Ўзбекистон | 14:55 / 24.02.2021
11194
4 дақиқада ўқилади

Шаҳарсозлик кодекси янги таҳрирда қабул қилинди

22 феврал куни «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Қонун билан Шаҳарсозлик кодекси янги таҳрирда тасдиқланди.

85та моддадан иборат янги таҳрирдаги кодексда асосан қуйидаги янгиликлар акс этган:

  • «аҳоли пункти», «шаҳар», «шаҳарча» ва «қишлоқ (овул)» каби объектлар турлари, «ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш», «урбанизация» тушунчалари, шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар муҳокамаси иштироки ва бошқа ибораларга тушунчалар берилмоқда;
  • шаҳарсозлик фаолиятининг асосий принциплари алоҳида моддада ўз аксини топган бўлиб, ушбу принциплар аҳоли пунктларининг комплекс ва барқарор ривожланишини таъминлаш, қурилишга рухсат бериш жараёнининг ошкоралиги ва очиқлигини таъминлаш каби масалаларга йўналтирилган;
  • шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш юзасидан тегишли нормага янги меъёрлар киритилиб, улар билан вазирлик ва идоралар шаҳарсозлик қоидаларини ишлаб чиқиш ва тегишли ўзгартишларни, шунингдек, шаҳарсозлик нормаларидан чекиниш зарурати вужудга келганда махсус техник шартлар ишлаб чиқилишини махсус ваколатли давлат органи билан келишиб бориш йўлга қўйилиши белгиланмоқда;
  • лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича янги моддалар киритилиб, мазкур моддаларда экспертларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, жумладан, ҳар бир эксперт берган хулосаси юзасидан қонун олдида жавоб бериши белгиланмоқда;
  • қурилишни назорат қилиш борасида янги нормалар киритилган бўлиб, улар билан қурилишни назорат қилиш турлари, қурилишни давлат томонидан назорат қилувчи инспекциялар, техник, муаллифлик ва ички назоратнинг ваколатлари белгиланмоқда; 
  • қурилишда суғурталаш бўйича янги модда киритилмоқда;
  • аҳоли пункти бош режаларининг лойиҳалари муҳокамасида жамоатчилик иштирокини таъминлашга қаратилган алоҳида моддалар киритилиб, улар шаҳарсозлик соҳасида қарорларни қабул қилишда фуқаролар фикрлари кенг ўрганилишига, ортиқча маблағлар сарфланиши ҳамда инсонлар норозилигининг олдини олишга қаратилган;
  • шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги тақиқларни акс эттирувчи янги меъёрлар киритилиб, улар қурилиш жараёнига ваколатга эга бўлмаган шахсларнинг аралашувига чек қўйиш, шаҳарлар ва туманлар марказларида қурилиши тугалланган мавзелар, кўп қаватли турар жой микрорайонлари ҳудудларида бош режаларда назарда тутилмаган ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ва бозор инфраструктурасининг объектларини қуришни тақиқлаш, энг асосийси, якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида уч ва ундан ортиқ қаватли (кўп квартирали) уйларни қуришни тақиқлашга йўналтирилган;
  • юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишининг асосий йўналишларини белгилаб берадиган норма янги бандлар билан тўлдирилиб, улар ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашни таъминлашга ҳамда етказилган зарарларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф қилишга имконият яратишга қаратилган.

Маълумот учун, Шаҳарсозлик кодексининг аввалги таҳрири 2002 йил 4 апрелда тасдиқланган бўлиб, 59та моддадан иборат эди.

Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрири 2020 йил 26 август куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда 2021 йил 6 январ куни Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида маъқулланган эди.

Мавзуга оид