Ўзбекистон | 22:09 / 01.03.2021
5540
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида янги масжид қурилади

Самарқанд шаҳридаги Даҳбед йўли кўчасида ҳомийлик ёрдамлари асосида янги масжид қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Kun.uz

1 март куни вилоят қурилиш бошқармасининг шаҳарсозлик кенгашида Самарқанд шаҳрида қурилиши режалаштирилган бир қатор объектлар лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда турли бинолар билан бирга Даҳбед йўли кўчасида қурилиши режалаштирилаётган янги масжид биносининг лойиҳаси ҳам кенгаш аъзоларига тақдим этилган. Тақдимот муҳокамасида Эркинжон Турдимов ҳам иштирок этган ва лойиҳалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.

Қайд этилишича, Меҳрож Зоҳидов томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, янги масжид шарқона бинокорлик анъаналарига ҳамда Самарқанд шаҳридаги тарихий биноларга ҳамоҳанг тарзда қурилади. Масжид олдидаги кўчада тирбандликнинг олдини олиш учун жами 900 та автомашина сиғимига эга икки ва тўрт қаватлик автотураргоҳ ҳам бунёд этилади.

Маълум қилинишича, мазкур янги масжид лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси Мотриддаги 9 та маҳаллада истиқомат қилувчи 130 нафар тадбиркор томонидан билдирилган. Улар ҳомийлик қилган ҳолда масжидни барпо этишади.

4 қаватли автотураргоҳни ўз ичига олган мазкур масжид лойиҳаси бўйича мутахассислар ўз таклифларини билдиришган. Лойиҳа муаллифларига уни қайта ишлаб янада такомиллаштириш топшириғи берилган.

Даҳбед кўчасининг Мотрид қўрғони қисмидан ўтган йўл устидаги эски масжид ўрнида қуриладиган мазкур масжид лойиҳаси ҳақида вилоят ҳокими: «Самарқанддаги тарихий масжидлар қандай кўринишда барпо этилган бўлса, бу масжид ҳам ўшандай барпо этилади. Чунки бу Даҳбедда қурилади», деб фикр билдирган.

Таъкидланишича, шаҳарсозлик кенгашида жами 14 та лойиҳа муҳокамаси бўлиб ўтган ва уларнинг аксарияти қайта ишлаш учун қайтарилган.

Маълумот учун, аввалроқ, Самарқанд шаҳрида янгитдан барпо қилинган Қорасув мавзесида янги жоме масжид қурилиши режалаштирилаётгани, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов унинг лойиҳаси билан танишгани, шунингдек, Ургут туманида Самарқанд вилоятидаги энг йирик масжидлардан бири барпо этилгани хабарлари берилган эди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид