Ўзбекистон | 23:01 / 01.03.2021
12289
3 дақиқада ўқилади

«Сардоба» ҳалокатидан етарлича хулоса қилганмиз» — сув хўжалиги вазири

«Сардоба» ҳалокати ҳаммамизга катта сабоқ бўлди. Биз ундан етарлича хулоса қилганмиз», деди сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев.

1 март куни Қурилиш вазирлигида «Сардоба сув омбори»ни қайта тиклаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Тадбирда сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев техноген офатдан «сабоқ чиқарилгани» ҳақида гапирди.

«Сардоба» ҳалокати ҳаммамизга катта сабоқ бўлди. Биз ундан етарлича хулоса қилганмиз.

Шу фалокатдан кейин тўртта нуфузли ишчи гуруҳ тузилди ва республикадаги гидротехник иншоотларнинг барчаси қайта кўриб чиқилди. Бу ўрганишлар натижаси билан яқин орада Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиқиши кутиляпти», – деди вазир.

Архив фото: Kun.uz

Шавкат Ҳамроев «Сардоба» сув омбори аслида нима учун қурилгани ҳақида тўхталди.

«Бу сув омбори 142,6 минг гектар майдонни эгаллаган. Унда тўпланган жами сув эса 396,4 минг гектар майдонда сув таъминотини яхшилади.

Солиштириш учун, авваллари бу ҳудудларда кўп йиллик сув таъминоти ўртача 69 фоизни ташкил қилган. Сув кам бўлган йилларда эса ҳатто 60 фоизга ҳам етмасди. Лойиҳа натижасида эса сув таъминоти 92-93 фоизга етди.

Биласиз, трансчегаравий дарёлар бўйича халқаро масалалар бор.

Ўзбекистон ўзининг энергетик эҳтиёжларини таъминлаш учун Қирғизистондан қиш фаслида сув чиқаради. Бу жараёнда албатта, бизга меъёридан кўпроқ ҳам сув ўтиб кетади. Бу жуда катта сув дегани.

Агар сув таъминоти оғир ҳудудларда сув омборлари қурилса, мана шу сувларни ушлаб қолиш ҳамда уни ёзда ишлатиш мумкин эди.

Биласизлар, Ўзбекистоннинг сув имкониятлари ўта чекланган. Жумладан, Совет иттифоқи даврида фойдаланишимиз учун 64 млрд метр куб сув белгиланган бўлса, 1991-2000 йилларда 51-52 млрд метр куб олганмиз.

Шунингдек, «Сардоба» қурилишигача бўлган даврда биз сув учун бир нечта Сардобага кетадиган пулларни ишлатдик.

Кейинроқ биз ўйлай бошладик: қандай қилиб катта харажатлар қилмасдан қишда оқадиган сувни сақлаб қолиш мумкин? Кўплаб маслаҳатлашувлар натижасида Ўзбекистонда жами 20та сув омбори қуриш режаланганди. Аммо улардан фақат 3-4тасига қарор чиқарилди.

Режадаги сув омборларининг энг самаралиси деб «Сардоба» сув омбори топилди. Унинг қурилиши бўйича эса 2010 йилга келиб ҳукумат қарори чиқарилди», – дейди Ҳамроев.

Сув хўжалиги вазирига кўра, сув омбори фалокатига 1 йил тўладиган 1 май кунига қадар омбордаги қайта тўпланаётган сув миқдори 350 миллион метр кубга етказилади.

«Биз 2021 йилнинг 1 майигача омбордаги сувни 350 миллион метр кубга етказамиз. Ҳозир Сардобада 230 миллион метр куб сув тўпланди. Бу эса ўтган йилгига яқин сув дегани», – деди Шавкат Ҳамроев.

Мавзуга оид