Ўзбекистон | 09:31 / 28.02.2021
27331
5 дақиқада ўқилади

Грантлар, мактаб дарсликлари, хусусий мактаблар — ўқувчиларнинг таълим сифатини ошириш борасидаги фикрлари

Муваффақиятга эришиш учун ҳаракат, билим ва албатта хоҳиш керак бўлади. Kun.uz мухбири хориждаги нуфузли университетларда таълим олиш учун грантларни қўлга киритган ва муддатидан аввал талаба бўлган ўқувчилар билан суҳбатлашди.

Улар махсус мактаб, лицей ёки гимназияда эмас, оддий умумтаълим мактабида таҳсил олишган. Қувонарлиси, улар 40 минг АҚШ долларидан 95 минг долларгача бир қатор хорижий ўқув юртлари грантлари соҳиби бўлишган.

Мақсуджон Аминов — 18 ёшда. У Наманган вилояти Чуст шаҳридаги 3- мактабнинг 11-синф ўқувчиси. Мақсуджон мактабда аъло баҳоларга ўқийди, шу билан бирга, инглиз тили ва математика фанини пухта ўзлаштирмоқда. У IELTS’нинг етарли баллини тўплагач, бизнес-аналитика йўналишида чет эл ўқув юртларига кириш учун 20та олий таълим муассасасига ҳужжат юборади. Айни кунда 5та университетнинг грантини қўлга киритди ва яна 15тасидан натижаларни кутяпти.

«Инглиз тилини ўрганиш учун, албатта, қўшимча курслар зарур. Лекин аввало ўрганувчининг ўзида кучли истак ва мақсад бўлиши лозим. Бир кунда 4 соат вақтимни инглиз тилини ўрганиш учун сарфлайман. Кўпчилик тил ўрганиш учун 7–8 соат вақт ажратиш керак деб ўйлайди, буни ёқламайман. Менинг шундай шиорим бор: дам олиш пайтида дам ол, ўқиш пайтида ўқи, ишлаш пайтида ишла», – дейди Мақсудбек.

Худди шу тумандаги 74-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Нодирбек Маҳмудов ҳам тенгдоши каби хориждаги нуфузли университетларнинг 20дан ортиғига бизнес маркетинг йўналиши бўйича ҳужжат юборган ва ҳозирги кунда Американинг 4та олийгоҳидан грант ютиб олишга муваффақ бўлди.

«Мактабдаги инглиз тили дарсини «Fly high» дарслигидан ўрганамиз. Бу китоб орқали ўзлаштирган инглиз тили даражамиз билан IELTS’дан 5–5,5 баллни қўлга киритиш мумкин, бу балл билан чет эл университетлари ўқишга қабул қилмайди. Шунинг учун ҳам курсларга бориб, ўз устимизда ишлашни бошладик. Инглиз тилини ўрганишни, аввало, сўзлашувдан бошлашни тавсия қиламан, шунда қолган босқичлар осон кечади, муҳими, вақтни тўғри тақсимлай билиш керак. Қаттиқ ишлаш шарт эмас, фақат мияни ишлатиш керак. Чунки инглиз тили — ҳаётнинг бош мақсади эмас», – дейди Нодирбек.

Аброрбек Мамадалиев эса Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги 82-мактабда таҳсил олмоқда. Бизнес менежмент йўналишида University of Australia университетига муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди. У яна 3та университетдан синов натижаларини кутяпти.

«Мен бир кунда 6–7 соат вақтимни инглиз тилини ўрганишга сарфлайман, ҳозирги олдимиздаги энг катта вазифа фақат ўқиш. Шунинг учун тинмай ҳаракат қилишимиз лозим. Мен келажакда олдимга шундай мақсад қўйганманки, вилоятимизнинг ҳар бир туманида чет тилларини ўргатадиган ўқув марказларини ташкил этаман ва у бу ерда моддий таъминоти яхши бўлмаган оила фарзандлари ҳам билим олишлари учун шароит яратаман», – дейди Аброрбек.

Йигитчалар ёш бўлишса-да, баъзи масалаларда муштарак қарашга эга эканлиги аён бўлди.

18та фанни ўзлаштиришнинг имкони йўқ

Суҳбатдошларимиз юқори синф ўқувчилари ўзи танлаган йўналиши бўйича кўпроқ шуғулланишлари кераклиги ва бунинг учун 10–11 синфда болалар танлаган йўналишида зарурий фанларни чуқурроқ ўзлаштиришга имкон яратиб берилишини исташини айтиб ўтишди. Сабаби, мактабларда 5-синфдан бошлаб фанлар кўпая бошлайди, 11-синфга қадар фанлар сони 18тага етади. Бу ўқувчилар эгалламоқчи бўлган мутахассислик учун асосий фанларни ўзлаштиришда қийинчилик туғдиради.

ОТМга кириш имтиҳонлари мураккаблашди

Ўқувчилар тест синовлари 5та фандан бўлишини мантиқсизлик деб ҳисоблашади. Қолаверса, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида синов орасига тестдан ташқари эссе ёзишни ҳам жорий қилиш зарур деб билишади.

Нодавлат таълим ташкилотлари болаларни табақалаштирадими?

Қаҳрамонларимиз нодавлат таълим ташкилотлари сонини ҳам кўпайтириб, иқтидорли болалар учун грантлар ажратилишини тўғри деб билишади. Улар НТТлар болаларни табақалаштирмаслиги, аксинча, қанча кўп ташкил этилса, рақобат кўпайиб, ўқувчилар учун кўпроқ имконият пайдо бўлишини айтиб ўтишди.

Ўйлаймизки, халқ таълими вазирлиги ёшларнинг бу таклифларини ҳам эътиборсиз қолдирмайди.

Юлдузхон Юлдашева суҳбатлашди

Мавзуга оид