Ўзбекистон | 14:28 / 26.02.2021
35960
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудига илиқ ҳаво оқими кириб келмоқда - «Ўзгидромет»

Ушбу ҳафтанинг иш кунлари охирида Ўзбекистон ҳудуди Россиянинг Европа ҳудуди орқали кириб келган жуда совуқ ҳаво массалари таъсири остида бўлди.

«Ўзгидромет» хабарида айтилишича, кечаси ва эрталаб ҳаво ҳарорати 10-12 даража совуққача пасайди. Қорақалпоғистонда 20-22 даража совуқ, Устюртда 23-25 даража совуқ бўлди. Кундуз кунлари ҳарорат 4-6 даража совуқдан юқорига кўтарилмади, шимолда ҳарорат 8-10 даража совуқ атрофида бўлди. Бундай ҳарорат меъёрий қийматлардан 12-17 даражага паст бўлди.

Бугундан бошлаб совуқ ҳаво массалари республика ҳудудидан чиқишни бошлади. Унинг ўрнига Туркманистон ҳудудларидан илиқ ҳаво массалари кириб келмоқда.

Дам олиш кунлари ҳавонинг илиши давом этади. Якшанба кунига келиб, кечаси 3-5 даража совуққача кучсизланади, кундуз кунлари эса 7-12 даража илиққача кўтарилади. Аммо бу февраль ойининг охиридаги иқлимий меъёрлардан бироз пастроқдир.

Республика ҳудудининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз қор ёғади.

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Мавзуга оид