Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекнинг фарзанди чиқиндихонада туғилмаслиги керак! - хоразмлик ночор оила ёрдамга муҳтож
Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги чиқиндихонада эр-хотин вояга етмаган 2 фарзанди билан яшамоқда. Оила чиқиндиларни саралаш билан кун кўряпти. Аёл учинчи фарзандига ҳомиладор. Агар оилага ёрдам берилмаса, чақалоқ чиқиндихонада дунёга келади.
Руслонбек Акмуратов ва Озода Жумамуратова 2010 йилда турмуш қуришган. 2012 йилгача Урганч тумани, Чоткўпир қишлоғи, Орзу маҳалласида истиқомат қилишган. Сўнгра оилавий сабабларга кўра уйини тарк этишган. Ҳозирги вақтда эр-хотин 9 ёшли ўғли ва 4 ёшли қизи билан Урганч шаҳри, 6-даҳа ҳудудидаги чиқиндихонада яшаб келишмоқда. Аёл учинчи фарзандига ҳомиладор ва кўзи ёриш арафасида турибди. Оила мана шу жойдаги чиқиндиларни саралаб, баклашка, шиша идиш, макулатура тўплаб, уларни сотиб кун кўряпти.


Озода Жумамуратова чиқиндихонага келиб қолиш сабаблари, турмушида дуч келган қийинчиликлари ҳақида гапириб берди.
«2010 йилда турмуш қурганмиз. Оиламиз катта эди, 2 хонали уйда 12 одам истиқомат қиларди. Шу сабабли уйга «сиғмай» қолдик. 2012 йилда квартирага чиқишга мажбур бўлдик», - деди Озода.
Аммо оиланинг топган-тутгани квартира пулини тўлашга етмаган. Шу сабабли улар Тошкентга, ишлагани кетишади.
«Квартира пулини тўлаш оғирлик қилганидан сўнг, Тошкент шаҳрига ишлагани бордик. Аммо у ерда ҳам топган пулимиз квартира тўловидан ортмас эди. Қайтиб келишга мажбур бўлдик. Квартира пулини тўлаш оғирлик қилгани учун, Урганч туманидаги канализация насос станцияси (КНС) қоровулхонасида яшай бошладик. Чиқиндихоналардан рўзғор буюмлари, эски гилам, кўрпа-тўшакларни йиғиб келдик. Бир амаллаб шу қоровулхонада яшадик. Жуда ҳам оғир бўлди».

Шундан сўнг оила Россияга ишлагани кетади. Аммо у ерда фирибгарлар қўлига тушиб, одам савдоси қурбонига айланади.
«Рўзғор тебратиш оғирлашгач, фарзандларимизни қайнонамга ташлаб, Россияга ишлагани кетдик. У ерда ўзбекистонлик бир одам паспортларимизни олиб қўйди ва иш ҳақимизни тўлиқ бермасдан, қулдек ишлатди. Ойлигимизни 10 фоизини берди холос. Шундан сўнг, бир иложини қилиб, уйга қайтдик».
Озода Жумамуратова жуда ночор аҳволда бўлгани сабабли, маҳалла қўмитасидан бир неча марта ёрдам сўраган, аммо ҳар сафар рад жавобини олган.
«Маҳалла раисидан бола парваришлаш нафақаси сўраганман. Аммо «оилангизда пропискада кўп одам бор, даромад юқори, бола пули берилмайди» деган рад жавобини олганман. Иккинчи фарзандим туғилганида ҳам ёрдам сўраб борганман, бироқ шунда ҳам беришмади. Ахир менда қандай даромад бўлсин, кунимиз чиқинди саралаш билан ўтмоқда?!».

2018 йилда Урганч тумани ҳокимлиги томонидан оилага уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб берилади.
«2018 йилда Урганч тумани ҳокимлиги томонидан бизга Беговот қишлоғидан 200 кв.м. ер майдони ажратиб беришди. Олдин рози бўлмадим, чунки уй қуришга пулимиз йўқлигини, ҳатто квартирага тўлагани пулимиз йўқлигини айтдим. Менга давлат томонидан пул ажратилишини айтиб, кўндиришди. Афсуски, ҳеч қандай молиявий ёрдам берилмади».
Аммо яхши одамлар халқимиз орасида бор. Улар ночор оилага ёрдам қўлини чўзишди.
«Ғишт заводининг раҳбаридан қарзга ғишт сўрадик. Аҳволимизни тушунтирдик, пул тўплаб, кейин қайтарамиз дедик. У бизни тушунди ва қарзга ғишт берди. Шунингдек, Урганч тумани прокуратурасида ишлайдиган Дилшод исмли ака 8 мингта ғишт олиб берди, карантин даврида эса озиқ-овқат маҳсулотларини етказди. Улардан миннатдормиз».
Оила боши Руслонбек Акмуратов гипертония ва ошқозон касаллигига чалинган, оғир меҳнатга ярамайди.
«Эрим оғир меҳнатга ярамайди. Сал энгашса, қон босими ошиб кетади. Неча марталаб қон босими ошиб, ишдан эрта қайтиб келган. Ошқозонида ҳам касаллик бор. Агар ётиб қолса, фарзандларимни қандай боқаман?!», деб куюнади Озода.

Ҳозирги кунда оила чиқиндихонада баклашка, шиша идиш, макулатура тўплаб, сотиб, кун кўрмоқда. Уларнинг яшаётган жойида ҳеч қандай маиший қулайликлар – газ, сув йўқ.
Беговот қишлоғидаги уйи эса чала битган, томи ёпилмаган. У ерда яшашнинг ҳозирча иложи йўқ. Оила кундалик даромадидан маблағ ажратиб, уйини бир амаллаб тиклаб олишга уринмоқда.
«50 минг сўм топсак, шуни 10 минг сўмига озиқ-овқат оламиз. 40 минг сўмини уйимизни тиклаш учун ажратамиз. Ҳаво исиб кетса, балки қурилишни давом эттирармиз», - деди Озода.

Муҳтарам юртдошлар, саховатли инсонлар. Бу оила тақдирини ҳиссиётларга берилмасдан, совуққонлик билан ёритиш қийин бўлди. Ўзбекистонимиз зинҳор ночор давлат эмас. Ўзбекистон фуқароларини, ҳамюртларимизни чиқиндихонада яшашига, юртимиз фарзандларини чиқиндилар орасида дунёга келишига ҳар қандай ҳолатда йўл қўйиб бўлмайди. Биз уруш пайтлари, қаҳатчилик замонлари ўзга миллат болаларини бошини силаган, қорнини тўйдирган, устини бут қилган халқмиз. Яримта нонимизни улар билан баҳам кўрганмиз. Ўз миллатимиз фарзандларини ҳам ҳеч қачон хор қилмаймиз.
Келинг бир ҳашар қилайлик, савоб ишга қўл урайлик, шу оилага, қоракўз болаларига ёрдам қўлини чўзайлик, мурғак қалблар қувончига сабабчи бўлайлик. Ҳар ким имкони даражасида кўмак берса, тома-тома кўл бўлганидек, зарур маблағ тўпланиб қолишига шубҳа қилмаймиз.
Пул ўтказиш учун Uzcard карта рақами:
8600 1204 9258 5057
Акмуратов Руслонбек
+998973603130
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
20:18 / 08.05.2025
Билл Гейтс 20 йил ичида деярли барча бойлигини хайрияга йўналтиришига ваъда берди
15:18 / 06.03.2025
“Эзгу Амал” жамғармаси янгиланган низомини эълон қилди
15:30 / 03.02.2025
Ўзбекистонда “Она уйи” хайрия лойиҳаси тақдимоти ўтказилди
13:54 / 31.01.2025