Жамият | 14:56 / 27.02.2021
12005
6 дақиқада ўқилади

«Ўқишга кириш осон бўлса ҳам, битириш қийин бўлиши керак» – хусусий мактаб ва ўқув маркази асосчиси билан суҳбат

Aзиз Раҳимов 28 ёшда бўлишига қарамай, Merit хусусий мактаби ҳамда Merit ўқув маркази асосчиларидан биридир. Ҳозирда тадбиркор сифатида фаолият олиб боради. Азиз “Осмондаги болалар” лойиҳасига берган интервьюсида хусусий мактабларга зарурат, нега жамиятда аёл шифокорлар озчиликни ташкил этиши, ёшлар мақсадга эришишда йўл қўядиган хатолар хусусида фикрларини билдирди.

Тиббиётни қўллаб-қувватлаш учун нима қилиш керак?

Ҳозир Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун қилинаётган ишлар йўқ эмас, бор. Фикримча, давлат бирон соҳани ўзи ривожлантира олмаётган бўлса, уни хусусий секторга бериши керак. Шунда ривожлантиришни улар олиб кетади. Ҳозирда Тошкентда 2 мингта клиника бор ва бу жуда кўп. Давлат клиникаларини қандай ривожлантириш мумкинлиги бўйича бир ечимни айта оламан. Бу – суғурта. Суғурта тизими такомиллаштирилса, тиббиётга инвестиция киритиш учун маблағ муаммоси қисман ҳал бўлади.

Чет эл тажрибасига қарайдиган бўлсак, у ерда тиббиёт учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади. Aммо бизда аҳоли кўплиги боис, тиббиётга кўп пул ажратиш ечим эмас. Ундан кўра, суғурта тизими самарали ташкил этилса, аҳоли ўзи “мен суғуртам учун пул тўлаганман”, дейди ва қаеридир оғриб қолса, хусусий клиникага ҳам бориши мумкин. Унинг чекини, пулини хусусий клиника суғурта компаниясидан олаверади.

“Аёл врач қидирамиз, аммо аёл-қизларни шифокор бўлишга тарғиб қилмаймиз”

Aзиз Раҳимов

Aёл-қиз шифокорларнинг тиббиётда етишмаслигини жуда оғриқли ҳолат деб биламан. Aсосан дояликда етишмайди. Мисол учун, рафиқангиз ҳомиладор бўлганда аёл дояларни қидириб юрасиз. Ушбу соҳада меҳнат қилаётган аёлларга молиявий томондан ҳам ёрдам бериш лозим, деб ўйлайман. Бу борада яна бир муаммо бор – ҳаммаси менталитетга бориб тақалади. Ўзимиз аёл врач қидирамиз, аммо аёлларни, қизларни шифокор бўлишга тарғиб қилмаймиз.

Ўз фаолиятим давомида икки марта аёл жарроҳлар билан гаплашганман. Улар аёл киши хирургия соҳасини танлашда кўп нарсалардан воз кечиши кераклигини таъкидлаб ўтишган. Мисол учун, операция кечки пайтга белгиланган бўлса, тунги сменаларга қолиш керак бўлади. Aйрим ҳолларда, уйда бўла олишмайди ҳам. Фикримча, бундай режимда ишлашга уларнинг турмуш ўртоғи рухсат бермайди.

“Қадриятлар устунми ёки даромад?”

Тиббиёт соҳасида 7 йил ўқиб, 3 ой ишлаганман, холос. Мана шу муддатда бу соҳа мен учун эмаслигини англаганман. Молиявий томондан эркин бўлсангиз, бемалол шифокорлик билан шуғуллана оласиз. Кўпчилик билмайдиган омиллар бор. Бу муаммо фақат бизда эмас, ривожланган давлатларда ҳам бор. Шифокорнинг асосий даромади, бемордан пул олмаётган бўлса ҳам, унинг ёзаётган ташхиси ва тавсия этаётган дорисига боғлиқ бўлади. Муайян компания, дорихона “менинг доримни тавсия беринг”, деб ўша дори сотилганда даромаддан маълум фоиз беришади. Шифокорларнинг бу ишга қўл уришига сабаб ойлик маошлари кам эканлиги, деб айта оламан. Шифокорлик - одамлар ишонадиган масъулиятли касб. Юқоридаги ҳолатда шифокор ўзига “менинг қадриятларим устунми ёки даромадми?” деб савол бериб кўриши керак. Бу ерда кураш кетади: шифокор қиммат дорига муқобил сифатида таъсир кучи бироз пастроқ, аммо даволаса бўладиган дори-дармонларни маслаҳат бериши ёки аксинча, қиммат дорилар билан даволанишни ёзиб бериши ҳам мумкин.

“Ўқишга кириш осон бўлса ҳам, уни битириш қийин бўлиши керак”

 Таълимни ривожлантиришни биринчи навбатда кадрлардан бошлаш керак. Яъни, ҳар қандай соҳада ўша соҳани ривожлантира олувчи кадрлар етарли бўлса, ўсиш бўлади. Майли, ўқишга кириш осон бўлсин, лекин битириш қийин бўлиши керак, деган фикрдаман. Менинг бир ходимим бор, педагог бўлишга иштиёқи баланд, “ёниб” ишлайди. Лекин кириш имтиҳонида етарли балл йиға олмаганлиги учун ўқишга кира олмаган.

Ёшлар “кирдим-битирдим”, деб университетда ўқимасликлари керак. Кадр ўқишга кирганлигини биринчи қадам деб билиши керак. “Ҳаётим энди қийинчиликлардан бошланади”, деган гап ичидан ўтсин. Масалан, минг нафар талабгор педагогика институтига кирсин, лекин 200таси битира олсин. Бу кадрлар кейинчалик болаларимизга дарс беришади. Етук кадр ҳар бир болага алоҳида ёндаша олиши, озгина бўлса-да харизмага эга бўлиши керак. Хонага кирдими, ўқувчи унга боғланиб қолиши лозим. Бу университетда ўргатилмайдиган жиҳатлар, деб айта оламан.

“Устоз билан йўлни босиб ўтиш осонлашади”

Муваффақиятга эришишда устознинг ўрни жуда муҳим деб биламан. Бирон нарсага эришмоқчи бўлсангиз, шу мақсадга эришган, бу йўлдаги қийинчиликларни кўрган инсоннинг олдига борасиз ва маслаҳат оласиз. Доим ўз соҳасининг усталаридан маслаҳат олишга ҳаракат қилиб келаман. Устоз олдингда бўлса, босиб ўтилажак йўл осонлашади. Шу йўлдан устозсиз юриб ҳам мақсадга эришса бўлади, лекин устоз билан тезроқ ўсасиз ва олдинда бўласиз.

“Омад келганда, унга тайёр бўлиш – муваффақият омили”

 Бизнесдаги муваффақиятни икки омилга боғлайман, Биринчиси омад. Яъни, тўғри пайтда тўғри жойда бўлиб қолишингиз, тўғри одамлар сизга йўл кўрсатиши. Иккинчиси эса шу омадни қабул қилишга тайёр бўла олишингиз. Унга қадар ўз устингизда ишлаб, тайёргарлик кўриб борган бўлишингиз керак.

Муваффақият ҳаммада ҳар хил. Ҳамма турли ҳолда эришади. Масалан, кимдир ота-онаси берган тарбияси орқали эришади, кимдир ёрдам бериб юбориши мумкин, яна кимдир яхши иши орқали муваффақиятга эриша олади. Муваффақиятга элтувчи йўллар жуда кўп. Яъни битта йўл бўлиши шарт эмас. Ёшларга маслаҳат сифатида айта оламан, омад келганда доим тайёр бўла олишсин. Бунинг учун эса вақтни бекорчи нарсаларга сарфламасдан, изланишда бўлиш лозим.

Мавзуга оид