Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Обналчи»лар тақдири нима бўлади? — ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев учрашувидан репортаж
Шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлардан бюджетга тўланмаган ҚҚС суммаси ундирилиши – «обналчилар» масаласи юзасидан ДСҚ масъуллари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди. Тадбиркорларга ҚҚС суммасини тўлаш учун 6 ойлик амнистия берилиши маълум қилинди.
Давлат солиқ қўмитасининг раиси, раис ўринбосарлари, масъул департамент директорлари 23 февраль куни «обналчилар» можароси юзасидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилди.
Унда ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев масала юзасидан тадбиркорлар томонидан сўралган «молиявий амнистия» қўлланилишига доир айрим мулоҳазасини билдирди.
«Aгар тадбиркор ДСҚга ариза билан мурожаат қилса, биз аризани кўриб чиқамиз ва тўланмаган ҚҚС суммасини тўлаш учун «обналчилар» билан ишлаган тадбиркорларга олти ойлик амнистия берилади. Яъни тўланмаган солиқни ҳисоблаб, олти ой муддатга тенг бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Бундан ташқари, 1 апрелгача «обналчи» корхоналар билан ишлаган тадбиркорлар ўз истаги билан тўғри ҳисобот топширса, жиноий жавобгарликка тортилмайди. Шунингдек, солиқ тартибини бузгани учун 20 фоизлик жарима ҳам қўлланилмайди. Aгар шунга келишсак, мен бу ҳақда ахборот тайёрлайман, юристлар кўриб чиқади. Бу қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ва Олий Мажлис депутатлари розилиги билан амалга ошади»,– деди қўмита раиси.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, олти ойлик амнистия даврида ҳам ҳисобланган ҚҚС суммасини тўлай олмаган тадбиркорлик субъектларига инкассо топшириқлари қўйилиши маълум қилинган.
Шунингдек, мулоқотда иштирок этган тадбиркорлардан бири олти ойлик муддат ҳисобланган солиқ қарзларини тўлашга етарли эмаслигини, сабаби унда 7 та корхонаси борлиги, амнистия тўланмаган суммага нисбатан белгиланишини таклиф этган. ДСҚ раиси томонидан муддат фақат 6 ойлигини, ҳали ўртада жиноий иш очмасликка ҳаракат кетаётгани билдирилди.

Тадбиркорлар билан суҳбат давомида шубҳали корхоналар рўйхати эълон қилинмаган давр учун «обналчилар» билан ишлаган тадбиркорлар жавобгар бўлаётганига ҳам изоҳ берилди.
«Солиқ идоралари шубҳали корхоналар рўйхатини кўрсатиб беришга мажбур эмас, бу ҳеч қаерда ёзилмаган. Солиқ тўловчининг ўзида, 2020 йил 1 январдан солиқ кодекси амалга киргандан бери эҳтиёткор бўлиш мажбурияти бор. Шу сабабли тўланмаган ҚҚСни ундириш шубҳали корхоналар рўйхати эълон қилинган даврдан кейин амал қилади, деган гап ўтмайди. Тадбиркор ўз ҳамкори ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиб, эҳтиётини қилиб ишлаши керак», – деди Кудбиев.
ДСҚ раиси давлат улуши бўлган «обналчи» корхоналар билан ишлаган давлат корхоналарига ҳам тўхталиб ўтди.
«206 та миллиард-миллиард ҚҚС тўламаган давлат корхоналари бор, буларни ҳам эълон қиламиз. Тан олишимиз керак, уларни аввалроқ эълон қилмаганимиз бизнинг хатомиз бўлди», – деди ДСҚ масъули суҳбат жараёнида.


Қўмита раиси Кудбиев ДСҚ томонидан камерал текширув давомида «обналчи» корхоналар билан ишлаган тадбиркорлик субъектларининг «обналдан» бошқа иқтисодий хатти-ҳаракатлари текширилмаслиги таъкидланди.
«Ҳуқуқий майдонда гаплашайлик, хато қилган бўлсак, тан олайлик. 10 тадан битта тадбиркор СТИРни айтмаяпти-ку, улар текширишдан қўрқадими? Масала «обнал» туфайли солиқ ечилганида эмас, нақдга сотиб олиш қийин бўлганлигида, ноҳалоллар ютиб кетаётганида. Бу масалага ҳам келамиз ҳали. Сизга шахсан ваъда бераман, текширув жараёнида сизнинг бошқа кирдикорларингиз ўрганилмайди, фақат «обнал» қисми кўрилади. Бундан кейин ҳалол ишлайлик», – деди у.



Aввалроқ, шу пайтгача «обналчилар» хизматидан фойдаланган 206 та давлат улушига эга ташкилот (120 та давлат корхонаси (47,3 млрд сўм) ва 86 та давлат улуши мавжуд (48,1 млрд сўм) аниқлангани хабар қилинган эди.
Шунингдек, 2021 йил февралдан ДСҚ томонидан «обналчи» фирмалар билан кураш бошлангани, «обналчилар» можароси юзасидан тадбиркорлар норозилиги ва солиқ хавфи паст бўлган 2960 та корхонага нисбатан инкассо топшириқлари вақтинча бекор қилингани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
14:35 / 18.02.2025
“Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси жорий этилади
11:50 / 18.02.2025
Наманганда газдан ўғринча фойдаланиб келган тадбиркор аниқланди
18:54 / 17.02.2025
«Қатъий белгиланган АОС коррупциянинг оёғига болта урганди, энди уни бекор қилишмоқчи» – солиқ маслаҳатчиси
22:20 / 11.02.2025