Иқтисодиёт | 18:24 / 01.03.2021
3763
3 дақиқада ўқилади

ДСҚ: 7 мингдан ортиқ корхонада «сохта» операцияларни амалга ошириш факти тасдиқланди

Давлат солиқ хизматининг «шубҳали» деб топилган корхоналардаги камерал солиқ текширувлари натижасида республика бўйича жами 7441та корхонадан 98,4 фоизида «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланган.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти «шубҳали» деб топилган корхоналарда камерал солиқ текширувлари ташкил этилган. ДСҚ ахборот хизмати маълум қилишича, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, республика бўйича жами 7441та корхонада 822,5 миллиард сўмлик асоссиз ҳисоб (зачёт)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланган.

Натижада:

  • 7321та, яъни 98,4 фоиз корхонада (762,4 миллиард сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланган;
  • шундан, 106та (12,1 миллиард сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачёт)га олиш факти қисман тасдиқланган;
  • 120та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 1,6 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 18,6 миллиард сўмлик ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб (зачёт)га олгани ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилган. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланган.

Шунингдек, камерал солиқ текширувлари жараёнида 156та корхона томонидан ҚҚС суммасини тўғри ҳисобга олиш билан боғлиқ йўл қўйилган бошқа ҳуқуқбузарликлар ҳам аниқланиб, уларга нисбатан 5,8 миллиард сўмлик қўшимча солиқлар белгиланган.

ДСҚ томонидан тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини ноқонуний камайтиришга қаратилган шубҳали битимларни амалга оширган 396та тадбиркорлик субъектларининг рўйхати шакллантирилганди.

«Обналчи фирмалар» билан кураш бошлангани, «обналчилар» можароси юзасидан тадбиркорларнинг норозилиги ҳақида маълумот берилганди.

Давлат солиқ қўмитасининг «Лозим даражадаги эҳтиёткорлик» тизими орқали аниқланган 396та шубҳали корхона билан алоқада бўлган 2960та корхона, дастлабки текширув натижаларига кўра, солиқ хавфи паст бўлгани учун ҳисобрақамларига киритилган инкассо топшириқлари жорий йил биринчи мартига қадар бекор қилинган

ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев Шубҳали корхоналар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлардан бюджетга тўланмаган ҚҚС суммаси ундирилиши – «обналчилар» масаласи юзасидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиб, тадбиркорларга ҚҚС суммасини тўлаш учун 6 ойлик амнистия берилиши маълум қилинганди.

Эксперт Юлий Юсупов Давлат солиқ қўмитасининг «обналчи»ларга қарши олиб бораётган хатти-ҳаракатини соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш деб баҳолаган.

Мавзуга оид