«Қора меҳнат» қилаётганлар юртда эзилмасин: Самарқандда қурилиш корхонаси усталарни қандай ишлатди?
Нуробод тумани Ағрон қишлоғида яшовчи бир гуруҳ йигитлар Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлар қурилишида ёлланиб ишлаган. Аммо бир неча ойки, улар меҳнат ҳақини ололмай келаётгани ҳақида маълум қилишди.
Хуршид Бобоёровнинг айтишича, у маҳалласидаги ғишт терувчи йигитлар билан қурилиш корхоналарида ишлаб келган. Бу фаолият билан бир неча йилдан буён шуғулланса-да, меҳнат қонунчилиги, ишчиларнинг хавфсизлиги, иш ҳақининг кафолатланганлиги ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Шу сабабли аксарият ҳолатларда қурилиш корхонаси билан ҳисоб-китоб қилинганда у ва унинг шериклари зарар кўраверган.
Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида нурободлик йигитларни ишлатган қурилиш корхонаси – Самарқанд шаҳридаги «Азимжон қурилиш барака» МЧЖда бўлди.
Ҳақимизни ололмаяпмиз, деб арз қилаётган йигитлар ва МЧЖ раҳбарининг гувоҳлигимиздаги илк учрашувиёқ нохуш кечди. Чунки шу вақтга қадар ҳам айнан ўртада кимнингдир ҳақи кимга ўтгани билан боғлиқ муаммо бир неча марта кўтарилган ва асаблар таранглашган. Шу сабабли ўзаро ҳурмат, маданиятли одамлардек муросани кўрмадик.
Корхона раҳбари Даврон Раҳмонов ғишт терувчилар ишни чала қолдириб кетгани ва сифатсиз бажаргани сабабли иш ҳақидан ушлаб қолдим, деди. Ишнинг қандай бажарилганини акс эттирувчи суратларни кўрсатди. Унинг айтишича, ғишт теришда камчиликлар кузатилган, натижада сувоқ ишларида меъёрдан ортиқ маҳсулот ишлатилган.
Хуршид Бобоёров эса ишнинг сифатсизлигига сабаб усталарнинг нўноқлиги эмас, кўп қаватли уйнинг қийшиқ қуйилган пойдевори, деб эътироз қилди. Агар ғишт сифатсиз терилган бўлса, жами бажарилган иш ҳақидан «минус» қилишга розилигини билдирди.
Шундан сўнг Даврон Раҳмоновнинг таклифи билан бажарилган ишнинг сифати, ҳажми ҳамда олинган меҳнат ҳақини холис ҳисоблаб кўришга келишилди.
Биз бажарилган иш ҳажми ҳужжатлар, кўп қаватли уйнинг лойиҳасига қараб аниқланса керак, деб ўйлагандик. Негадир «Азимжон қурилиш барака» МЧЖ иш юритувчиси Анвар Обидов бинонинг 9-қаватига кўтарилишимизни, ўша ерда ғиштни битталаб санаб беришни истади.
Тасаввур қилинг, XXI асрда биз бажарилган иш ҳажмини билиш учун ғиштни битталаб санаяпмиз! Айтайлик, бу каби юмушларни лойиҳани қўлга олиб хонанинг баландлиги, эни, подъездлар, йўлаклар узунлигига қараб ҳам ҳисоблаш мумкин эди.
Анвар Обидов «Ҳар бир хонадон эгаси ўз хоҳишига қараб хоналарни бўлгани учун ғишт ҳар хил сарфланган», деди. Ваҳоланки, хоналарнинг бўлиниши ҳам аллақачон бажарилган иш сифатида иш юритувчининг қўлида бўлиши лозим эди.
Хуллас, ғишт санашга рози бўлдик...
Қизиқ томони, ғишт санаш давомида бошқа бригаданинг ҳам ишига гувоҳ бўлдик. МЧЖ раҳбари Даврон Раҳмонов нурободлик усталарнинг камчилиги шундоқ кўз олдимизда, бошқа ғишт терувчиларнинг ишида ҳам кўриниб турарди. Бошқа бригадаларда ҳам худди шундай хатолар бор эди: ғиштнинг режадан ичкари ёки ташқарига кириб-чиқиб кетиши, сифатсиз қоришма ва ҳоказо.
Демак, «Азимжон қурилиш барака» МЧЖ ҳали яна бошқа ғишт терувчилар билан ҳам шу тартибда муроса қилишига тўғри келади. Бошқа ишчиларнинг ҳам бажарган ишидан чегиради ёки шу тартибда зиддиятга боради.
Хуршид Бобоёров мазкур уйнинг биринчи қаватида 40×40 см бўлган иккита каркаснинг ёрилиб кетгани мисолида бетон қуювчиларнинг иши аслида сифатсиз бўлганини айтди. Шунга монанд ўзининг бригадаси ва биз гувоҳи бўлганимиз, бошқа ишчиларнинг ҳам терган ғишти қийшиқ бўлиб қоляпти, деди у.
«Ғишт санаш маросими» тугади. Энди жами қанча ғишт терилган, донасига қанчадан тўланиши керак ва ишчилар меҳнатига қанча ҳақ олганини билиш қолди, холос. Корхона раҳбари Даврон Раҳмоновнинг кўз олдида ҳисоб-китоб қилинди.
Нурободлик ғишт терувчилар шу вақтгача олган иш ҳақидан ташқари яна 62 миллион сўмлик иш бажарган бўлиб чиқди. Ишнинг сифатсиз бажарилгани эвазига маълум маблағ чегириб ташланди ва усталар 30 миллион сўм оладиган бўлишди. Бизга ва масъул ташкилотларга ёзилган аризага кўра, Хуршид Бобоёровнинг хомаки ҳисоб-китобича қурилиш корхонаси 24 миллион сўм қарздор, деб кўрсатилганди. Демак, у ўйлаганидан ҳам кўра кўпроқ ҳақдор бўлиб чиқди.
Даврон Раҳмонов усталардан қолган қарзини бир ҳафта ичида тўлаб берадиган бўлди…
Суриштирувни шу жойда ҳам тугатиш мумкин эди. Аммо кўрганларимиз мисолида англадикки, қурилиш корхоналари ёлланма ишчиларни истаганидай ишлатяпти, маош беряпти. Деярли барча ҳолатларда қурилиш корхоналари ҳақ, «қора ишчилар»нинг муттаҳам бўлиш имконияти катта экан.
Нега бундай деяпмиз? Чунки нурободлик ғишт терувчилар бизга қадар ҳам Самарқанд шаҳар прокуратурасига, бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилган. Аммо олинган жавоб қандай: «қурилиш корхонаси билан келишувни оғзаки тузгансан, бор, ана, судга мурожаат қил...»
Хўш, чекка бир қишлоқдан келиб айбдорларча ишлаётган одамлар судда ҳақини талаб қила оладими? Қўпол қилиб айтганда, бу тоифа ишчиларнинг аксарияти суд биносининг қаерда жойлашгани, унга қандай мурожаат қилиш мумкинлигини ҳам билишмайди. Адвокат олиш, ҳужжатлар билан ишлаш, фикрини ҳимоя қилишга ожизлик қилади.
Умуман, қурилиш корхоналарининг ёлланма ишчиларни жалб қилиш тартиби қандайлиги ҳақида Транспорт йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят бирлашган қўмитаси раҳбари Сирожиддин Иззатуллаев ўз фикрини билдирди.
Сирожиддин Иззатуллаев қоидага кўра қурилиш корхоналари бирор бир объектни олганда, ўзида мутахассислар етарли бўлмаса эълон бериши лозимлигини айтди. Масалан, ғишт терувчи бригада ёки сувоқчиларни ишга чорлашади. Шундан сўнг айтайлик, ғишт терувчи бригада келиб иш бошламоқчилигини билдиради, соҳа бўйича дипломи бўлса, тақдим этади. Ёки қурувчи фирма тажрибасини ҳисобга олиб, истаса синов муддати билан ишга олади. Биринчи навбатда ўзаро меҳнат шартномаси тузилади. Эртага айнан шу ҳужжат икки томоннинг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳимоя қилади. Унда шунингдек, кунлик иш ҳажми ёки вақти ҳам акс эттирилади. Ўз навбатида ишчилар хавфсизлик техникаси билан таништирилиши лозим. Бу ҳам турли бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади, деган фикр билдирилди.
Афсуски, «Азимжон қурилиш барака» МЧЖ ёлланма ишчилар билан меҳнат шартномасисиз, оғзаки ишлаб келган. Маош ҳам «конверт»да берилган. Ведомостсиз, имзосиз. Фараз қилинг, эртага бирор ишчи жароҳатланса, худо кўрсатмасин, қурилишда вафот этса, бунинг зарарини ким қоплайди? Жабр кўрган томон нимага асосан даъво қилади? Унинг шу ерда ишлаганини кафолатлайдиган бирор бир ҳужжатнинг ўзи бўлмаса, уни ким ҳимоя қилади? Ёки аксинча, ҳақини олган ёлланма ишчи «ҳеч қаерга имзо қўймаганман, маошимни ололмаяпман», дейишига ҳам асос яратилмайдими?
Сирожиддин Иззатуллаев ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдира туриб, айни вақтда қурилиш соҳасида энг кўп муаммолар айнан меҳнат шартномаси тузмасдан фуқароларни ишлатиш ортидан келиб чиқаётганини айтиб ўтди. Одатда бу ҳолат солиқдан қочиш ёки умуман тўламаслик, ишчиларни камайтириб кўрсатиш, кези келганда, оддий усталарнинг ҳуқуқи поймол бўлишига замин яратиши айни ҳақиқат.
Хулоса ўрнида. Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат шуки, кўплаб фуқароларимиз хорижда ишлаб, майиб-мажруҳ бўлаётгани, ҳақини олдириб, камситилиб келаётгани сир эмас. Юртдан олисда уларни ҳар доим ҳам давлат ҳимоя қила олмайди. Бу ҳам рост. Аммо усталар, оддий ишчилар ўз юртида эзилмаслиги, кимдандир тили қисиқ бўлмаслиги керак. Уларнинг хавфсизлиги, меҳнат ҳақини кафолатлайдиган тизим бўлиши шарт.
P.S.: Дарвоқе, биз ҳолатни ўрганиб келганимизга ҳам бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтди. Хуршид Бобоёров телефон қилди ва ҳали ҳам иш ҳақини тўлиқ ололмаганини маълум қилди...
Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин ҲОТАМОВ.
Мавзуга оид
15:56 / 23.11.2024
Россия компанияси Ўзбекистон фуқароларини қурилиш соҳасида ишга олмоқчи
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
10:40 / 19.11.2024