Жамият | 12:55 / 23.02.2021
4343
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда алиментдан қарз бўлган ота 67 миллион сўм қарзини тўлади ва фарзандларига уйини берди

Самарқанд вилояти Жомбой туманида алиментдан қарз бўлган ота 67 миллион қарзини тўлади ва фарзандларига уйини ҳам берди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди 2014 йил 10 ноябрда қарздор З.В.дан даъвогар Ф.И.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойда даромадининг тўртдан бир ярми миқдорида алимент тўлаши ҳақида қарор чиқарган. Аммо З.В. алимент пулларини ўз вақтида тўламай келган.

Шундан сўнг, мазкур қарорнинг ижро ҳужжати МИБ Жомбой туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритуви қўзғатилган.

Таъкидланишича, мажбурий ижро ҳаракатлари давомида МИБ ижрочилари томонидан қарздорга келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилганда қарздор ота шу пайтгача бўлган қарзи 67 миллион 732 минг сўмни тўлаган. Бундан ташқари у фарзандларига ўз номидаги уйини бериш истагини билдирган.

Натижада, собиқ турмуш ўртоқлар ўзаро келишиб, З.В. Жомбой туман ҳудудида жойлашган уйини собиқ турмуш ўртоғи Ф.И. номига расмийлаштириб берган ва мазкур ижро ҳужжати тегишли тартибда тамомланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид