Жамият | 19:56 / 02.03.2021
10400
2 дақиқада ўқилади

Ижарада ёки қариндошиникида яшаётган талабалар бўйича ўрганиш тизимига университет ўқитувчилари жалб қилинмайди - Мусаев

Ўзбекистонда янги очилаётган хусусий олий таълим муассасалари, шунингдек, хорижий университетларнинг филиалларига ўқув биносидан ташқари у ерга бошқа ҳудудлардан келиб ўқийдиган талабалар учун ётоқхона ҳам қуриш талаблари қўйилади. Бу ҳақда бош вазири ўринбосари Беҳзод Мусаев 2 март куни Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган давра суҳбатида маълум қилди.

Тадбирда бош вазир ўринбосари ижарада ва яқин қариндошиникида яшаётган талабалар бўйича ўрганиш тизимига университет ўқитувчилари жалб қилинмаслигини таъкидлаган.

«Бу муаммо барча университет ректорларини қийнаб келаётган масала эди. Улар ҳам талабаларга ёрдам бериб, жиҳозлар олиб берсак дейди, лекин университет маблағларини талабанинг ўқишдан ташқаридаги эҳтиёжларига ишлатиш мумкин эмас. Бу борада ҳам ўрганамиз…

Талабаларнинг яшаш шароитини ўрганишга олдин маънавият-маърифат бўлимлари масъул бўлган. Улар бутун таълим муассасасини қамраб ололмайди. Биз талабаларнинг яшаш шароитларини ўрганиш ва уларни жойлаштириш бўйича бўлимлар тузиб, уларнинг таъминоти ва кадрлар масаласи билан ҳам шуғулланамиз.

Бу ишлар тизимли равишда давом этади ва тўхтатиб қўйилмайди, лекин бунинг учун бир қанча вақт ва ресурслар талаб қилинади. Биз аввало қийин шароитда яшаётган талабаларни ётоқхонага ёки бошқа жойга кўчириш, уларга шароит яратиш билан шуғулланамиз», дея Беҳзод Мусаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Эслатиб ўтамиз, 27 феврал куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги квартирада беш нафар талабанинг жасади топилган эди. Дастлабки хулосаларга кўра, улар номаълум моддадан заҳарлангани тахмин қилинмоқда.
  • Шунингдек, Тошкент давлат юридик университетининг 3-босқич талабаси ҳам ишлаб, ҳам яшаётган қурилиш объекти ҳудудидаги лифт шахтасига йиқилиб вафот этган.
  • 1 март куни бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида талабалар яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш, бу борадаги ишларни такомиллаштириш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиш ўтказилиб, бир қатор вазирликлар томонидан қўшма қарор қабул қилинган. Қўшма қарорда ҳар бир ҳудудда ишчи гуруҳ тузилиб, ижарада ва яқин қариндошиникида яшаётган талабалар бўйича ўрганиш тизимини жорий қилиш кўзда тутилади.
Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид