Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат харидларининг ярми йирик 24та стратегик корхона ҳиссасига тўғри келади — Молия вазирлиги
Эндиликда стратегик корхоналар харидлари ҳам жамоатчилик учун очиқ бўлиши кутилмоқда.
Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Kun.uz мухбирига берган интервьюсида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда назарда тутилган энг муҳим ўзгаришлардан бир нечтасини айтиб ўтди. Хусусан, ҳужжат билан 20дан ортиқ стратегик корхоналар харидлари назоратга олинади ва маълумотлар очиқланиши таъминланади.
Стратегик корхоналар харидлари назоратга олинади
«Қонун билан Ўзбекистоннинг энг йирик 24та стратегик корхоналари қамраб олинади. Масалан, тоғ-кон саноатида, металлургия, авиация, транспорт, нефт-газ кабилар. Буларнинг ҳаммаси жуда катта стратегик корхоналар бўлгани учун олдинги қонунда уларга енгиллик берилган. Яъни ўзларининг харидларини осон ва тезда-тезда амалга оширишган. Эндиликда мана шундай корхоналар ҳам қонун билан жамлаб олиняпти. Чунки стратегик корхоналар харидларининг кўлами бошқа барча бюджет корхоналар харидлари кўлами билан тенг», – деди вазир ўринбосари.
Маълум қилинишича, давлат харидларининг 50 фоизга яқинини стратегик корхоналар харидлари ташкил этади. 2019 йилда 50 триллион сўм стратегик корхоналар, 50 триллион сўм эса бошқа давлат корхоналари давлат харидларини амалга оширган. 2021 йилда ҳам шундай миқдор сақланиб қолади.
Жамоатчилик назорати кучайтирилади
Вазир ўринбосарига кўра, иккинчи катта ўзгариш харид қилиш жараёнида енгилликлар беришдан иборат.
«Очиқлик, шаффофлик, коррупция омилини камайтириш бўйича кўп ишлар қилинди. Хусусан, жамоат назоратини шакллантириш учун бутун маълумотлар портали очиқ қилинди. Ҳамма назоратдан кўра ҳам энг кучлиси – жамоатчилик назорати.
Шунинг учун бизнинг бундан кейинги йўналишимиз жамоатчилик назоратини кучайтириш, янада кўпроқ маълумотларни очиш ва барча харид тартиб-тамойилларини 100 фоиз электрон қилиш бўлади.
Электрон бўлганидан кейин барча тадбиркорлар, қатнашчилар учун маълумотлар очиқ бўлади. Бу ҳам коррупцион омилларнинг олдини олишга, энг мақбул нархларда товар ва хизматларни сотиб олишга хизмат қилади», – деди вазирлик расмийси.
Қонунга афилланганлик тўғрисида норма киритилмоқда
Қонунга коррупцияга қарши курашиш мақсадида афилланганлик тўғрисида ва бенифициар мулкдорларни очиқлаш ҳақидаги нормалар киритиляпти.
Бунда нафақат бюджет буюртмачисининг афилланган шахси ёки қариндоши харид жараёнига қўшилиши, балки у ҳақдаги маълумотлар очиқланиши ҳам кўзда тутиляпти.
Тадбиркорлар ўзи тузган 3-4 та фирма аукцион ёки тендерда қатнашиши ва ўша фирмалардан бирининг ғолиб бўлиши, бу ҳақиқий рақобатни билдирмайди. Шунинг учун мазкур жараёнда афилланган шахслар битта лотда қатнашиши тақиқланмоқда.
Бюджет ташкилотларига харидларда енгиллик берилади
Бюджет, корпоратив ташкилотлар учун енгилликлардан бири БҲМнинг 6 минг бараваригача бўлган ёки корпоратив ташкилотларда 25 минг бараваригача бўлган харидларда кўпроқ эркинлик берилади. Яъни қайси харид қилиш таомилларини танлашдан қатъи назар рақобатли усулда бўлади.
Амалдаги харидларнинг тартиб-таомилларида, бюджет ташкилотларида базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 минг баравари, яъни ҳозирги кунда 1 миллиард 300 миллион сўм даражасига тўғри келади. Илгари қатъий бир лимитлар бўларди.
«Буюртмачилардан эшитаётган шикоятларимиздан бири, бу кичик харидларни ҳам ойлаб тендер қилиш ёки маълум бир жараёндан ўтказиш бўйичадир. Бунга ҳам енгиллик яратиш мақсадида БҲМнинг 50 бараваригача бўлган миқдордаги маблағларни харидлар учун тўғридан тўғри беришга рухсат берилади. Чунки ҳар бир ташкилотда меҳмон келиши ёки концелярия товарлари харид қилиш каби ҳолатлар доим бўлади. Бунда 50 бараваргача 10 миллион сўмдан ортиқроқ бўлса, уни ҳам ҳар йилда 500 бараваргача лимити бор. Шундан беш марта олишга рухсат бериляпти», – деди молия вазири ўринбосари Одилжон Исоқов.
Давлат харидлари бўйича масъул органлар белгиланади
Янги қонунда давлат харидлари бўйича 4 та масъул давлат органлари белгиланган. Булар – Молия вазирлиги (регулятор сифатида), Ҳисоб палатаси, Прокуратура ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.
Молия вазири ўринбосари яқинда «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга ўзгартириш киритилиб, давлат харидларидаги қонунчилик ва тартибларни бузган масъул шахсларга, раҳбарларга маъмурий жазолар кўзда тутилганини таъкидлади.
«Бундан ташқари, қонунда Ҳисоб палатасига давлат харидларини аудитдан ўтказиб, аудит натижалари бўйича йилда бир марта Олий Мажлисга ахборот киритиши белгиланмоқда», – деди Одилжон Исоқов.
Қонун Сенат томонидан маъқулланиб, президент имзолагач, 3 ойдан кейин кучга киради.
Маълумот учун, амалдаги «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун 2018 йил 9 апрелда қабул қилинган.
Аввалроқ депутат Дониёр Ғаниев мазкур қонуннинг янги таҳрири Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқилаётганини маълум қилган эди. Палата вакили ўз сўзида янги ишлаб чиқилган ҳужжатда давлат харид қоидаларини бузган шахсларга жавобгарлик чоралари қўлланилиши, тендерлар онлайн ва шаффоф тарзда ўтказилиши белгиланаётганини айтган.
Шунингдек, янгиланаётган қонун сенаторлар томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганди.
Молия вазирлиги эълон қилган ҳисоботда 2020 йил давомида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган жами харидлар нархи 124 триллион 89 миллиард 400 миллион сўмни ташкил этгани келтирилган.
Мавзуга оид
18:40 / 25.04.2023
Ўйинлар ичидаги “Президент совғаси” — вазирликнинг 13,5 млрд сўмга қиммат шубҳали хариди
11:13 / 18.04.2023
2022 йилда давлат харидларида 8 698 та рақобатга зид қонунбузилишлар аниқланган – Рақобат қўмитаси
18:45 / 27.03.2023
Февраль ойида давлат харидларини амалга оширишда 25 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган
20:14 / 14.02.2023