Қуруқ гаплардан амалий ишларга ўтмасак, кейинги 100 йилда ҳам косамиз оқармаслиги аниқ – Комил Алламжонов илм трендга чиқиши зарурлиги ҳақида
“Заковат” интеллектуал клуби кастинги очилиш маросимида Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов сўзга чиқиб, ёшларни илм олиш йўлида чекинмасликка, ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмасдан, чегара қўймасдан яшашга чақирди.
Бугун, 28 феврал куни “Заковат” интеллектуал клубига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан аъзо бўлиш учун онлайн ариза топширганлар учун кастинг ўтказилди. Илк бора Humo Arena саройида катта байрам тадбири сифатида ўтказилган интеллектуал кастингда ҳудудлардан рўйхатдан ўтган минглаб кўнгиллилар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов нутқини Мунавварқори Абдурашидхоновнинг 1923 йили айтилган “Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполиклар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари давом этади”, жумласи билан бошлади.
“Яқинда бир пост ёзгандим, орангизда балки уни ўқиганлар ҳам бордир. Хуллас, унинг мазмун маъноси шундай эди: Бирлашган Араб Амирликлари тадқиқот ўтказиш учун космик аппаратларини Марсга учириб мақтанаётган бир пайтда биз асосан икир-чикир,майда-чуйда масалалар ёки иғво-ғийбатлар билан оворамиз.
Бу пост анча баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Мингдан ортиқ изоҳлар қолдирилди. Улар орасида Мунавварқорининг ҳозиргина айтилган сўзларига кўзим тушиб, ҳайрон бўлдим. Қаранг, орадан 100 йил ўтса ҳам, ҳолатимиз ўша-ўша экан. Тузум ўзгарган, сиёсат ўзгарган, давр ўзгарган, бизнинг дунёқарашимиз эса ҳали ҳам ўша-ўша”, дея қайд этди фонд раиси ўз нутқида.
Комил Алламжонов ихтиролар, янгиликлар ва инқилобий ўзгаришларни фақат телевизордан кўриб, аждодлар билан фахрланиб яшашдан ташқари илмни трендга чиқариш зарурлиги ҳақида гапирди.
“Ҳадеб ўтмишдаги алломалар билан қуруқ фахрланиб юравермай, шеърхонлик ва ғазалхонликдан ташқари табиий фанлар, лабораториялар, олимларнинг тадқиқотлари ва кашфиётларини, умуман илмни трендга чиқариш кераклиги ҳақидаги фикрларим кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади.
Лекин фикрим қатъий! Ҳар биримиз бугун дунёқарашимизни кенгайтирмас эканмиз, ўз-ўзимизга қўйган чегараларни олиб ташламас эканмиз, муаммога дуч келганда дарров ҳафсаламиз пир бўлаверса, фақат кимдандир, нимадир кутиб яшайверсак ва қуруқ гаплардан амалий ишларга ўтмасак, кейинги 100 йилда ҳам косамиз оқармаслиги аниқ”, деди у очилиш маросимидаги нутқида.
Мавзуга оид
19:15 / 23.11.2024
ДХХ раиси Абдусалом Азизов лавозимидан ҳайдалди — манба
11:41 / 11.11.2024
Рамзан Қодиров Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан муносабат билдирди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
16:18 / 28.10.2024