Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
1 мартдан кўчабоши ва уйбошиларга ҳар ойда компенсация тўланади. Вазирлик бунинг тартиби бўйича тушунтириш берди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева коммунал хизматлар бўйича компенсация олиши мумкин бўлган фуқаролар ҳақида маълумот берди.
2021 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловларини тўлаб бориш тартиби жорий этилади. Бу миқдор ҳозирда 122 минг 500 сўмни ташкил этади. Қарорда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш ҳамда уларга коммунал хизматлар учун маълум имтиёзлар бериш назарда тутилган.
«Кўчабоши ва уйбошилар фаолиятисиз маҳалла тизимини бошқариш қийин, чунки маҳалла жамоавий бошқарувни талаб қилади. Бу имтиёз ўз ишида фаоллик кўрсатган кўчабоши ва уйбошиларга нисбатан қўлланади. Уларнинг фаолияти тегишли тартибда еттита мезон асосида баҳоланади. 70дан ошиқ балл тўплаган масъулларга ушбу компенсация тўловлари тўлаб берилади», дейди вазирлик вакили АОКАда ўтказилган брифингда.
Маълум бўлишича, қуйидаги йўналишларга кўра компенсация белгиланади:
- тегишли ҳудудда кўча ва кўп квартирали уйлардаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш;
- ўзи яшаётган ҳудуддаги «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар билан ишлаш;
- ўзгалар парваришига муҳтож кекса ва ногиронларга, боқувчисини йўқотганларга, нотинч ва муаммоли оилаларга ёрдам кўрсатиш;
- аҳолининг иссиқлик ва электр энергияси, табиий газ, иссиқ ва совуқ сувдан тежамли фойдаланишларини тарғиб этиш;
- тегишли ҳудудда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака-маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалаларида фуқаролар йиғини кенгашига берган таклифлари билан ўзига бириктирилган ҳудуд осойишталиги ва ободлиги учун кўмаклашиш;
- аҳоли тинчлигини бузувчи ҳолатларни бартараф этиш мақсадида фуқаролар йиғини ёки мутасадди ташкилотларга хабар бериш натижасида ўз ҳудудида тартиббузарликларнинг олдини олиш;
- фуқаролар йиғини мажлиси қарорлари бўйича амалга оширилган тарғибот тадбирларини амалга ошириш.
Компенсациялар тўланишининг тўғри ташкил этилиши масалаларига туман, шаҳар ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлимлари масъул ҳисобланади. Агар компенсация олаётган шахс ушбу мезонлар асосида иш олиб бормаётганлиги аниқланса, рағбатлантириш муддатидан олдин тўхтатилади.
Қарорда белгиланишича, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол қатнашаётган кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойлик компенсация пул тўловлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.