рус нашрлари маълумотларига кўра, Раъно Жўраева Россиянинг уч миллиардери – Олега Дерипаска, Дмитрий Каменшчик ва Василий Анисимовнинг компанияларини бошқарган.

2016 йилда «Роскосмос»да ЦЭНКИ (Космик инфратузилма объектларини эксплуатация қилиш маркази) бош директори бўлиб, Россиянинг барча космодромлари учун масъул шахсга айланади ва бу лавозимда уч йилга яқин фаолият юритади.

Раъно Жўраева фаолияти давомида тизимда қатор ислоҳотлар олиб борилган – 1994 йилда ишга тушган ЦЭНКИ Жўраева раҳбарлигида 46та режали парвозни амалга оширган, «Восточний» космодроми қуриб битказилган, «Бойқўнғир» модернизация қилинган.

2019 йилда ЦЭНКИдан кетгач ҳам Жўраева соҳадан узоқлашмайди ва 2019 йилнинг апрелига келиб «С7 Космик Транспорт тизимлари» (S7 Space) компанияси раҳбарига айланади. S7 Space ҳам Россия Федерацияси томонидан космик фаолият олиб бориш лицензияси берилган компания эди.  

Раъно Жўраева фаолияти давомида транспорт тизимининг турли йўналишларида фаолият юритган. Жумладан, фуқаро авиациясининг инновацион марказида е-Freight юк авиаташувини жорий қилишда, «Базовый элемент» компаниясининг транспорт тизимида, Сочи аэропортини Олимпиада ўйинларига тайёрлашда ва  Домодедово аэрокомплекси модернизациясида иштирок этган.

Раъно Фрунзевна, шунингдек, COALCO Ltd бошқарувчи директори, «Группа Синтез» бош директори, «Аэропорт Системс Девелопмент» бош директори, Фуқаро авиацияси инновацион маркази президенти, «ТранИнфоТех» бош директори, Халқаро аэропортлар ассоциацияси ижрочи директори лавозимда фаолият олиб борган.

Мавзуга оид