Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда 75 млн долларлик лойиҳа – янги сиқув компрессор станцияси ишга тушди
Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Алан табиий газ конида сиқув компрессор станцияси ишга туширилди. Шу орқали бу мажмуадан олинадиган табиий газ ҳажми кунига бир миллион кубометрга ошди. Бу эса тахминан ўнта туман аҳолисининг эҳтиёжига тенг.
Одатда табиий газ конлари кўпроқ чўл ҳудудларида учраши сабабли соҳа иншоотлари ҳам жуда тарқоқ жойлашган. Алан кони ҳам Қарши шаҳридан кейин 150 километр масофада.




Аслида бу кон ўтган асрнинг 70-йилларида очилган. Йиллар давомида фойдаланилгач, газ босими пасайиб, жайдари тилда айтганда «ўлик» конга айланган. Сиқув копмрессор станциясини ишга туширишдан мақсад – ана шу паст босимли конни йирик салоҳиятли конга айлантириш.
Самараси паст конларда бу каби станциялар ишга тушириш олинаётган газ ҳажмини бир неча ўн бараварга оширади.


Лойиҳанинг умумий қиймати – 75,12 млн доллар. Лойиҳа президентнинг бир нечта қарорлари асосида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Natural Gaz-Stream» МЧЖ ҚК ва «ERIELL OILFIELD SERVICES MIDDLE EAST DMCC» компаниялари хамкорлигида амалга оширилди.
Сиқув компрессори очилиши маросимида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев қатнашди.


«Муборак нефт-газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли бу кон 1977 йилда очилган йирик конлардан бири бўлиб, бошланғич захираси 220 млрд кубометр табиий газни ташкил қилган. Кейинчалик босимнинг кескин тушиб бориши сабабли 2015 йилда дастлабки сиқув компрессор станцияси ишга туширилганди.
Кондаги қолдиқ захираси ҳозирда 25 млрд кубометрни ташкил этмоқда. Газни самарали қазиб чиқариш мақсадида ўтган йили 2-станцияни ҳам қуришга қарор қилдик. Чунки эҳтиёждан келиб чиқиб газ ҳажмини кўпайтиришни олдимизга мақсад қилганмиз.
Мазкур объект қисқа муддатда қуриб битказилди. Ускуналар етакчи хорижий компаниялардан келтирилди. Эндиликда мазкур мажмуада кунлик бир миллион кубометр қўшимча газ қазиб чиқарилади.
Таъкидлаш жоизки, бу лойиҳа ҳукумат раҳбарияти томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилган ишларнинг фақат бир қисми бўлиб, бундай лойиҳалар тизимли равишда давом эттирилади. Бундан мақсад – аҳолини табиий газ, суюлтирилган газ ва нефт маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашдир.
Ўтган 2020 йилнинг асосий қисми пандемия даврига тўғри келганига қарамасдан, нефт-газ соҳасида самарали йил бўлди. Йирик қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Муборак нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида ҳам янги мажмуалар ишга туширилди», – деди Меҳриддин Абдуллаев.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раҳбарияти, қурилиш ташкилотлари, соҳа фахрийлари иштирокида сиқув компрессор станцияси фаолиятига тантанали старт берилди.

Шундан сўнг лойиҳани амалга оширишда хизмат қилган ҳамкор ташкилотлар, қурилиш ташкилотлари ҳамда нефт-газ соҳаси вакилларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.



Шу тариқа 6 ой ичида қуриб битказилган, йилига 3,3 млрд. м3 табиий газ олиш имконини берадиган сиқув компрессор станцияси ишга тушди.
Станция газ босимини ошириш билан бир қаторда унинг таркибидаги суюқ компонентларни ажратиб олиш учун газни комплекс тайёрлаш қурилмасига етказиб беришга хизмат қилади.
«Ўзбекнефтгаз» маълумотига кўра, 2021 йил якунига қадар Алан конида 14 та янги қудуқларни бурғулаб ишга тушириш ва натижада қўшимча 164,7 миллион кубометр табиий газ ҳамда 3,6 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш мўлжалланмоқда.



Бундан ташқари, 36 та қудуқда капитал таъмирлаш ва интенсификация ишларини бажариш орқали қўшимча 63,7 миллион кубометр табиий газ ва 1,2 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш режалаштирилган.
Шунингдек, бу ускуна ва қурилмаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш орқали табиий газ қазиб чиқариш хажмларини оширишга эришиш мақсадида 530 х 16 мм диаметрли узунлиги 2,9 км бўлган «БВН-2 – Алан СКС-2» ҳамда газ 2,1 км узунликдаги «БВН-4 – Алан СКС-2» газ қувурини ҳамда Алан станциясининг 2-навбатини ишга тушириш режалаштирилган.
Мутасаддиларга кўра, бу лойиҳалар хонадонларга етиб борадиган табиий ва суюлтирилган газ ҳажми ошишига хизмат қилади.
Журналист Исомиддин Пўлатов
Оператор ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
15:41 / 19.05.2025
Ўзбекистон-Миср нефть-кимё ва энергетика соҳасида лойиҳаларни амалга оширади
17:46 / 17.02.2025
Давлатга қарашли бир қатор йирик компаниялар январда солиқ тўлашни қисқартирди
17:51 / 27.12.2024
Ўзбекистон қандай қилиб йирик газ экспортёридан соф импортёрига айланди?
22:19 / 19.12.2024