Жамият | 20:07 / 27.02.2021
11838
7 дақиқада ўқилади

Олимпиада ғолиби бўлган ўқитувчиларнинг устамалари бўйича муаммоларга изоҳ берилди

12 феврал куни Kun.uz'да «Ўқитувчи президент қарори юзасидан вазирга ўнта савол йўллади: ҳужжат нега бирёқлама ишлаяпти?» сарлавҳаси билан интервью эълон қилинганди. Журналист Исомиддин Пўлатов билан суҳбатда Самарқанд шаҳридаги 77-умумтаълим мактаби директор ўринбосари Баҳром Тошбоев «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарорининг қатор бандлари ижроси оқсаётганини муҳокама қилганди.

Халқ таълими вазирлиги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти директори Умид Раҳмонов ушбу мурожаатга расмий муносабат билдирди.

– 2019 йил 3 майдаги «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш тўғрисида»ги президент қарорининг 5-банди «г» кичик бандида халқаро ва республика фан олимпиадаси ғолиби бўлган ва бугунги кунда таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар учун мос равишда 100-150 фоиз ойлик устамалар белгиланган. Бу қарордан кўзланган мақсад 2019 йилгача бўлган даврдаги ғолибларни ҳам таълим муассасаларига жалб қилишдир. Ушбу қарордан кейин 10 нафарга яқин халқаро олимпиада ғолиблари таълим муассасаларига қайтди ва уларга устама тўлаб бериляпти.

Республика олимпиадалари ғолибларига келганда эса муаммо юзага келяпти. 1991 йилдан кейин ўтказилган халқаро ва республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритганлар ўз фанидан педагогик фаолият олиб борса, муаммосиз устама тўлаб берилади. 2019 йилдан кейинги ғолибларгагина устама тўлаб берилади, деган гап йўқ.

– Қарорда устама тўлаб бериш муддати кўрсатилмаган ва бу ҳам саволлар юзага келтирмоқда...

Тўғри, қарорда муддат белгиланмаган. Табиийки, бундай ҳолатларда қарор 3 майда эълон қилиниб, 4 майдан амалиётга жорий қилинадиган бўлса, мана шу муддатдан бошлаб ўқитувчи устама олишга ҳақли. Ўқитувчи бу устамани ўз фаолиятини якунлагунича олиши мумкин.

Умид Раҳмонов

1991 йилдан бошлаб маълум муддатгача мактаблар 11 йиллик тизимда фан олимпиадаларини ўтказиш ваколатига эга бўлган. Кейин академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ташкил этилиб, 12 йиллик таълимга ўтилганидан кейин Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги тизимига ўтган. 2018 йилдан кейин 11 йиллик таълимга қайтилгандан сўнг фан олимпиадалари ўтказиш ваколати Халқ таълими вазирлигига берилди.

2008 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган низомга кўра, фан олимпиадалари ташкил қилинган. 2009 йилдан бошлаб бугунги кунгача республика фан олимпиадаларининг ғолиблар реестри мавжуд. Ундан олдинги даврда (1991 – 2008 йиллар) бу реестр юритилмаган. Бу чалкашлик келиб чиқишининг битта сабаби. Самарқандлик ўқитувчининг мурожаати эълон қилинишидан олдин ҳам бу муаммони ўрганаётган эдик ва ягона реестрни шакллантириш ҳаракатларини бошлаб юборганмиз.

Бу вазиятда республика бўйича теннис мусобақасида ғолиб бўлган ўқитувчилардан ҳам устама тўлаб бериш бўйича мурожаат тушяпти. Уларга фақатгина белгиланган фан олимпиадалари ғолиблигини қўлга киритганларгина устама олиши мумкинлигини тушунтирдик. Бундан ташқари, республика фан олимпиадасида, масалан, немис тилидан ғолиб бўлган ва ҳозирда инглиз тилидан дарс бераётган ўқитувчиларнинг ҳам мурожаатлари кўпайди. Мана шу чалкашликлар ҳам халқ таълими ҳудудий бўлимларида иккиланишларга сабаб бўляпти.

Ўтган йилнинг 25 декабрида республика фан олимпиадалари ғолибларининг реестрини шакллантириш учун ҳудудий бўлимларга хат чиқарганмиз ва бу жараён деярли охиригача етказилди. Бу бўйича Молия вазирлиги билан ишлаяпмиз. Қарор ижроси бошланган даврдан бошлаб (2019 йил 4 май) ўқитувчиларга устамани қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Вазирлар Маҳкамасининг «Фан олимпиадаларини ўтказиш ва уни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳасида бу масала ўз аксини топган.

Ҳозирда 16 та фандан республика фан олимпиадалари ўтказилади. Булар математика, физика, кимё, биология, тарих, хорижий тиллар, қардош тиллар (қозоқ, тожик, қорақалпоқ тили), рус тили (ўзбек ва рус тили синфлари учун). География, чизмачилик, иқтисодий билим асослари ва давлат ҳуқуқ асослари фанларидан олимпиадалар 2018-2019 ўқув йилигача ўтказиб келинган, ҳозир бу фанлар бўйича олимпиада ўтказилмаяпти. Махсус мактаблар (ногиронлиги бор ўқувчилар) учун ҳам математика, физика фанидан олимпиада ўтказилади.

– Инглиз тилидан ғолиб бўлган ўқитувчи немис тилидан дарс берса, унга устама тўлаб бериладими? Шунга ўхшаш вазиятларда қандай йўл тутилади?

Немис тили бўйича ғолиб бўлган ўқитувчи бошқа хорижий тилдан дарс берса, унга устама тўланиши мантиққа зид бўлади. Қарорда «ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган» деган жумла мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 октябрдаги «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорга асосан, директор ўринбосари лавозими раҳбар ходимлар тоифасига киритилиб, алоҳида лавозим ҳисобланади. Бундан аниқ бўладики, вазирга мурожаат қилган самарқандлик ўқитувчига айни вақтда директор ўринбосари лавозимида ишлаётгани сабаб устама тўланиши мувофиқ эмас.

– Олимпиада ғолиби бўлган ўқитувчига бошқа турдаги устамаси бўлса ҳам, 100-150 фоизлик устама тўлаб берилаверадими?

– Бошқа устамалар билан бу устамани аралаштирмаслик керак. Ўқитувчига бошқа турдаги устама тўланаётган бўлишидан қатъи назар, бу турдаги устама тўлаб берилади.

– Республика фан олимпиадалари ғолиблари тахминий сонини айта оласизми? Уларнинг қанча қисми таълим тизимида фаолият олиб бормоқда?

– 1997 йилдан бошлаб биринчи бўлиб математика ва биология фанларидан халқаро фан олимпиадаларида қатнашиш бошланган. Кейинчалик физика, информатика ва ахборот технологиялари, кимё фанларидан ҳам ўқувчилар иштирок этишган. Саналган 5 та фан бўйича халқаро олимпиадаларда 65 нафар ғолиблар олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритган. Шулардан бир нафари Навоий вилоятида математика фанидан дарс беради ва 150 фоиз ойлик устама олиб келяпти. 2008 йилгача республика фан олимпиадалари ғолиблари реестри юритилмагани учун аниқ рақамлар бизда мавжуд эмас. Уларнинг тахминий сони 1 200 нафарга яқин. Уларнинг 44 нафари таълим тизимида фаолият олиб бормоқда. 80 фоизи тиллар: она тили, рус тили, қардош тиллардан ғолиб бўлган ўқитувчилардир.

– Видеоматериалда устама қайси таълим шаклида дарс бераётган ўқитувчига берилади, деган баҳсли савол ҳам берилган. Бунга ойдинлик киритсангиз.

– Қарор барча таълим муассасаларига тегишли. Бошқа турдаги таълим муассасаларига бу қарор татбиқ қилиниши керак, дейиш ваколатига эга эмасмиз.

Kun.uz мухбири Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид