Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда коронавирусга қарши биринчи навбатда эмланадиганлар рўйхати қайта кўриб чиқилади
Ўзбекистонда коронавирусга қарши биринчи навбатда эмланадиган фуқаролар рўйхати қайта кўриб чиқилади. Бунга блогерлар, ОАВ, транспорт ходимлари, меҳнат мигрантлари ва хорижда таҳсил олаётган талабалар ҳам ушбу рўйхатга киритилганидан сўнг, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар сабаб бўлди.
22 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган йиғилишда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиевнинг аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишларга оид ахбороти тингланди. Йиғилишда коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхати қайта кўриб чиқилиши маълум қилинган.
«Парламент эшитувида халқ вакиллари кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни «Темир дафтар»га киритилган ва ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини биринчи навбатда эмлаш ишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифни илгари сурдилар.
Депутатлар таъкидлаганидек, айни кунларда коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхатига журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлиги ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур рўйхатни адолатли тарзда қайта кўриб чиқишни тақозо қилмоқда. Мазкур масала юзасидан халқ вакиллари томонидан Ҳукуматга бир қатор таклифлар берилди», дейилади Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарида.
Халқ вакилларининг ҳудудлардаги фаолияти доирасида коронавирусга қарши эмлаш ишларининг ташкил қилиниш жараёнлари устидан ҳам таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши айтиб ўтилган.
- Эслатиб ўтамиз, коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълумотларига кўра, журналист, блогер, ОАВ ходимлари, жамоат транспорти ходимлари (метрополитен, темир йўл, аэропорт ходимлари), чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар, меҳнат мигрантлари кетма-кетликда, бепул эмланиши ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга оид
21:40 / 30.04.2025
Ҳуснбузарларга қарши биринчи вакцинанинг клиник синовлари бошланди
16:00 / 04.02.2025
Экология таъсири: дунёда чекмайдиганлар орасида ўпка саратони билан касалланиш кўпайди
16:31 / 16.12.2024
Укол ўрнига крем: қоқшолга қарши янги турдаги вакцина яратилди
16:51 / 25.11.2024